Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Мавриги – ҳолат санъати


Бухоронинг “Мавриги” фолклор-этнографик ансамбли Тожикистонга гастрол сафари билан келди. Санъатшунослар ансамблнинг Тожикистон бўйлаб сафарини муҳим маданий воқеа ўлароқ баҳоламоқдалар.

4 июл куни Абдураҳмон Жомий саройида Ўзбекистоннинг “Мавриги” фолклор-этнографик гуруҳи намойиш этган концерт дастурини томоша қилиш учун юзлаб тожикистонликлар йиғилди.

Қадимий эронча, аниқроғи, зардуштийлар замонига хос либосдаги ўн чоғли эркак ўтирган ҳолда доира билан халқ тароналарини куйлашади.

Парда ортидан куйга мос равишда кичик қадамлар билан чиқиб келаётган раққоса кўринади. У ўз ҳаракатлари билан ошиқ ва маъшуқа ўртасидаги ишқу муҳаббатни васф этган бўлади.

Асосан, соф форс-тожик ва ўзбек тилларида куйланган қўшиқларга фақат чилдирма жўр бўлиб турди.

- Шаҳд деб номланадиган бу дебочада аввал тамошабин тайёрланади. Иккинчи босқичида ритм жонланади ва бу томошабинда завқ-шавқ уйғотади. Учинчи қисм эса пировард, деб номланади. Бу босқичда томошабиннинг руҳий ҳолати ўзгаради, яъни саҳнада кўраётганлари билан роҳатланади.

“Мавриги”да бошқаларнинг қўшиқчилик услубидан фарқли ҳолат муҳим. Агар ҳолат бўлмаса, ижрочи ўз кечинмаларини тингловчига етказиб бера олмайди, дейди мазкур гуруҳ бадиий раҳбари ўринбосари Шуҳрат Фармонов.

Унинг айтишича, “Мавриги” номи Ўзбекистоннинг Бухоро минтақасида 16-асрларда пайдо бўлган. Ўша даврда Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухорога кириб келганида лашкарининг асосий қисмини ташкил этган марвлик аскарлари Бухорода қолишни ихтиёр қилган.

Аммо Бухоро амири уларнинг шаҳар ичкарисида яшашларига изн бермагач, улар Бухоро дарвозаси ташқарисида қолиб яшай бошлаганлар.

Вақт ўтиши билан улар бухороликлар орасида ўз санъати билан танилган. Улар Марв шаҳридан бўлганлари учун ҳам ҳозиргача сақланиб қолган бу санъат услубига “марвиги” дея ном берилган экан.

- Бутун шарқ санъатининг йиғиндиси сифатида Бухородагина мавжуд бўлган мавриги услуби бухороликларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бизнинг давримизга қадар сақланиб қолган. Ва фақат доира ёрдамида эркаклар томонидан куйланадиган куй-қўшиқлар мажмуига мавриги дейилади. У инсоннинг руҳини кўтаради ва ўша орқали томошабинга, тингловчига таъсир этади, дейди Шуҳрат Фармонов.

Мавриги услуби олдиндан ҳам бухороликлар орасида бўлган ва асосан тўй-томошаларда куйланган. “Мавриги” фолклор-этнографик гуруҳи эса, Шуҳрат Фармоновга кўра, 1997 йилда ташкил этилган.

- Келиб чиқиши Эронга бориб тақалса-да, аммо асосан Бухоро услубига мосланиб куйланадиган тароналар ширу шакар, яъни икки тилда ўзбек ва тожик тилларида бўлгани бу икки халқнинг бир-бирига азалдан қон-қардош ака-ука эканидан дарак. Мавриги бу бир неча халқ маданиятининг синтезидир, дейди Шуҳрат Фармонов.

Суҳбатдошимиз ўзбек ва тожик халқлари урф-одатлари, тарихи ва маданияти билан бир-бирига чамбарчас боғланганига қарамай, ўртада мавжуд тўсиқлар тиғиз ҳамкорлик қилишга ўз таъсирини ўтказмай қолмаётганини ҳам яширмади.

- Бизнинг сиёсат билан ишимиз йўқ. Бизнинг ишимиз халқ санъатини намойиш қилиш. Ҳар ким ўз ишини қилса, жамият обод бўлади.

Санъат учун чегара йўқ. Келгусида ана шу шиор остида давлатлар, халқлар орасида бу санъат услуби билан қатор концерт дастурлари режалаштирганмиз. Чунки санъат дўстликни мустаҳкамлайди, дейди “Мавриги” раҳбари Фармонов.

Шу йилнинг 30 июнидан буён Тожикистон бўйлаб сафарга отланган бу гуруҳ эртага Сўғд вилоятининг Хўжанд ва Исфара шаҳарларида концерт дастури билан меҳмон бўладилар.
XS
SM
MD
LG