Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:17

Афсоналар юртининг қуши


Ўзбекистон давлат гербидаги сурату унга сингган синоат ҳали-ҳануз кўпчилик ўзбекистонликлар учун тушуниксиз қолмоқда.
Ўзбекистон давлат гербидаги сурату унга сингган синоат ҳали-ҳануз кўпчилик ўзбекистонликлар учун тушуниксиз қолмоқда.

Ўзбекистонда Давлат герби куни нишонланмоқда. Эрон афсоналаридаги номи бору ўзи йўқ афсонавий қуш сурати туширилган ўзбек герби билан бу халқнинг кейинги 18 йиллик ҳаëти ўртасида алоқадорлик борми?

Ҳар бир миллат давлат шаклида дунë жамоасига қўшилар экан¸ ўз миллий бирлигини ифодаловчи тасвирий¸ мусиқий ва шаклий рамзлар билан ўзини тамсил қилади.

Миллатнинг ўзи ҳақдаги тасаввури¸ ўз сийратига хос деб билгани фазилатлар¸ келажак орзулари айни шу мос ва хос сийратларда акс этади.

1992 йилнинг 2 июлида президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги қонун”га имзо чекди ва шу билан мустақил Ўзбекистон ўз янги рамзларидан бирига эга бўлди.

Совет Ўзбекистони герби марказига¸ қолган иттифоқдошларники каби¸ ўроқ ва болға тасвири туширилган эди.
Гербингизда нима ва нега акс этганини биласизми?

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги қонун”ининг 3-моддасида давлат мустақиллигининг рамзи бўлмиш Ўзбекистон гербининг тўлиқ тасвири берилган:

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.”

Йўқдан бор қилинган қуш

Гарчи 1991 йилнинг 31 августига қадар тарихда Ўзбекистон деб номланган мустақил давлат бўлмаган эса-да¸ бу юрт тупроғида минг йиллар давомида мустақил давлатлар мавжуд бўлиб келган ва уларнинг узоқ асрларга элтувчи давлатчилик анъаналари ҳам бўлган.

Аммо мустақил Ўзбекистон рамзлари қабул қилинар экан¸ Тошкент янги раҳбарлари тарихга қайтиб иш кўриш¸ тарихий давлатчилик илдизларига қайта боғланиш ўрнига¸ гўë кеча пайдо бўлган элатлар каби¸ миллат ва давлат рамзларини янгидан ўйлаб топишни афзал билдилар¸ дейди тарихчи олим¸ Бухоро жумҳурияти илк президентининг ўғли профессор Темур Хўжа ўғли.

- Афсуски¸ Марказий Осиëдаги бешта жумҳурият мустақил бўлгач¸ тарихга қарамасдан янгидан бир нарса яратишга киришдилар.

Масалан¸ Ўзбекистон гербида Ҳумо қуши бор. Ҳумо бу афсонавий¸ реал дунëда мавжуд бўлмаган эртаклардагина мажвуд бўлган хаëлий қуш. Совет давридан олдинги даврда ҳам байроқлар ва герблар бор эди. Туркистоннинг ҳам миллий байроғи ва герби бор эди. Улар Қўқон жумҳурияти¸ ундан олдинги Темурийлар давридан мисол олиб бу рамзларни ясашлари мумкин эди.

Дейлик¸ Ўзбекистон гербидаги Ҳумо қушининг ўрнида бургутнинг бўлиши янада зўр бўлади. Чунки тарихан Туркистондаги давлатларда бургут муҳим бир ўрин тутади. Ҳумо кўпроқ Эрон афсоналарига тақалади. Ҳумонинг туркий халқлар билан алоқаси йўқ¸ дейди тарихчи олим¸ профессор Темур Хўжа ўғли.

Халқ иштирокисиз яралган рамзлар

Мустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзлари – байроқ¸ мадҳия ва герби қабул қилинган 1992 йилда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган ва рамзлар ҳақдаги қонунлар муҳокамаси ҳамда қабул қилинишида бевосита қатнашганлардан бири Наманган машинасозлик заводининг собиқ директори Абдувоҳид Паттаевдир.

Собиқ депутатга кўра¸ давлат рамзларини қабул қилиш жараëнида на мухолифат ва на билимдон зиëлилар фикри инобатга олинган.

