Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Посбонлар ҳукми кутилмоқда


Хавфсизлик кучлари зўравонлигига қарамай¸ Мусавий тарафдорлари¸ кам сонда бўлса-да¸ норозилик чиқишларини давом эттирмоқдалар.
Хавфсизлик кучлари зўравонлигига қарамай¸ Мусавий тарафдорлари¸ кам сонда бўлса-да¸ норозилик чиқишларини давом эттирмоқдалар.

Эронда конституциявий суд мақомида бўлган Посбонлар кенгаши душанба куни 12 июн кунги президентлик сайловида берилган айрим овозларни қайта санашга киришди.

Давлат матбуотининг хабар қилишича¸ Эронда 1979 йилги Ислом инқилобидан бери мисли кўрилмаган сиëсий бўҳронга сабаб бўлган президентлик сайлови куни айрим баҳсли участкаларда берилган овозларгина қайта санала бошланган.

Кенгашнинг бундай қарорига ислоҳотчилар номзоди Мир Ҳусайн Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари Теҳрон кўчаларига чиқиб¸ сайлов натижаларига норозилик билдиргани сабаб бўлди.

Мусавий ва унинг тарафдорлари¸ жорий президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғолиб деб топилган сайлов натижаларининг сохтакорлик ва ëлғон асосида уюштирилганини таъкидламоқда.

Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч қўллагани оқибатида 20 га яқин намойишчи нобуд бўлган¸ юзлаб мухолифат фаоллари қамоққа олинган бўлса-да¸ якшанба куни яна Мусавийнинг минглаб тарафдорлари Теҳрон шимолида намойиш ўтказдилар ва “Яшасин Мусавий!”¸ “Яшасин Каррубий!” дея ҳайқирдилар.


Эрондан йўлланган айрим видеохабарларда Мусавийнинг ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилгани ҳам акс этган¸ аммо ҳаваскорлар юборган видеолавҳа сифати ëмонлиги боис¸ президентликка номзоднинг нима деганини англаш қийин.

Айрим норасмий манбалар¸ Мусавийнинг ҳибсга олингани ëхуд уй қамоғида сақланаëтганини хабар қилмоқда. Аммо Эрондан маълумот олишнинг кун сайин қийинлашаëтгани боис¸ бу хабарни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони бўлмаëтир.

Посбонлар кенгаши душанба куни айрим сайлов участкаларида берилган овозларни қайта санашни бошлаган бўлса-да¸ бу жараëннинг сайлов расмий натижасига ўзгартиш киритмаслиги кутилмоқда.

Шу боис¸ кенгашга шикоят билан мурожаат қилган Мусавий ҳам¸ яна бир ислоҳотчи номзод Меҳди Каррубий ҳам овозларни қайта санаш жараëнига ўз вакилларини юбормаган.

Овозлар қайта саналиш арафасида Эрондаги қудратли шахслардан бири¸ собиқ президент ва ҳозирда Раҳбарлар кенгаши раиси Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний шу пайтгача сақлаб келгани сукутни бузиб¸ Посбонлар кенгашини адолатли ва ҳалол қарор чиқаришга чақирди.

Кенгашнинг¸ овозларни қайта санаш жараëнига оид ўз қарорини 24 соат ичида эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG