Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2020, Тошкент вақти: 03:41

Ўзбекистон хабарлари

Тожикистонга узатилаётган газ ҳажми ошди

Ўзбекистон томони Тожикистонга табиий газ узатишни уч ярим баробарга кўпайтирди.

“Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раиси ўринбосари Шавкат Шоимовнинг маълум қилишича, бунга икки республика тегишли ташкилотлари раҳбарларининг ўзаро мулоқотларидан кейин эришилган.

“Ўзтрансгаз” ширкати фойдаланилган ёнилғи учун Тожикистон томонининг 18 миллион қарзи сабабли жорий йил 17 июнида газ узатишни соатига 12 мингдан 6 минг куб метргача камайтирган эди.

Айни пайтда¸Ўзбекистон Тожикистонга соатига 20 минг куб метр миқдорида газ узатмоқда.

“Тожиктрансгаз” ширкати раҳбарларининг айтишларича, республиканинг ёнилғига бўлган эҳтиёжларини тўла қоплаш учун ҳар куни соатига 100 минг куб метр газ лозим.

Кун янгиликлари

Мирзиёев Россия Федерацияси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) ва Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак (ч), Тошкент, 2020 йил 2 декабри

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни амалий ташриф билан Тошкентга келган Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги учрашувларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув чоғида халқаро сиёсатнинг айрим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ортиқча ҳужжат талаб қилган ўнга яқин ОТМ масъули интизомий жазога тортилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда абитуриентлардан асоссиз равишда ортиқча ҳужжат талаб қилган 10 нафарга яқин ОТМ раҳбар ходими жазоланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, адлия органлари Самарқанд вилоятидаги ОТМларда фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олинганлиги, белгиланган талабларга зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинганлиги ва бошқа бюрократик ғовлар мавжудлигини аниқлаган.

Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар университети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Шунга асосан Адлия вазирлиги олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритган.

Бунинг ортидан 10 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига турли интизомий жазо чоралари кўрилган.

Вазирлик ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан адлия органлари тизимли ишларни амалга оширишда давом этишини билдирган.

Навоийда кўрсаткичи паст бўлган 26 та мактабнинг директори ишдан олинди

Навоий вилоятида таълим сифати паст бўлган 26 нафар мактабнинг директори, 2 нафар халқ таълими бўлими мудири, 3 нафар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг 1 декабрь куни бўлиб ўтган галдаги сессиясида билдирилган.

Айни пайтда Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида ўтказилган йиғилишларда олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичи юқори бўлган 106 та мактабнинг директори 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланган.

Сессияда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов шу кунда “Битирувчи–2021” маълумотлар базаси шакллантирилгани ҳамда битирувчи синф ўқувчилари қизиқиши, билими, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ОТМлар ҳамда касбий курсларга йўналтирилаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Озодлик Қашқадарё вилоятида бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган 20 та мактабнинг директори ишдан олингани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳукумат ҳокимларга ҳафтасига камида бир марта ишга автомобилсиз келишни тавсия қилди

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирокида Тошкентда ўтказилган велопойга

Жорий йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига “Шахсий намуна” тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиб-кетиш тавсия этилди.

Мазкур тавсия “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида акс этган.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 апрелига қадар маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлардаги пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади. Мазкур йўлакларда автомобил қўйишни тақиқловчи белгилар ва йўлакларнинг бошланиш қисмига махсус тўсиқлар ўрнатилади.

2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” сифатида эълон қилинган.

Ҳукуматнинг мазкур қарори Ўзбекистон президенти томонидан шу йил октябрь ойи охирида имзоланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосланган.

Ўзбек расмийларининг мамлакатда соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини бир томондан ижобий баҳолаган Озодлик суҳбатдошлари бошқа томондан бу ишнинг қиш-қировли кунларда бошлангани ҳамда “хўжакўрсин” тадбирларга йўл очаётганига норозилик билдирмоқдалар.

Фарғонадаги футбол беллашувида чиққан оммавий муштлашувда иштирок этган 6 киши ушланди

Фарғонада 1 декабрь куни футбол беллашуви оммавий муштлашувга айланиб кетгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва дастлабки тергов бошланди. Бу ҳақда 2 декабрь куни Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида 6 нафар шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинди.

Бундан ташқари 5 киши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида маъмурий тартибда ушланган ҳамда уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

“Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади”,-дейилади расмий хабарда.

Озодлик 1 декабрда Ўзбекистоннинг суперлигасига йўлланма олиш учун Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида 1 декабрь куни ўтказилган ўйин оммавий муштлашувга уланиб кетгани тўғрисида хабар берган эди.

ИИВ: Ёшларни Сурияга жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

"Сурияга ёшларни жўнатган шахс" ДХХ ва ИИВ қўшма амалиёти пайтида қўлга олинди.

Ўзбекистонлик ёшларни Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террор ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахс ДХХ ва ИИВ қўшма амалиёти пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 2 декабрь куни маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О. Х., 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида “халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб” қолган.

Қўлга олинган шахс Мисрга диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида “ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган”.

Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқлангани таъкидланади. Бироқ у қачон, қаерда, қандай шароитда ва кимларни Сурияга жўнатгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистонда ОИВга чалинганлар сони 43,5 мингдан ошди

1 декабрь Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43 581 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Республика ОИСТга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошев маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, 2020 йилнинг шу давригача ОИВга чалинган 1483 киши аниқланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда анча оз. Маълумотларга қараганда 2019 йилнинг 10 ойида 3337 кишида ОИВ аниқланган эди.

“Мамлакатимизда 78 та ОИВ диагностика лабораториялари фаолият олиб бормоқда, улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63 та туманлараро лабораториялардир. Ушбу лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЦР, иммунологик, клиник, биокимёвий ва бактериологик текширувлар ўтказилади. Давлатимиз томонидан лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда”,-деди Қаҳрамон Йўлдошев.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда БМТ бош Ассамблеясининг 1988 йилидаги қарорига асосан, 1 декабрь Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади.

БМТ исоботида билдирилишича, ўтган йили 1,7 миллион киши ОИВ-ОИТСга чалинган, 690 минг одам бу касалликдан вафот этган.

Жаҳонда айни пайтда ОИВ-ОИТСга чалинган 38 миллион одам яшайди. Улардан 12 миллиони даволаниш имкониятига эга эмас.

Тўртта вилоятда қўғирчоқ ва мусиқали драма театрлари ташкил этилади

Санъат ва маданият институтида “Қўғирчоқ ясаш технологияси” таълим йўналиши очилади.

Наманган, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрсатма берилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, Наманган ва Сирдарё вилоятларида қўғирчоқ театрлари, Навоий ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти ташкил этилади.

Қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “дўстлар клублари” фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, қарорга асосан, 2021/2022 ўқув йилидан санъат ва маданият институтида “Қўғирчоқ ясаш технологияси” таълим йўналиши очилади. Қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қўғирчоқ театри рассоми” ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш чоралари кўрилади.

Судлар ички ишлар ходимлари билан тил бириктириб, катта миқдордаги пулни ўғирлашди

Судьялар 5 мингта сохта қарор чиқарган. Фотосурат "Газета уз"дан олинди.

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг бир неча судьяси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан келишган ҳолда 8 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштиришган. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очилди.

“Газета уз” нашрининг ёзишича, бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш бўйича агентлик директорининг ўринбосари Умида Тўхташева маълум қилди.

Тил бириктирган судья ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўл қоидалари бузилиши юзасидан тузилган маъмурий баёномаларни суд канцеляриясида рўйхатдан ўткизмаган, маъмурий ишларни тарафлар иштирокида кўриб чиқмаган ва баённомаларни йўқ қилиб ташлаган.

Умида Тўхташеванинг айтишича, бунинг оқибатида судлар томонидан 5 мингта сохта қарор чиқарилган ва мазкур қарорлар асосида 8 миллиард сўм ўғирланган.

Бу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 –(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209 – (мансаб сохтакорлиги) моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.

Фарғонадаги футбол беллашуви муштлашувга уланиб кетди

Ўзбекистоннинг суперлигасига йўлланма олиш учун Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида 1 декабрь куни ўтказилган ўйин оммавий муштлашувга уланиб кетди.

Маълумотларга кўра, беллашув “Турон” фойдасига 1:0 ҳисоби билан тугаган. Шундан сўнг ютқазган команда ўйинчилари ҳакамга эътироз билдира бошлаганлар, пировардида бу тортишув тартибсизликка айланиб кетган, муштлашаётган футболчиларга ўйинни томоша қилиб ўтирган ишқибозлар ҳам қўшилиб кетган.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўйин пайтида юз берган кўнгилсиз ҳодиса юзасидан шарҳ бергани йўқ. ПФЛ сайтида Про лига 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” ҳамда “Турон” жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етгани, Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида кечган учрашувда яйпанликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳақидагина хабар берилган, холос.

Айни пайтда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат тартиб посбонлари томонидан назоратга олинганлиги ҳақида маълумот тарқатди.

“Ҳозирда барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмокда”, дейилади ИИБ расмий баёнотида.

Фарғоналик ҳуқуқ-тартиботчилар воқеага алоқадор ҳар бир иштирокчининг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини билдирганлар.

Хотинига памперс едирган самарқандлик эркак 6 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди рафиқасига мажбурлаб памперс едирган Ш.К.ни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. “Дарё” нашри хабарига кўра, ҳукм судья Зарифа Аҳмедова томонидан 1 декабрь куни чиқарилган.

Қайд этилишича, 35 ёшли судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 105-моддаси 2-қисми “г” банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилган.

Судланувчи сўнгги сўзида бундай ишларни бошқа такрорламаслиги, уч ой ичида барча қилмишларини тушуниб етганлигини билдирган. У қўйилаётган айбловнинг “ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” қисмини тан олмаслигини айтган, бироқ рафиқасини калтаклаганини эътироф этган. Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса судга ишонишини ва унинг чиқарган қароридан розилигини қайд этган.

Ўтган ҳафта бўлиб ўтган судда прокурор Ш.К. га 8,5 йил қамоқ жазоси сўрагани ҳақида хабар қилган эдик.

Самарқандлик 25 ёшли М. Ваҳобованинг эри томонидан аёвсиз калтакланганига оид видео шу йил ёзида ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Маҳаллий блогер ва журналистлар билан суҳбатда аёл эри уни анча йиллардан бери таҳқирлаб келгани ҳамда унга мажбурлаб 3 кунлик “памперс” едирганини айтиб берганди.

Ш.К.нинг зўравонлиги акс этган видео интернетда тарқаб кетганидан кейин у уйидан қочиб кетган, бироқ шу йил 23 августида Тошкентда қўлга олиниб, Самарқандга олиб кетилганди. Мазкур иш бўйича суд 12 ноябрь куни бошланган эди.

Энергетика вазирлиги рад қилган маълумотни Монополияга қарши курашиш қўмитаси тасдиқлади

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчиларга етказиб бериладиган газ босимининг пасайиши оқибатида “Қувасойцемент” АЖ ва “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан цемент ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Шу боис иккала ишлаб чиқарувчининг цемент маҳсулоти ўтган ҳафтада фонд биржа рўйхатига олинмаган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) ўз Телеграм-канали орқали билдирди.

Қўмита вакилларига кўра, биржага цемент кам миқдорда чиққани сабабли унинг нархи ошиб кетган.

Айтайлик, ҳафта бошида 1 кг цемент 512 сўм бўлган бўлса, ҳафта охирида у 539,1 сўмгача (ёки 5 фоизга) кўтарилган”, дейилган МҚКҚ хабарномасида.

Ўтган ҳафта Энергетика вазирлиги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият тўхтаганига оид маълумотни рад этган ва бу ҳақда хабар тарқатаётган манбаларни ёлғон маълумот тарқатишдан огоҳлантирганди.

Қайд этиш жоизки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз хабарномасида “Қувасойцемент” ва “Оҳангаронцемент” ўз фаолиятини газ таъминотидаги муаммолар боис тўхтатганини, Энергетика вазирлиги эса мазкур корхоналарга электр энергияси аввалгидек етказиб берилаётганию улар фаолияти тўхтамагани ҳақида сўз юритган.

Энергия манбалари ўртасидаги фарқдан қатъи назар бу ўринда эътиборли жиҳат корхоналар фаолиятининг тўхтатилган-тўхтатилмагани ҳамда бунинг Ўзбекистонда цемент нархи ошишига кўрсатган таъсири бўлиб ҳисобланади.

Тошкент аэропортида йўловчилар ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга бўлди

Тошкент халқаро аэропорти.

