Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:47

Сайловларга тайёргарлик бошланди


Маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга кўра, ҳозирча ўзбек мухолифати вакилларида Ўзбекистон парламентининг на қуйи, на юқори палатасига депутат бўлиб сайланиш имконияти (шанси) йўқ.
Маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга кўра, ҳозирча ўзбек мухолифати вакилларида Ўзбекистон парламентининг на қуйи, на юқори палатасига депутат бўлиб сайланиш имконияти (шанси) йўқ.

Декабрга белгиланган Ўзбекистон парламент сайловлари олдидан халқаро экспертлар иштирокидаги тадбирлар бошлаб юборилди. 1-2 июл кунлари Тошкентда ана шундай анжуманлардан бири ўтказилади.

“Сайловлар ва замонавий парламентаризмни ривожлантириш масалалари: Ўзбекистон тажрибаси” деб номланган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон Фуқаровий жамияти институти ҳамда ЕХҲТ ва Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ташаббуси билан ўтказилмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон вакиллари мамлакатнинг сайлов қонунчилиги жаҳон андозаларига мос келишини уқтиришга уринади.

Амалда эса халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда ўтказилган президентлик ва парламент сайловларининг ҳаммасини “нодемократик” деб баҳолаб келадилар.

2007 йил президентлик сайловида, кузатувчилар фикрича, Ислом Каримов конституция талабига зид равишда учинчи муддатга президентликка сайланди, парламент сайловларига эса мухолифат номзодлари яқинлаштирилмайди.

Бу ҳолат Ўзбекистонда аввал Олий Кенгаш деб аталувчи парламент 1994 йилда Олий Мажлисга айлантирилганидан буён кузатилмоқда. Аввалги парламент таркибида, ҳар ҳолда, Бирлик ва Эрк каби мухолифат партиялари вакиллари бор эди.

Сиёсий таҳлилчилар фикрича, мустақилликнинг дастлабки йилларида Олий Кенгаш таркибида бўлган Бирлик ва Эрк партиялари вакиллари президент Каримовнинг сиёсий режаларига “халақит” бергани учун ҳам бирликчи ва эркчининг кейинчалик халқ ноиби ваколатига эга бўлишига йўл қўйилмади.

1994 йили уч босқичда (1994 йил 25 декабрда, 1995 йил 8 ва 22 январда) бўлиб ўтган сайлов кўп партиявийлик асосида ўтказилгани даъво қилинса-да, кузатувчиларга кўра, унда фақат амалдаги расмийларга хайрихоҳ партиялар вакиллари ўтказилган.

Биринчи чақириқ (1995-1999 йиллар) Олий Мажлисга Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси, “Ватан тараққиёти” партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари парламентга сайлангандилар, депутатларнинг қолган қисмини ҳокимият вакиллик органларидан кўрсатилган шахслар ташкил этганди.

Иккинчи чақириқ (2000-2004 йиллар) Олий Мажлисга сайловдан кейин ўзбек парламенти мустақил ҳокимият бутоғи сифатида янада заифлашди - қонун чиқарувчи ҳокимият бўлмиш парламентнинг ижроия ҳокимиятидан қарамлиги ошди. Чунки бу сайловда ҳокимият вакиллик органларидан сайланган депутатлар блоки кучайиб, депутатларнинг қирқ фоиздан ортиқроғини (107 депутат) ташкил қилди.

Мазкур сайловда “Адолат” социал-демократик партиясидан 11 киши, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 10 киши, “Ватан тараққиёти” партиясидан 20 киши, Фидокорлар миллий-демократик партиясидан 34 киши, Халқ-демократик партиясидан 49 киши депутатликка сайланди. Кузатувчилар ўша сайловда сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган 16 депутатнинг ҳам ҳокимиятга хайрихоҳ кишилар бўлганини қайд этадилар.

2004 йилда Ўзбекистон икки палатали парламент (қуйи ва юқори палата) тизимига ўтди.

Парламент сайловининг биринчи босқичи 2004 йил 26 декабрь куни ўтказилиб, 62 нафар халқ ноиби, 2005 йил 9 январда бўлиб ўтган иккинчи босқичда Қонунчилик палатасига 58 нафар депутат сайланди.

Мазкур сайловларда яна ижроия ҳокимиятига хайрихоҳ Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, Ўзбекистон “Фидокорлар” миллий-демократик партияси (2000 йилнинг июнида “Фидокорлар” партияси “Ватан тараққиёти” партияси билан бирлашган), Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари депутат бўлиб сайландилар.

Парламентда ҳокимиятга мухолиф партиялар вакилларининг бўлмаслиги, сиёсий кузатувчилар фикрича, палата мажлисларида алтернатив таклифлар кўриб чиқилишига тўсқинлик қилади. Ўз навбатида, бу ҳолат мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида табиий тараққиёт бўлишига тўсқинлик қилади.

Айни пайтда кузатувчилар ўзбек расмийларининг 2009 йил декабрида ўтказилажак парламент сайловларида ҳам Бирлик, Эрк, Озод деҳқонлар каби мухолифат партиялари иштирок этишига йўл қўймаслигига аминлар.

Кўпчилик ўзбекистонликларнинг ишонишича, парламент сайловининг ғолиблари Оқсаройга сайловдан аввал маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG