Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Теҳронда бесаранжомлик ҳукм сурмоқда


Теҳрон полицияси расмийлари намойишчиларга қарши кескин чоралар қўлланилишидан огоҳлантирмоқдалар.
Теҳрон полицияси расмийлари намойишчиларга қарши кескин чоралар қўлланилишидан огоҳлантирмоқдалар.

Эрон ҳукумати намойишларга таъқиқ жорий этишига қарамай, 12 июн кунги президентлик сайловида мағлуб бўлгани айтилаётган ислоҳотчи номзод Мусавий тарафдорлари бугун Теҳрон марказига йиғилди.

Гувоҳларнинг Фардо радиосига айтишича, намойишчилар бугун ҳам пойтахт маркази, жумладан, Теҳрон университети атрофига тўпланган.

Басиж қуролли гуруҳи ва хавфсизлик кучларининг мингга яқин ходими эса намойишчиларнинг тўпланишига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Гувоҳларнинг билдиришича, полиция намойишчиларни тарқатиш мақсадида кўздан ёш оқизувчи газ ва сув мосламаларидан фойдаланган.

Эрон ахборот агентликлари эса Теҳрон марказида Ислом инқилоби раҳнамоси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний мақбараси олдида портлаш рўй бергани, оқибатда бир киши нобуд бўлгани тўғрисида хабар тарқатди.

Теҳронлик гувоҳнинг айтишича, пойтахга элтувчи йўлларда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

- Бугун шанба ва хавфсизлик кучлари Теҳронга элтувчи барча йўлларни назорат қилмоқдалар. Ҳозир мен Теҳрондан чамаси 20 км узоқликда катта йўлда кетаяпман ва бу ердаги назорат пунктида полициянинг 10 та машинаси, кўп сонли ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари ходимларини кўрдим, деди теҳронлик гувоҳ.

Айни пайтда хавфсизлик чораларининг Рашт ва Исфаҳон шаҳарларида ҳам кучайтирилгани айтилмоқда.

Бундан бир оз аввал мухолифатчиларнинг матбуот вакиллари ахборот агентликларига Теҳронда намойиш ўтказиш учун ҳукумат томонидан рухсат берилмагани боис бугунги норозилик намойишлари бекор қилинганини билдирган эди. Бироқ мухолифат етакчилари ҳозирча бу борада расман баёнот эълон қилмади.

Эрон хавфсизлик кенгаши эса президентлик сайловида мағлуб этилган Мир Ҳусайн Мусавийни ноқонуний намойишлар ўтказилгудек бўлса, бунинг жавобгарлиги унинг бўйнига тушиши хусусида огоҳлантирди.

Теҳрон полиция бошқармаси расмийси Аҳмад Ризо Радан ҳам полиция намойишчиларга қарши қатъий чоралар қўллашини билдирди:

- Шуни таъкидламоқчиманки, сўнгги ҳафта мобайнида ўтказилган барча намойишлар қонунга зид бўлган, бугундан бошлаб ҳам ҳар қандай намойиш қонунга зид бўлади ҳамда полиция бунга қарши кескин чоралар қўллайди, деди полиция расмийси.

19 июн куни бир неча минг кишилик жамоа олдида нутқ қилган Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи норозилик намойишларига сабаб бўлган президентлик сайловида ғолиб кимлиги аллақачон аниқ бўлганини таъкидлади.

Айни пайтда эронлик ислоҳотчи руҳоний Муҳаммад Али Аёзий намойишларнинг зўравонликларга айланиб кетиши олдини олиш мақсадида ҳукумат тинч намойишлар ўтказилишига рухсат бериши лозим, деган фикрни айтади:

- Агар расмийлар тинчлик ва осойишталикдан сўнг намойишларнинг тинч ўтказилиши ва норозиликларнинг зўравонликка айланиб кетишини истамаса, бунинг энг мақбул йўли тинч намойишлар ўтказишга рухсат беришдир, деди Муҳаммад Али Аёзий.

Айни пайтда Эрон телевидениеси тарқатган маълумотга кўра, мамлакатдаги Посбонлар кенгаши 12 июн кунги сайловда берилган овозларнинг 10 фоизини қайта санаб чиқишга тайёр эканини билдирган.

Бошқа бир хабарда айтилишича, сайлов натижаларининг бекор қилинишини талаб қилаётган ислоҳотчи икки номзод Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳдий Каррубий Посбонлар кенгашининг бугунги йиғинида иштирок этмаган. Посбонлар кенгаши йиғинида ушбу номзодларнинг сайловдаги қонунбузарликлар юзасидан кенгашга топширган шикоят аризалари муҳокама этилиши кутилаётган эди.

12 июн кунги президентлик сайловининг расмий натижаларига мувофиқ, амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод сайловчиларнинг 63 фоиз овозини қўлга киритган. 34 фоиз сайловчилар эса ислоҳотчи номзод Мусавий учун овоз берганлар.

Сайлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб, мухолифатчилар Теҳрон ва бошқа шаҳарларда сайлов натижаларига қарши норозилик намойишлари ўтказа бошладилар.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Амнести Интернейшнл ташкилотига кўра, Теҳрондаги намойишларда 10 га яқин фуқаро нобуд бўлган.

Жума куни нутқ сўзлаган Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи мамлакатда юзага келган сиëсий кескинлик учун ташқи кучларни ҳам кескин қоралади.

Шу куннинг ўзида АҚШ президенти Барак Обама жаҳон Эрондаги воқеаларни кузатиб бораётганини таъкидлаб, мамлакат раҳбариятининг норозиликлар борасида қилган баёнотидан ташвиш билдирди.

Айни пайтда АҚШ Конгресси расмий Теҳроннинг намойишчиларга қарши куч ишлатишини кескин қоралаган бўлса, ЕИ етакчилари Эрон ҳукуматини зўравонликлардан ўзини тийиб туришга ундади.
XS
SM
MD
LG