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда босқичма-босқич йўловчиларнинг мустақил равишда ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш – Self Check-In замонавий тизими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълум қилди.

Ширкат маълумотига кўра, мазкур тизим ҳаво транспорти коммуникациялари ва ахборот технологиялари соҳасида дунёда етакчи - SITA компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунларда И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 4 та шундай киоск ўрнатилган.

Ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш – Self Check-In хизмати орқали йўловчиларнинг рўйхатдан тез ва осон ўтишлари таъминланади. Самолётнинг исталган ўриндиғидан жойни банд этиш ва бир вақтнинг ўзида жойлашиш ҳақидаги талонни ҳам олиш мумкин. Саёҳатга отланганлар юкларини киоскдан мустақил рўйхатдан ўтказиб, парвоздан аввал уларни тегишли хизматларга топшириш имкониятлари мавжуд”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропортига мунтазам парвозларни амалга ошираётган барча авиакомпанияларга Self Check-In киоскларига уланиш, хизматдан самарали фойдаланиш таклифини киритган. Аммо пандемия чекловлари туфайли ҳозир бу киоск хизматларидан фақатгина Turkish Airlines авиаширкати йўловчиларигина фойдаланмоқда.

Хабарномада Uzbekistan Airports ва Тошкент халқаро аэропорти ҳозирда SITA компанияси билан йўловчиларнинг юкларини ҳам автоматик рўйхатдан ўтказиш – Self BagDrop тизимини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бораётгани қўшимча қилинган. Режага кўра, бу амалиёт тизимли равишда Ўзбекистондаги 11 та халқаро аэропортнинг ҳаммасига татбиқ этилади.

АҚШ ва Ўзбекистон бош дипломатлари телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов (ў) ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео (ч), Тошкент, 2020 йил 3 феврали

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида 30 ноябрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида М. Помпео АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашда собит эканлигини тасдиқлаган.

Шу йил 16-20 ноябрь кунлари А. Комилов бошчилигидаги ўзбек делегацияси Вашингтонга сафар қилгани ва қатор расмийлар билан учрашгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Хусусан, 20 ноябрь куни делегация Ўзбекистон – АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этган.

Давлат котиби кечаги мулоқотда сиёсий маслаҳатлашувлар шакли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик даражаси ва суръатини акс эттирувчи Стратегик шериклик мулоқотига ўзгарганлигининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки дипломат диний эркинликларни кенгайтириш, одам савдосига қарши кураш ҳамда фуқаролик жамияти ва журналистлар фаолияти учун майдонни кенгайтириш дохил инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ривожини муҳокама қилганлар. Шунингдек, улар Ўзбекистон юритаётган хусусийлаштириш ҳамда бозор ривожланиши учун қулай сиёсат қабатида америкалик экспортёрлар ва инвесторлар учун имкониятларни муҳокама қилганлар.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати А. Комилов ва М. Помпео мулоқоти чоғида минтақавий ҳамкорлик, “C5+1” форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилганига эътибор қаратган.

Мазкур мулоқот президент Ш. Мирзиёев администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистондаги қатор мустақил нашрларга “огоҳлантириш хати” йўлланганидан бир неча кун ўтиб амалга ошди. Мустақил нашрлар АОКАнинг бу қадамини ўзларига нисбатан босим ўлароқ баҳолаганлар.

АОКАнинг бу ҳаракати Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган қатор дипломатлар томонидан қораланган, хусусан, АҚШ элчиси Даниэл Розенблюм бунинг расмий Тошкент олиб бораётган ислоҳотлар руҳига зид эканини таъкидлаганди.

Энергетика вазири портлаб кетаётганига қарамай "барибир "Технопарк" ҳисоблагичларини ўрнатамиз", деб айтди

Андижонда ўрнатилганидан 2 соатча ўтиб-ўтмай портлаган газ ҳисоблагичи Osten брендидаги қурилмадир.

Энергетика вазири Алишер Султонов портлаб кетаётганига қарамай, “Технопарк” компаниясининг электрон газ ҳисоблагичларини аҳоли хонадонларига ўрнатиш давом эттирилишини билдирди.

