Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:34

Номзодлар IT-технологияларни ишга солмоқда


Қирғизистонлик пиар-технологлар президентликка номзодларга ёш сайловчилар эътиборини қозониш учун интернет тармоғида онлайн мулоқот ўтказиш лозимлигини уқтирмоқдалар.
Қирғизистонлик пиар-технологлар президентликка номзодларга ёш сайловчилар эътиборини қозониш учун интернет тармоғида онлайн мулоқот ўтказиш лозимлигини уқтирмоқдалар.

Қирғизистонлик мутахассислар фикрича, мамлакатда бу галги сайлов пойгасининг ўзига хос жиҳатларидан бири интернетдаги онлайн мулоқотлар бўлди.

Қирғизистонда президентликка номзодлар сайлов пойгасида виртуал олам имкониятидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.

Кузатувчилар фикрича, кўчаларда ва давлат оммавий ахборот воситаларида бўлгани каби интернетда ҳам амалдаги президент Қурмонбек Бакиев ҳақидаги материаллар кўпроқ берилаяпти.

Бироқ номзодларнинг айримлари онлайн газета ва журналларда чиқиш билан кифояланиб қолмай, қирнет (kg) ҳудудидаги машҳур форумларда онлайн мулоқотлар уюштириб, интернетдан фойдаланувчиларнинг саволларига бевосита жавоб бердилар.

Аввалги президентлик сайловларида биронта номзод сайловчилар билан виртуал оламда учрашиб, суҳбатлашган эмасди. Шунинг учун ҳам бундай имкониятдан фойдаланган номзодлар илғор номзод ўлароқ баҳоланмоқда.

Айрим мутахассислар онлайн мулоқотни истиқболли ҳисоблаб, орадан яна бир муддат ўтгач, интернет технологияларнинг таъсири кучайишига, сайлов натижаларига таъсир қила оладиган бўлишига ишонадилар.

Маркетолог, diesel.elcat.kg интернет форумининг доимий фойдаланувчиси бўлган Улан Ўтўрбаевнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам онлайн мулоқотлар номзод ҳақида кўп маълумотларни олишга ёрдам беради ва кўпчилик ёшлар бундай мулоқотлардан кейин қайси номзод учун овоз беришини ўзи учун ҳал қилиб олади.

- Онлайн мулоқотларнинг қатор афзалликлари бор. Масалан, ҳамюртларимиз узоқ юртларда юрган бўлсалар, интернет орқали савол бериб, жавоб олиш имкониятига эга бўлади. Ўзингиз билгандай, қирғизистонликлар бир қанчаси АҚШда, Россияда ва бошқа ўлкаларда юрибдилар.

Менимча, келажак интернетники бўлади. Келажакда ўзаро алоқалар фақат интернет орқалигина бўлади, деб ўйлайман. Бу турмушни анча енгиллаштиради.

Янглишмасам, Болтиқбўйи давлатларидан бирида интернет орқали ҳам овоз бериш лойиҳасини кўриб чиқаётган эканлар. Бизда ҳам келажакда шунақа имконият яратилса, соз бўларди, дейди Улан Ўтўрбаев.

Айни пайтда, айрим мутахассислар фикрича, интернет технологиялари сайловда катта самара берадиган замонларга ҳали анча бор. Боиси ҳозирда Қирғизистон бўйича Бишкек, Ўш жана Қоракўл шаҳарлари аҳолисигина интернетдаги онлайн мулоқотда иштирок этиш имкониятига эгалар.

Мамлакатнинг қолган шаҳар ва қишлоқларидаги интернет тезлиги кўнгилдагидек эмас – онлайн мулоқот учун лозим бўлган техник талабларга жавоб бермайди.

- Бунда интернет провайдерларининг ҳам, расмийларнинг ҳам айби бор. Ҳукумат ўзи вилоят марказларида интернетни ривожлантирса, буни бевосита назорат қилса, балки ўшанда интернет орқали халқни сайлов жараёнига тортиш мумкин бўларди.

Бунинг устига, одамларимизнинг ўзлари ҳам янги технологияларга унча қизиқавермайди. Шу сабабли ҳали-ҳозир онлайн мулоқотлар сайловга катта таъсир кўрсата олади, деб ўйламайман, дейди журналист Жанибек Жанузақ.

Шу кунгача президентликка номзод олтовлоннинг иккитаси интернетда онлайн мулоқот ўтказди.

Diesel.elcat.kg форумида уюштирилган бевосита мулоқотни даставвал президентликка номзод Женишбек Назаралиев бошлаб берди, ундан кейин мазкур форумда номзод Темир Сариев саволларга жавоб берди.

Diesel.elcat.kg интернет форумидан ҳозирда ўттиз мингдан зиёд киши фойдаланиши айтилади.

Қирғизистонда президентлик сайловлари шу йилнинг 23 июлига белгиланган. Номзодлар ташвиқоти эса, Сайлов кодексига мувофиқ равишда, сайлов кунидан бир кун олдин тўхтатилиши лозим.
XS
SM
MD
LG