Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:18

Ҳолбурк: Душман деҳқон эмас, толиблардир


Мутахассислар афғон далаларида ўсаётган кўкнордан йилига беш миллиард долларлик банг моддалари тайёрланишини тахмин қиладилар.
Мутахассислар афғон далаларида ўсаётган кўкнордан йилига беш миллиард долларлик банг моддалари тайёрланишини тахмин қиладилар.

Вашингтон расмийлари Афғонистонда наркотиклар етиштирилишига қарши кураш сиёсатини аввалгидан бироз ўзгартириб, бу йўналишда самара бериши мумкин бўлган усулларни қўллаш ниятида.

Афғонистоннинг Нангархор вилояти Аачин водийсида яшовчи Малик Ниёз бир неча йил олдин ўз томорқасида кўкнори ўстиришдан воз кечган эди. У АҚШ ҳукумати қарори ҳақида бирор фикрга келмаган.

- Ватанимиз тараққий этишини хоҳлаганимиз учун кўкнори экишни тўхтатдик. Хорижликлар: "Агар кўкнори экмасангиз¸ мамлакатни ривожлантиришга ёрдам берамиз", дейишди. Ватан равнақини кўриш ниятида биз кўкнори экишни тўхтатишга қарор қилдик. Аммо мамлакатимиз ривожланаётганини кўрмаяпмиз, дейди Малик Ниёз.

Афғонистонда йилига тахминан беш миллиард долларлик наркотиклар етиштирилаётгани айтилади. Айни пайтда наркотиклар савдоси Толибон ҳаракатининг асосий даромад манбаи, деган тахминлар бор.

Айни пайтда гиёҳванд моддалар савдосидан катта даромад кўраётган маҳаллий қўмондонлар Афғонистон ҳукуматининг муҳим ташкилотлари фаолиятига тўғаноқ бўлмоқда.

Мутахассислар АҚШ бундан буён эътиборни кўкнори етиштирилишига қарши курашга эмас¸ балки гиёҳванд моддалар контрабандасини тўхтатиш, наркотикларга қарши қонунларни жорий этиш, шунингдек, кўкнори ўрнига деҳқонларнинг бошқа экинларни экиши масаласига қаратиши тўғри йўналишдаги ҳаракат, деган фикрда.

АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили этиб тайинланган Ричард Ҳолбрук Афғонистонни барқарорлаштириш бўйича саноати тараққий этган саккизлик гуруҳининг 27 июн кунги анжуманида қилган чиқишида Вашингтоннинг янги сиёсати ҳақида гапирди.

- Кўкнори етиштиришга қарши Ғарб юритган сиёсат муваффақиятсизликка учради. Бу уриниш толибларга жиддий зарар етказмади.

Аммо деҳқонларни ишсиз қолдирди ва халқни яккалантириб, толиблар қўлига топширди. Шу боис мен бизнинг душманимиз кўкнори ўстирувчи деҳқонлар эмас¸ балки толиблар эканини таъкидламоқчиман.

Кўкнорини йўқ қилиш кутилган натижани бермайди. АҚШ бу дастур учун бир неча юз миллион доллар сарфлади. Энди бунга чек қўйиш зарур. Биз ҳосилни йўқ қилиш уринишини қўллаб-қувватлаш ниятида эмасмиз, деди АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили.

Афғон расмийлари наркотикларга қарши кураш сиёсатини ўзгартириш самара бериши ҳақида бир хил фикрда эмас. Афғонистоннинг Наркотикларга қарши кураш вазирлиги матбуот вакили Зулмай Афзалий афғонистонлик фермерларга ёрдам бериш ҳақидаги Ҳолбрукнинг баёнотини олқишлади.

Айни пайтда Афзалий Озодлик радиосига берган интервьюсида кўкнори ўстиришга барҳам бериш наркотикларга қарши кураш стратегиясининг асоси бўлиб қолаверишини айтди.

- Кўкнорини йўқ қилиш ҳукумат ишлаб чиққан наркотикларга қарши кураш миллий стратегиясининг бир қисмидир. Биз ҳар қандай вазиятда ноқонуний ҳаракат ноқонуний бўлиб қолади ва у қонун доирасида жазоланиши керак деб ўйлаймиз, деди Афғонистон ҳукумати расмийси.

Афзалий ҳукумат кўрган чоралар натижасида Афғонистонда кўкнори етиштириш камайганини иддао қилди. Ўтган йил Афғонистондаги 34 вилоятнинг 18 таси ўзини "кўкноридан холи зона" деб эълон қилган. Афзалийга кўра, жорий йилда бу рақам 24 ёки 26 тага етиши мумкин. Бироқ хорижий экспертлар бу рақам Афғонистонда наркотиклар етиштирилишига таъсир этгани йўқ, деган фикрда.

БМТнинг Наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш дастури раҳбари Антонио Мариа Коста Афғонистонда наркотиклар етиштирилишига қарши кураш сиёсатининг ўзгартирилишини “ғамгин ҳазил”, деб атади.

Стив Холис Марказий Осиё тараққиёт дастурининг Афғонистон жанубида Қандаҳор ва Ҳилманд вилоятида кўкнори ўрнига бошқа экин ўстириш лойиҳаси раҳбари. Унинг фикрича, наркобаронлар ҳукумат аъзоси бўлиши ёки бўлмаслиги, улар мамлакат ичида ёки ташқарисида бўлишидан қатъий назар¸ АҚШ ва иттифоқчилари уларни доим таъқиб қилиши керак.

Ўз навбатида, мутахассис фикрича, деҳқонлар ҳам кўкнори ўстириш ноқонуний эканини билишлари керак. Бундан ташқари, деҳқонлар учун 5–10 йилга мўлжалланган узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиб уларни амалга тадбиқ этиш лозим.

Нангархор вилояти Аачин водийсида яшовчи деҳқон Малик Ниёз эса ҳозир ёрдамга муҳтож. Иқтисодий танг аҳволдан чиқиш учун у кўкнори экиш ёки экмаслик ҳақида ўйламоқда. Унинг учун, энг муҳими, хориждан берилаётган ёрдам маблағи Афғонистон расмийлари чўнтагига эмас¸ балки оддий деҳқонларга етиб боришидадир.
XS
SM
MD
LG