Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:50

Дипломатлар илтифот қилишга мажбур бўлмоқда


Таҳлилчилар фикрича, АҚШ дипломатлари Афғонистондаги амалиётларни муваффақиятли давом эттирилиши учун Ўзбекистондаги маҳаллий шароитни ҳисобга олишга ва ўзбек расмийларини жиғибийрон қиладиган мавзулардан кўпам сўз очмасликка уринмоқдалар.
Таҳлилчилар фикрича, АҚШ дипломатлари Афғонистондаги амалиётларни муваффақиятли давом эттирилиши учун Ўзбекистондаги маҳаллий шароитни ҳисобга олишга ва ўзбек расмийларини жиғибийрон қиладиган мавзулардан кўпам сўз очмасликка уринмоқдалар.

2 июл куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида Американинг 233 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда ўзбек расмийлари одатдагидан кўпроқ қатнашган.

Бу ўзаро муносабатлардаги туб ўзгаришдан даракми?

Америка мустақиллигининг 233 йиллиги муносабати билан АҚШ элчихонасидаги тадбирга таклиф қилинганлар орасида тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бор эди.

- Кечаги тадбирга Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлари келди, дейиш мумкин. Масалан¸ Ўзбекистон республикаси Бош вазир ўринбосари Рустам Қосимовни кўрдим¸ Сенат раиси¸ Олий Мажлис қонунчили палатаси раиси¸ қўмиталарнинг раҳбарлари¸ вазирлар¸ жамоат ташкилотларининг вакиллари¸ катта идоралар раҳбарлари келди.

Бу ерда энг кутилмаган нарса Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Комиловнинг келиши бўлди. У одам балки таътилдадир¸ балки бошқа сабаб билан келгандир. Бу одамнинг келиши воқеа сифатида қизиқ бўлди.

Бундан ташқари¸ мухолифат вакиллари¸ ҳуқуқ ҳимоячилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналистнинг айтишича, ҳаммаси бўлиб АҚШ элчихонасига 400 кишидан зиёд одам йиғилган. Элчининг ўз мехмонларини олқишлаб қилган нутқи, АҚШ Президенти Барак Обаманинг машҳур Қоҳира нутқига ҳамоҳанг бўлди.

Айни пайтда Норланд жанобларининг чиқишида Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги аҳволи юқори баҳоланди.

Абдураҳмон Ташанов элчининг нутқи дипломатик бўлган эса-да, эҳтирослардан ҳам ҳоли бўлмаганини айтади.

- Элчининг гапи бирмунча эмоционалроқ¸ оптимизмга асосланганроқ руҳда чиқди. Шу нарса керак эди ҳам. Чунки муттасил танқидлар¸ муттасил босимлар Ўзбекистонга таъсир механизмини йўқотиб қўйди.

Норланд жаноблари Америка сиëсатининг ифодачиси сифатида гапирди, деб ўйлайман. Чунки Америка диктаторлик жамиятларига нисбатан ўзининг сиëсатини ўзгартираяпти.

Дейлик, Эронга нисбатан ëки Яқин Шарққа нисбатан позициясини ўзгартирмоқда. Элчининг гапларига шу нуқтаи назардан қараш керак, деб ўйлайман, дейди мустақил журналист Ташанов.

Элчи ўз нутқининг каттагина қисмини бугун давом этаётган жаҳон молиявий инқирози билан боғлиқ аҳволга бағишлади ва айни вақтда, Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий бўҳронга қарши олиб бораётган сиёсати мамлакатда унинг жиддий оқибатлари олди олинишига ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади.

Бунда жаноб Норланд президент Ислом Каримовнинг сўнгги китобида зикр этилган фикрларга ишора қилиб, Ўзбекистон раҳбарияти ишлаб чиққан стратегияларни бугунги қийин давр ва келажакдаги муаммоларни чуқур англаб етишнинг ёрқин мисоли сифатида баҳолади.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат ва сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев АҚШ элчисининг Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Каримовга нисбатан бундай мулозамати икки томонлама муносабатларнинг аҳволидан келиб чиқиб қилинган дипломатик илтифотдир, деган фикрда.

