Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:16

Худкуш вазирнинг укаси қамалди


Бундан 10 йил аввал қотиллик содир этган ва узоқ йиллар Тожикистон давлат идораларида ишлаб келган Тоғайназар Солиҳов акаси Маҳмадназар Солиҳов вазирлик мансабидан бўшатилганидан кейингина жиноий жавобгарликка тортилди.
Бундан 10 йил аввал қотиллик содир этган ва узоқ йиллар Тожикистон давлат идораларида ишлаб келган Тоғайназар Солиҳов акаси Маҳмадназар Солиҳов вазирлик мансабидан бўшатилганидан кейингина жиноий жавобгарликка тортилди.

Тожикистон ички ишлар вазирлигининг бундан бир неча кун аввал ўзини отиб ўлдирган собиқ вазири Маҳмадназар Солиҳовнинг укаси Тоғайназар Солиҳов 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Душанбе шаҳар судяси, мазкур иш бўйича маҳкама жараёнига раислик қилган Алпомиш Акбаровнинг маълум қилишича, 56 ёшли Тоғайназар Солиҳов 1999 йилда Исмоил Сомоний туман ички ишлар бўлим ходими бўлиб ишловчи ўз қайниси Далер Фозиловни ўлдирганлик ва ноқонуний қурол сақлаганликда айбланган.

- Суд жараёнида ўз гуноҳларига қисман иқрор бўлган Тоғайназар Солиҳов республика Жиноят кодексининг 195-моддасининг 2-банди ва 104-моддаси 2-банди билан айбдор деб топилиб, мол-мулкини мусодара қилиш билан 15 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди, деди судя Акбаров.

Бундан 10 йил аввал қотиллик содир этган ва узоқ йиллар Тожикистон давлат идораларида ишлаб келган Тоғайназар Солиҳов шу йилнинг 17 апрелида Душанбе шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Душанбе шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Сайфиддин Сирожзода Озодлик билан суҳбатда мазкур жиноят бўйича 1999 йил жиноий иш қўзғатилганини, аммо воқеага гувоҳ шахслар ва далиллар етарли бўлмагани сабабли ҳам иш шу кунга қадар чўзилганини билдирди.

Аммо мустақил таҳлилчилар Тоғайназар Солиҳовни қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортиш имконияти фақат унинг акаси - собиқ вазир Маҳмадназар Солиҳов вазифасидан бўшатилганидан сўнг пайдо бўлганини таъкидламоқдалар.

ЕХҲТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси ҳуқуқий масалалар бўйича ходими Пайёми Фуруғий бу гапларда жон борлигини таъкидларкан, ўз иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тожик жамиятида кўпгина жиноятлар мансаб ёки ошна-оғайнигарчилик туфайли очилмай қолаётгани кузатилаётганини айтади.

- ЕХҲТга аъзо давлатлар орасидан, хусусан, Марказий Осиёдаги давлатларида бундай ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин. Жумладан, тожикистонлик оддий фуқаролар номидан идорамизга келиб тушаётган шикоятлардан хулоса қилган ҳолда шуни айтиш мумкинки, қилмаган жинояти учун жавобгарликка тортилиш ҳолатлар тожик жамиятида оз бўлса ҳам учраб туради.

Кўп ҳолларда асосланмаган далиллар асосида жавобгарликка тортилганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун адвокатларга ҳамда маҳбуснинг аҳволидан хабар олиш учун яқинларига у билан учрашишга рухсат берилмайди.

Бу тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқларининг поймол этилишидир. Менимча, ҳукумат бу борада жиддийроқ ўйлаб кўриши лозим, дейди ЕХҲТ вакили.

Тоғайназар Солиҳовнинг акаси Тожикистон ички ишлар собиқ вазири Маҳмадназар Солиҳов шу йил 17 июн куни республика миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан қўлга олинишга уриниш чоғида ўзини отиб ўлдирган эди.

Бу ва унинг ортидан собиқ вазирнинг укаси Тоғайназарнинг ўз қилмишларига кечикиб бўлса ҳам жазо олганига доир хабар тожик жамиятида катта шов-шувларга ва баҳсларга сабаб бўлди.

Рудакий туманида яшовчи Ҳабибахон Тоғайназар Солиҳов одам ўлдиришдек оғир жиноят содир этиб ҳам 10 йил давомида давлат турли идораларида раҳбарлик лавозимида ишлашига акаси эгаллаб турган мансаб сабаб бўлган, дея мулоҳаза билдиради.

- Бундай воқеалар ҳаётимизда кўплаб учрайди. Давлат мансабдорлари ўз вазифаси ва эгаллаган креслосидан фойдаланиб, кўп жиноятларга қўл уради. Аммо уларнинг мансабидан чўчиган прокурор ҳам, милиция ходимлари ҳам бу жиноятларга панжа ортидан қарайди.

Уларнинг ўрнига бир бечора камбағал қилмаган жинояти учун қамалиб кетади. Масалан, турмуш ўртоғимнинг бошига шундай иш тушган эди. Бошқа киши ўғирлик қилиб, у озодликда қолиб, унинг ўрнига 5 йил қамалиб кетди. Менимча, судлар адолатли бўлиши ва қонун ҳамма учун баравар бўлиши керак, дейди Ҳабиба.

Узоқ йиллик қамоқ жазоси олган собиқ вазирнинг укаси Тоғайназар Солиҳов ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари томонидан қўлга олингунга қадар Душанбе шаҳар божхона бошқармасида раҳбарлик лавозимида ишлаган.
XS
SM
MD
LG