Вазир Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида “Технопарк” газ ҳисоблагичларининг портлаши “ёмон ниятдаги одамлар томонидан махсус” уюштирилаётганини иддао қилди:

“Бу атайлаб амалга оширилган. Биз текширув ўтказдик ва буни аниқладик. Ушбу “оғайнилар” биз билан қанчалик курашмасин, барибир ҳисоблагичларни ўрнатамиз ва одамларни истеъмол қилган нарсаси учун пул тўлашга мажбур қиламиз. Тартиб ўрнатамиз ва ўғирликларга барҳам берамиз”, — деб айтган вазир.

Алишер Султоновга кўра, электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича очиқ ўтказилган тендерда “Технопарк” ғолиб бўлган.

Озодлик радиоси жорий йилда “Суриштирув: $555 млнлик газ ҳисоблагич лойиҳаси Tошкент ҳокими Ортиқхўжаевга алоқадор компанияларга берилди”, “Андижонда портлаш: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бренди билан 3,5 миллион хонадонга мажбуран ўрнатилаëтган газ ҳисоблагич хавфсизлиги савол остида”, “Ҳужжатлар Ортиқхўжаев билан тузилган $583 млнлик шартнома қонунийлигини савол остига қўймоқда” каби қатор мақолаларни эълон қилган эди.

Мазкур мақолалардан бирида бу ташкилот томонидан ўрнатилаётган газ ҳисоблагичлари портлаб кетаётгани ҳақида гап боради.

Озодлик суриштирувида келтирилган факт ва маълумотларга ҳозирга қадар на бу жараëн тепасида турган Вазирлар Маҳкамаси¸ на давлат буюртмачиси ролидаги “Ҳудудтаъминотгаз”¸ на Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбар бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва на унинг бу лойиҳага алоқадор хусусий бизнес структуралари бирор шаклда муносабат билдирган эмас.

Пахта ҳосили ўтган йилга нисбатан 9 фоизга кўп бўлди

Ўзбекистондаги пахта даласи.

Жорий йилда Ўзбекистонда 1 миллион 34 минг гектар ерга пахта экилиб, ҳосил 3 миллион 82 минг тоннани ташкил қилди. Бу 2019 йилга нисбатан 109 фоизга кўпдир.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг билдиришича, энг кўп пахта ҳосили Фарғона вилоятида (107,7 фоиз) етиштирилган.

Қашқадарёда (95,8 %), Сирдарёда (93,5 %), Бухоро (89,1 %), Сурхондарё (82,3 %) вилоятларидан бошқа барча вилоятларда режа юз фоиздан кўпроққа бажарилган.

Вазирликнинг билдиришича, пахта етиштирувчи 136 та тумандан пахта йиғим-теримини тизимли ташкил этган 104 таси, 97 та пахта-тўқимачилик кластеридан 78 таси, 11 та пахта кооперациясидан 8 таси ҳамда 29 мингта фермер хўжаликларидан 23 мингтаси шартномани бажарди.

Республикада ҳар гектар пахта майдонида ўртача ҳосилдорлик 29,8 центнерни ташкил қилди.

“Жорий йилда фаолият юритган 97 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 927 минг гектар майдондан 2 млн 794 тонна ва 11 та кооперациялар томонидан 106,6 гектар майдондан 288 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Мирзиёев телефон орқали Путин билан мулоқот қилди

Президент матбуот хизматининг билдиришича, “суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилги МДҲ саммитига Ўзбекистон раислик қилади.

“Ўзбекистон ва Россия Президентлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар”,-дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, “суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди”.

Андижонда қизининг ўлими учун товон талаб қилган аёл ўзига ўт қўйди

Бош прокуратура бу воқеа юзасидан тезкор хабар тарқатди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 30 ноябрь куни соат 13:20 ларда Андижон вилоят прокуратураси олдида қизининг ўлими учун айбланувчидан “Спарк” автомашинасини товон сифатида ундириб беришни талаб қилган аёл ўзига ўт қўйди.

“Шу вақтда воқеалар ривожини кузатиб турган Андижон вилоят ИИБ пост-патруль хизмати ходимлари томонидан С.Б.,нинг эгнида ёнаётган кийимлари ечиб олиниб, унинг куйиб оғир тан жароҳати олиши олди олинган. Айни вақтда С.Б.,нинг юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари жами танасининг 15 фоиз қисми куйиш ташхиси билан шифохонага жойлаштирилди. Мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади расмий баёнотда.