- Буни дипломатик комплимент, деса бўлади. Чунки Ўзбекистон бошқа мамлакатларга қараганда¸ ҳаттоки Туркманистонга қараганда ҳам ëпиқ мамлакат. Ўзбекистон тўғрисида икки хил маълумот бор.

Биринчиси¸ Ўзбекистон ҳукумати давлат статистик бошқармаси томонидан берилаëтган маълумотлар. Масалан¸ "бизда 2009 йилда ҳам 108 фоизга ўсиш бўлади", дейди. Лекин аҳволга қараса¸ ишсиз юрган¸ кўримсиз¸ оëғида битта калиши билан юрган¸ нонга зор бўлиб юрганлар миллионлаб топилади.

Ҳукуматнинг гапига ишонса¸ мамлакат жаннатга айланиб кетган. Аҳволга қарайдиган бўлса¸ жаҳаннам.

Ҳозир бу дипломатлар ўзининг сиëсий ўйинларини қилиб¸ сиëсий проектларни амалга ошириш мақсадида ҳукуматни¸ Ислом Каримовнинг ўзини ва китобини мақтаб туришибди. Улар ҳам иккиюзламачи сиëсат олиб бораяпти, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Лондондаги “Economist Intelligence Unit” иқтисодий тадқиқотлар марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Жон Эндрю АҚШ элчихонасидаги тадбирда қатнашмаган, у президент Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози: Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китобини ҳам ўқигани йўқ.

Лекин у Ўзбекистон ҳукуматининг бўҳронга қарши кўраётган чораларидан яхши хабардор.

- Жаноб Каримовнинг бўҳрон ва унга қарши чораларга оид шу пайтгача билдирган фикрлари "ҳам хўрдани, ҳам бурдани" қабилида бўлаяпти.

У аввал ҳаммани Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига интеграциялашмагани туфайли бўҳрондан омон қолишига ишонтиришга уринди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, у Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодидан унчалик изоляцияда эмаслигини, чунки бўҳрон унга ҳам таъсир қила бошлаганини эътироф эта бошлади.

Бугун Ўзбекистонда саноат ва ишлаб чиқариш кўлами айниқса пасайиб кетганини кўриш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати бўҳронга қарши чора кўраётганининг ўзи мамлакат иқтисоди бўҳрон оқибатларини бошдан кечираётганини очиқ тан олишдир, дейди лондонлик иқтисодчи Жон Эндрю.

Элчи Норланд ўз нутқида Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан минтақа хавфсизлиги, маданият, инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳотлар ва иқтисодий сармояларга оид соҳаларда янгича кўринишдаги ҳамкорликни ўрнатиш истагида эканини ҳам баён қилди.

2000-йиллар бошларида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида муносабатлар яқин бўлган пайтларни эслар экан, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлодошев, янгича муносабатларда элчининг нутқида биринчи ўринга қўйилмагани каби, инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар устувор йўналишлар бўлишини кутмайди.

- Албатта¸ бу 2002-2005 йилларда бўлган алоқаларга яқинлашмайди. Унгача ҳали узоқ. Лекин Афғонистондаги муаммони ҳал қилиш маъносида Америка инсон ҳуқуқларига кўзини юмиб¸ демократик жараëнларнинг умуман тўхтаб қолганига қарамасдан, Ўзбекистон билан сиëсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга мажбур бўлаяпти.

Ҳозир Америка ички сиëсатда қаттиқ туришига қарамасдан, инсон ҳуқуқларини¸ демократик жараëнларни ривожлантиришни талаб қилмайди, деган фикрга бориб¸ инсон ҳуқуқларини ҳозир бешинчи даражага ташлаб қўйибди.

"Биз Американинг айтганини қилмаймиз, халқимиз ҳам¸ бошқалар ҳам тушунсин" деган маънода кўпроқ босим ўтказиш маъносида (расмий Тошкент) тескари ишларни олиб бораяпти, дейди собиқ дипломат ва сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

АҚШ элчиси Ричард Норланд ҳам ўз нутқини президент Обама Қоҳирада қилгани каби Қуръони Каримда келтирилган: “Оллоҳдан қўрқинг ва бир-бирингизга ҳақ сўзни айтинг” сўзлари билан якунлади.
XS
SM
MD
LG