Абдувоҳид Паттаев:
Эсимда бор¸ гербни 1992 йил ëзда қабул қилганмиз. Ўша пайтда Каримов доим трибунада ўтирар эди. Мажлисни бошқариш раисга берилган бўлса ҳам¸ президентнинг сўзи катта ўрин олар эди.

Эсимда бор¸ герб тайëр қилиниб олиб кирилганида¸ Ҳумо қуши кўп музокараларга сабаб бўлган. Ҳумо қушининг маъносини ҳеч ким ақллироқ тушунтириб бера олмаган. Бахт қуши¸ омад қуши дейишган¸ лекин ўша пайтда Ўзбекистон гербидаги Ҳумо қушини тайинлироқ тушуниб бўлмаган. Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам¸ Бирлик халқ ҳаракати ҳам ўзининг танқидий фикрларини айтишган.

Агар адашмаëтган бўлсам¸ тепадаги саккиз қиррали юлдузни ҳам ҳеч ким тушунтириб бера олмаган. Мухолифат киритган бирорта ҳам таклиф қабул қилинмаган. Ҳукумат қандай таклиф қилган бўлса¸ шундай тасдиқдан ўтган.

Ҳумо қушининг устида музокара бўлганида¸ Қорақалпоғистондан бир оқсоқол ҳам бор эди¸ исми-шарифи эсимда йўқ¸ шу киши “Келинглар¸ ҳукумат шуни таклиф қилибди. Қабул қилайлик. Кейин ҳаëтнинг ўзи кўрсатади. Камчиликлари бўлса¸ ўзгартираверамиз. Ҳозир мукаммал қилиб қабул қилиш жуда ҳам қийин” деб айтган. Конституция ҳам¸ гимн ҳам¸ байроқ ҳам худди шу тарзда тасдиқдан ўтказилган.

Озодлик: Ҳаëт рамзлар тўғрисида¸ хусусан герб тўғрисида сиз учун нимани кўрсатди?

Абдувоҳид Паттаев: Ҳаëт кўрсатаяптики¸ гербда камчиликлар жуда кўп. Масалан мен Ҳумо қушининг маъносини¸ саккиз қиррали юлдуз маъносини ҳозир ҳам тушунмайман. Буғдой¸ пахта энди Ўзбекистоннинг рамзи. Қуëшни ҳам¸ серқуëш Ўзбекистон маъносида¸ рамз десак бўлади. Икки дарë – Амударë ва Сирдарëлар бор бу ерда. Амударë ва Сирдарë қуйиладиган Орол денгизи ҳам кўрсатилган. Ҳозир энди Орол денгизи йўқ бўлиб кетаяпти.

Озодлик: Айтганларингиздан¸ рамзлари мавҳум бўлган миллатнинг келажаги ҳам мавҳум¸ деган бир нарса келиб чиқмайдими?

Абдувоҳид Паттаев: Билмадим. Ҳумо қуши эртакларда бахт қуши деб айтилгандирку¸ лекин Ўзбекистонга нима алоқаси борлигини мен тушунмадим.

Аслида ўзи Ҳумо қушини бехосият қуш деб таърифлашади. Бахт қуши дейилгани эртакларнинг битта-яримта жойида эшитилгандирку¸ лекин Ҳумо қушининг кўриниши¸ ўзи Ҳумо қуши табиатда йўқ нарса. Буни товус кўринишидан олишган. Ўша вақтда бирор нарсани ўзгартириш қийин эди. У вақтда кураш мухолифат фикрларига қулоқ солишга эмас¸ мухолифат фикрларини рад қилишга кетарди. Эшитиш эмас¸ йўққа чиқаришга ҳаракат бўларди. Шунинг учун кўп яхши таклифлар қабул қилинмаган.

Озодлик:
Эрта бир кун Ўзбекистонда зиëлиларнинг¸ тарихни биладиган одамларнинг гапи инобатга олинадиган муҳит яратилса¸ давлат рамзларининг қайтадан ўзгаришига ишонасизми?

Абдувоҳид Паттаев:
Албатта. Булар кўриб чиқилиши керак. Биз гимн¸ байроқ¸ герб қабул қилинишида қатнашганмиз. Бу ўша пайтда шошилинч қабул қилинган. Камчиликлари жуда кўп. Бу рамзларни¸ керак бўлса¸ халқ музокарасига қўйиб¸ қайта кўриб чиқиш керак.
XS
SM
MD
LG