Бош прокуратуранинг билдиришича, жорий йилнинг 24 июль куни соат 23:00 ларда Марҳамат тумани, “Тош йўли” МФЙ, “Садоқат” кўчасида яшовчи 1999 йилда туғилган Н.М. , севган йигитини кутиб турган вояга етмаган Т.М.,ни уяли телефонига расмга олиб, ушбу фотосуратларни унинг ота-онаси ва профилактика инспекторига кўрсатишини айтган.

Бу маълумот бошқаларга ошкор бўлишидан қўрққан қиз ўзини осиб, жонига қасд қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, марҳуманинг онаси С.Б., олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, 30 ноябрь куни соат 12-15 ларда Андижон вилоят прокуратурасига келган ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф. Раҳмонов томонидан қабул қилинган.

С.Б.,қизининг ўлими учун товон сифатида айбланувчи Н.М.,дан “Спарк” автомашинасини ундириб беришни талаб қилган. Аммо “Спарк” автомашинасини ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги тўғрисида маълумот олгач, ўзига ўзи ўт қўйишини айтиб, прокуратурадан чиқиб кетган.

“Шу куни соат 13-20 ларда С.Б., вилоят прокуратураси автомашиналар тураргохида бақириб, бошқа шахсларни ўзига жалб қилиб, турмуш ўртоғи Х.Т.дан 1 литрли пластмасса идишда бўлган “Бензин” ёқилғиси ва гугуртни олиб, ўзининг елка қисмларига қуйган ва турмуш ўртоғи Х.Т. томонидан ўзини ёқиши ва вилоят прокуратураси биноси ичига югуриб кириб кетиши ҳақида кўрсатма олганидан сўнг ўзига ўт қўйиб ёқиб юборган”,-дейилади баёнотда.

Коронавирусга чалинганлар 73 мингдан ошди. Вазирлик ўлганлар ҳақида маълумот беришни тўхтатди

30 ноябрь куни янги касалланган 67 кишининг барчаси Тошкент шаҳрида аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 73 041 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Маълумотга қараганда, 30 ноябрь куни янги касалланган 67 кишининг барчаси Тошкент шаҳрида аниқланган.

Айни пайтда вазирлик 28 ноябрдан бери коронавирусдан ўлганлар тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда. 28 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлганлар сони 608 кии бўлганини қайд этган эди.

Аммо жамоатчилик Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга ишончсизлик билдириб, ўлганлар сони расмий кўрсаткичдан кўра кўпроқ деб ҳисоблаб келмоқда.

Коронавирусдан ўлимлар сони бўйича мустақил статистикани олиб бораётган “Дарё” нашрининг ёзишича, 1 декабрь ҳолатига кўра, коронавирусдан камида 627 киши ўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юққанлардан 70 303 нафари тузилиб, соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилганини билдирди. Ҳозирда касалхоналарда 2130 нафар бемор даволанмоқда.

Мирзиёев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобуслар нархини пасайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори, шу боис маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автобус ва микроавтобуслар нархини тушириш муҳим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган мажлисда таъкидлаган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда туманлардан вилоят марказларига қатновчи автобуслар эскиргани, айримлари хизмат муддатидан ортиқ фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилган. Қайд этилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Андижонда 15 тага ҳам етмайди.

Мажлисда Ўзбекистон бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан бор-йўғи 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланаётгани, бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам пастлиги, 1 минг 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмагани урғуланган.

Президент қишлоқдан туман марказигача ҳамда у ердан вилоят марказигача бўлган транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлигига эътибор қаратган.

Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш керак. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.

Йиғилишда аҳоли талабидан келиб чиқиб, янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструкция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш зарурлиги таъкидланган. Бу борадаги чора-тадбирлар ижроси жойларга чиққан ҳолда ўрганиб борилиши, халқ депутатлари кенгашларида ҳар уч ойда транспорт тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар қўйилиши белгиланган. Соҳага оид қонунларнинг бугунги кун талабига жавоб бермайдиганларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Тошкент вилоятининг COVID-19 дан вафот этган бош имоми ўрнига янги бош имом-хатиб тайинланди

Тошкент вилоятининг аввалги бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жасур Раупов Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур масала 30 ноябрь куни бўлиб ўтган Тошкент вилояти имом-хатиблари йиғилишида кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Жасур Раупов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Андижон давлат университетини тамомлаган. 1999 йилдан шу кунгача Тошкент шаҳридаги бир неча масжидда имом-хатиб вазифасида ишлаган. У 2010 йилдан бери Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритиб келган.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов оламдан ўтган ҳақида Озодлик сентябрь ойи ўрталарида хабар қилганди. Имомнинг вафотига коронавирус инфекцияси юқтириб олган сабаб бўлгани айтилган эди.

UzAutoMotors хориждан 150 миллион еврогача қарз олмоқчи

UzAuto Motors АЖ Credit Suisse AG компаниянинг Лондон бўлими билан 150 миллион еврогача бўлган суммада халқаро синдикатлашган кредит тўғрисида келишув имзолаган.

Ширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, келишув доирасида олинган маблағлар UzAuto Motors’нинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга, заводни модернизациялаш ва техник жиҳозлашга ҳамда айланма маблағларни оширишга йўналтирилади.

“Бу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш UzAuto Motors’га GEM плафтормасида General Motors’нинг янги моделларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради”, дейилган хабарномада.

Айни пайтда ўзбекистонлик автомобилсозлар хориждан олинаётган қарзлар мамлакатда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархида қандай акс этиши ҳақида маълумот берган эмаслар.

АҚШ доллари ва евронинг расмий курси ошишда давом этмоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 1 декабридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 12 сўм 52 тийинга ошиб, 10 минг 427 сўм 38 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 23 сўм 93 тийинга кўтарилиб, 10 минг 414 сўм 86 тийин бўлган эди). Бу АҚШ доллари расмий курсининг Ўзбекистонда кетма-кетига олтинчи ҳафта ошишидир.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 128 сўм 50 тийинга юқорилаб, 12 минг 473 сўм 23 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 50 сўм 18 тийинга ошиб, 12 минг 344 сўм 73 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси АОКА босими ислоҳотлар руҳига зид эканини билдирди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблюм Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали ёйинлаган постида Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “мустақил оммавий ахборот воситаларига ўтказилаётган босим” юзасидан муносабат билдирди.

“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мустақил нашрларга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилган яқиндаги хатти-ҳаракатлардан ҳафсалам пир бўлди. Ўзбекистон улкан ислоҳотлар бўйича муваффақиятга эришиши учун матбуот эркин ва очиқ бўлиши талаб этилади. АОКА томонидан бўлаётган босим бунга зиддир”, деб ёзган элчи Розенблюм.

Ўтган ҳафта мамлакат жамоатчилиги Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан очиқ зиддиятига гувоҳ бўлганди. Аввалига Кун.уз, сўнгра Газета, Дарë ва Подробно.уз нашрлари АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев номидан ўзларига “огоҳлантириш хати” келганини очиқлашиб, бу борада ўз норозиликларини билдиришганди.

Бунга жавобан АОКА мазкур хатларнинг юборилишига "айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда тасдиқланмаган ахборотларни чоп этиш” кузатилаётгани, “ёлғон маълумотларни тарқатиш фактлари мавжуд”лиги сабаб бўлганини қайд этган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги етакчи нашрларнинг долзарб муаммоларни ëритгани учун президент администрациясидан таҳдид хати олгани юзасидан Буюк Британия ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчилари ҳам хавотир изҳор қилишган.

Янгийўлда газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида икки киши ўлди ва яна икки киши жароҳатланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Истиқлол кўчаси, «Қирариқ» МФЙ да жойлашган 80-сонли уйда 30 ноябрь куни соат 7:42 да газ портлаган.

Портлашга газ-ҳаво аралашмаси чақнаши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш оқибатида ёнғин юз берган ва уйнинг бир қисми қулаб тушган.

“Бирламчи маълумотларга кўра, чақнаш натижасида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган. Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 йилда туғилган И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р.Э ва 2009 йилда туғилган И.С., олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган”,-дейилади хабарда.

Касалхонада 1984 йилда туғилган И.С., ва 2006 йилда туғилган И.Р., вафот этган. 1987 йилда туғилган И.Н., ва 2009 йилда туғилган И.С., турли даражада тан жароҳатлари олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG