Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:17

Ҳасансиз қолган Зуҳранинг умидли дунëси


Зуҳра Убайдулалева¸ ўзбек жамиятининг ногиронларни қабул қилишга ҳали-ҳозир тайëр эмаслигидан гапиради.
Зуҳра Убайдулалева¸ ўзбек жамиятининг ногиронларни қабул қилишга ҳали-ҳозир тайëр эмаслигидан гапиради.

Бугунги қаҳрамонимиз ногирон бўлишига қарамасдан бошқалар билан бир сафда бўлишга тиришаëтган Зуҳра Раҳматуллаева. “Биз ҳам жамиятнинг бир бўлагимиз. Бизнинг ҳам жамиятда ўз ўрнимиз бор”¸ дейди Зуҳра опа.

Бугун 50 ëшни қаршилаëтган Зуҳра Раҳматуллаева Ўзбекистон ногирон ишбилармон аëллар уюшмаси раҳбари.

Ҳаëт зарбалари ерга урган сайин кўкка сакраган Зуҳра, туғилганида соппа-соғ эди.

- Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Маълумотим олий. Касбим архитектор. Оилада саккизта фарзандмиз. Отам бизларни ҳалол боққанлар. Улуғ ватан урушида қатнашганлар.

Отам ҳар доим бизнинг илмли бўлишимизни хоҳлаб¸ ўзларига қанча қийин бўлмасин “Болам ўқигин. Ўқиган олим¸ ўқимаган ўзига золим” деб айтганлар.

Шунинг учун мана шу ишларимни ўзим туғилиб ўсган Яккасарой тумани¸ Ўрикзор маҳалласида бошладим. Отамнинг¸ акамнинг руҳлари менга ҳар доим мадад бериб келди¸ дейди Зуҳра опа Раҳматуллаева.

Бахтиëрликнинг 28 йили

Зуҳра опа онадан эгиз туғилган эди. Эгиз Ҳасанжон фожеали ҳалок бўлганини Зуҳра опа кўтара олмади. Тиббиëт ҳакимлари буни симбиоз оқибати, деб аташади. Зуҳра опа 28 ëшига кирганида, полиартрит касалига чалиниб, юролмасдан қолди.

- 28 ëшимда тақдир тақозоси билан полиартрит касалига чалиндим. Бу касаллик депрессия билан боғлиқ. Бизлар эгизак туғилганмиз. Ҳасан-Зуҳрамиз.

Ҳасан 28 ëшда фожеали вафот этди. Ўшандан кейин мен қаттиқ стрессга тушиб¸ оëқларим шишиб кетди ва юра олмай қолдим¸ дейди Зуҳра опа Раҳматуллаева.

Бирга туғилдикку сен билан...

Оламдан ўтган эгизингиз Ҳасанжон ҳақида ҳикоя қилсангиз¸ деб илтимос қиламиз Зуҳра опадан.

Зуҳра Раҳматуллаева: Ҳасан билан бирга туғилдик. Бирга мактабда ўқидик. Битта майизни бўлишиб едик. У боксчи эди. Менинг ҳеч қачон дугонам бўлмаган. Ҳар куни сирлашардик.

Мен келин бўлиб тушганимда овқат қилишни ҳам билмас эдим. У уйимга бориб овқат қилишни ўргатарди. Келин бўлиб тушганимдан кейин ишга борганимда¸ синглимнинг қорни оч қолмасин деб¸ ширин овқатлар қилиб борарди.

Чарчаб келсам¸ жонимга оро кирарди. Жуда меҳрибон¸ дилкаш йигит эди.

Озодлик: Қанақа қилиб оламдан ўтди эгизингиз?

Зуҳра Раҳматуллаева: У фожеали ҳалок бўлди. Бу оиламиз учун жуда катта фожеа бўлди. У жуда ҳам бақувват¸ чиройли¸ боксчи¸ бир гапириб ўн куладиган¸ ҳаëтга тўймаган йигит эди.

Озодлик: Мана¸ эгизим Ҳасанжон тириклигида турмушга чиқувдим¸ дедингиз. Кейинчи¸ кейин турмушингиз бузилдими?

- Ҳасан ўлгандан кейин менинг оëқларим оғриди¸ қўлларим шишиб кетди. Қайнонам кун бермади.

“Войдод¸ менга касал келин керак эмас” деб тўполон қилаверди. Кейин мен ўзим бош олиб чиқиб кетдим¸ дейди Зуҳра Раҳматуллаева.

Оғир касалга чалинган Зуҳрахон умидсизлик саҳросида саккиз йил саргардон кезди. Оғриқ ва азоблар¸ хўрлик ва ҳақорат қудуғининг тубигача тушди.

- Ҳасан ўлгандан кейин мен тарки дунë қилдим. Касал бўлдим. Саккиз йил уйдан чиқмадим. “Инсоннинг умри шу экан нима қиламан яшаб? Мен ҳам ўламанку” деб ҳамма нарсадан воз кечган эдим.

Ҳозирги кунда мени фақатгина ишим овутиб туради. Ишим мени ҳаëтга қайтарди¸ дейди Зуҳра Раҳматуллаева.

Қўл ишда¸ юрак эса ибодатда бўлсагина¸ фароғат топажагини англаган Зуҳрахон атрофига ногиронларни тўплаб уюшма тузди.

- 1998 йилда Ўзбекистон ногиронлар жамияти қошида “Азизим” деган тикув ишлаб чиқариш корхонаси очдим. Бу тикув цехини БМТнинг гранти асосида қилдим.

Мен шу ишни қилиб 24 аëлни иш билан таъминлаганимда¸ катта муаммонинг гувоҳи бўлдим. Чунки ногиронлар олдинги союз давридан бери боқимандалик кайфиятидан чиқиб кетмаган. Уларга фақат ҳомийлар бўлса¸ пул берсаю¸ ишламаса. Улар ўз-ўзидан ишларни ташлаб кетди.

Мен ўшанда бу катта муаммо эканлигини¸ бунақа иш бўлмаслигини билиб¸ 2000 йилда Тошкент шаҳар Ногирон аëллар ва болалар маънавият ва маърифат маркази деган нодавлат ташкилот ташкил қилдим.

Биз шу нодавлат ташкилотимизга ногирон¸ имконияти чекланган қизларни¸ болаларни олиб келиб¸ зардўзлик¸ ëғоч ўймакорлиги¸ каштачиликларга ўргатдик.

Халқаро IREX ташкилотининг сателит марказини очдик. У ерда 926 нафар боланинг компьютер саводхонлигини оширдик. Улардан 59 нафари “Менинг юлдузли онларим” тематикасида ўзларининг веб саҳифасини яратишди.

Бундан ташқари¸ Жаҳон банкининг гранти асосида Бўка тумани¸ Сўқоқ қишлоғида қишлоқ ногирон аëлларини халқ ҳунармандчилиги билан ўқитиб¸ жамиятга фаоллаштириб беришга сабабчи бўлдик¸ дейди Зуҳра Раҳматуллаева.

Оғриқлардан уйқуларим йўқ¸ ëстиғимнинг ости жиққа ҳўл...

Зуҳрахон иш билан овунди.

Аммо¸ “Анави хола ногирон экан” дея айтилган гаплар¸ имо-ишоралар қалбига ништардек ботар эди. Зуҳрахоннинг кўнгли йиғлайди¸ аммо юзида ним табассум.

- Биласизми¸ мен 28 йил отамнинг даврида яшаган бўлсам¸ мана олийгоҳда ўқидим¸ ҳеч ким киймаганини кийдим¸ ҳеч ким емаганини едим. Мен отамнинг энг эрка қизи эдим.

Бизлар хоҳлаймизми ëки йўқми – ҳали бизларнинг менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда бизнинг жамиятимиз бизни қабул қилмаган.
Оддий айтганда¸ қариндош-уруғларимизми¸ оиламиздан жигарларимизми уйларида тўй-ҳашам¸ маърака қилса¸ бизларни чақиришмайди.

Чиройли ибора билан “Сен ўзингни қийнамай қўя қолгин” дейишади. Ваҳоланки¸ биз ўша тўйларга чопиб кетаëтганимиз йўқ. Лекин кўнгил учун таклиф қилиш мумкинку!?

Бегоналарни қўяверинг. Ўзингизнинг қариндош-уруғингиз¸ жигарингиз¸ маҳаллангиз¸ қўни-қўшнингиз шунақа қилгандан кейин¸ жамият қандай қилиб қабул қилади¸ дейди Зуҳра Раҳматуллаева.

Бунча жафо, бунча жазо, бўлса ҳамки жон фидо

Бугун Зуҳра Раҳматуллаева БМТ Тараққиëт дастури ҳамкорларидан бири.

Республика миқëсидаги катта бир тадбиркорлар уюшмасининг раиси. Эрталаб машина олиб кетиб¸ кечқурун машина ташлаб кетади.

Аммо¸ шу бутун сарватимни бир кун соғ бўлиш учун алмашар эдим¸ дейди суҳбатдош армон билан.

Зуҳра опа ўз иши билан ўзбекистонлик ногиронларни боқимандачилик зеҳниятидан озод қилишга уринаëтганини айтади.
- Мен Тошкент шаҳар ҳокимияти¸ давлатимиз учун жуда эрка одамманда. Менга биринчи қаватдан уйлар қилиб беришган. Машина олиб юради. Бошқарув мосламали (пултли) аравалар беришган. Мен ўзимни “шаҳарнинг эрка аëли” десам¸ муболаға бўлмас.

Мен кичкинагина ҳужрада яшасам ҳам майли¸ ҳожатхона тозаласам ҳам майли¸ энг ëмон ишларни қилсам ҳам майли – фақат таним соғ бўлса эди. Мен шунақа армон билан яшайман¸ дейди Зуҳра Раҳматуллаева.

Рубобим тори иккидур¸ бири қувноқ¸ бири маҳзун

Зуҳра Раҳматуллаева умрининг ярми соғликда ўтган бўлса¸ ярми ногиронликда ўтмоқда.

Онадан иккита туғилган Зуҳра эгизидан айрилди.

Зуҳранинг бошини иккита қилиб қўйишди¸ аммо йўл сўнггида айрилиқ бор эди.

Бу изтироблардан зада бўлган кўнгил дардлари шеърий мисраларга айланади.

Зуҳра Раҳматуллаева: Мен шеърлар ҳам ëзаман.

Озодлик: Шеърларингиздан ўқиб берасизми?

Зуҳра Раҳматуллаева: Майли.

Ташлаб кетди муҳаббат мени¸
Ташлаб кетди ëру дўстларим¸
Ëлғизликдан қўрқув ва алам¸
Секин-аста сиқиб боради.
Ботнинг дарди мени¸
Ўз қаърига тортиб боради.
Оғриқлардан уйқуларим йўқ¸
Ëстиғимнинг ости жиқ-жиқ ҳўл¸
Тун оғуши секин-аста мен¸
Оллоҳимга сажда қиламан.

Бугунги қаҳрамонимиз Зуҳра опа Раҳматуллаевага “Суҳбатимиз сўнггида сизни тинглаëтганларга айтадиган яна бир гапингиз борми?”¸ деб сўраганимизда¸ “Шу гапларимни шеър қилиб айтсам бўладими?”¸ деди.

Умидли дунë

Боғимга тошлар отманг¸
Гулларимга тегади.
Ортимдан тошлар отманг¸
Юрагимга тегади.

Лаҳжа-лаҳжа чўғ бўлган¸
Юрагимнинг дарди бор¸
Бу ëруғ дунëда¸
Менинг ҳам армоним бор.

Ортимдан тошлар отиб¸
Кафан бичган ғанимлар¸
У йиқилди дея¸ деб¸
Аҳëн солган ғанимлар.

Ҳа¸ мен йиқилдим¸
Йиқилсамда ўлмадим¸
Эгилдим¸
Эгилсамда синмадим.

Бу умидли дунëда¸
Умидларим ҳали кўп¸
Келажакка интилдим¸
Оллоҳдан қолганим йўқ...
XS
SM
MD
LG