Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:53

Урумчи намойиши қон ва кўз ëшга ботирилди


Якшанба кунги уйғурлар норозилик намойишини бостириш учун Хитой хавфсизлик кучларининг жуда катта бўлинмалари жалб қилинди.
Якшанба кунги уйғурлар норозилик намойишини бостириш учун Хитой хавфсизлик кучларининг жуда катта бўлинмалари жалб қилинди.

Якшанба куни Хитой яқин тарихидаги энг ëмон этник тўқнашувлардан бири юзага чиқди. Уйғур мухтор минтақаси маркази Урумчида кузатилган зўравонлик оқибатида 140 одам нобуд бўлди¸ 800 дан ошиғи жароҳатланди.

Бу минтақада тарихан яшаб келаëтган уйғурлар томонидан Шарқий Туркистон деб аталадиган ҳозирги Шинжон уйғур мухтор минтақасида юзага чиққан якшанба кунги воқеа¸ ўтган йили Хитойнинг яна бир мустамлакаси – Тибетдагидан кўрада қонлироқ бўлди.

Икки миллион одам истиқомат қилувчи Урумчи¸ якшанба кечга бориб¸ машина ва дўконлар ëнаëтган¸ тутунга буркалган шаҳарга айланди.

Давлатга қарашли Синхуа ахборот агентлигига кўра¸ бир неча соат давом этган зўравонликлар давомида камида 140 одам нобуд бўлган¸ 800 дан ошиғи жароҳатланган. Матбуот хабарларида шунингдек¸ камида 300 одамнинг шу воқеалар чоғида ҳибсга олингани ҳам айтилади.

Душанба куни интернет ва телефон линияларини узиб қўйиш орқали Урумчини қолган дунëдан яккалаб қўйган Хитой расмийлари¸ маҳаллий уйғурларни зўравонликлар учун¸ хориж¸ хусусан АҚШ даги уйғурлар уюшмасини бу зўравонликларни уюштирганликда айблади.

- Якшанба куни Хитой ичкариси ва ташқарисидаги уч асосий куч – айирмачилик¸ террорчилик ва экстремизм бирлашиб¸ Хитой коммунистик партияси ва ҳукуматига қарши хуруж қилди. Айни шу кучлар одамларни Урумчида намойишга чиқишга гиж-гижлади. Бундай ҳаракат билан улар шаҳардаги миллий иттифоқ ва уйғун жамиятни барбод қилдилар. Тарих бот-бот исбот қилганидек¸ барқарорлик бу бахт¸ бош-бошдоқлик эса¸ фалокатдир. Миллий гуруҳлар ўртасида уйғунлик амалга оширилганда Шинжонг иқтисоди ва жамияти тез ривошланаëтган ва одамлар бундан манфаат топаëтган эди¸ деди душанба куни телевидение орқали қилган мурожаатида Шинжонг ҳокими Нур Бекри.

Урумчида ўзи нима бўлди¸ душанба куни шаҳарда қандай вазият ҳукм сурмоқда¸ деган саволга жавоб олиш илинжида шаҳардаги турли рақамларга қилинган қўнғироқлар¸ айнан телефон линиялари узилгани боис¸ жавобсиз қолди.

Шундан сўнг¸ маркази Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган Жаҳон уйғурлар конгресси бош котиби Тўлқин Исо билан суҳбатлашдик.

Урумчи билан боғланишнинг¸ душанбадан бошлаб имконсизлигини таъкидлаган жаноб Исо¸ воқеалар бошланиши ва ўзи ўргангани сўнгги тафсилотларга тўхталди.

Тўлқин Исо: Хабарингиз борми йўқми билмайман. Хитойнинг Жанубий Гуандонг вилоятида ўйинчоқ фабрикаси бор. Хитой ҳукумати бу фабрикага уйғур ўғил-қизларини мажбурлаб ишга жойлаштирган. Бу фабрикада 10 минг одам ишлайди ва уларнинг ичида 800 нафари уйғурлар. 26 июн куни бу фабриканинг ишчилари уйғурлар ëтоқхонасига ярим кечаси соат 02.00 да бостириб кириб уйғурларни уришган. Натижада 60 нафар уйғур ҳалок бўлган¸ 100 дан ортиқ одам яраланган. Уйғурларни Хитой соқчилари мудофаа қилмаган. Полиция олти соатдан кейин келган.

Бу Шарқий Туркистоннинг ичкариси ва ташқарисидаги уйғурларни беором қилди. Шу муносабат билан ватан ичидаги халқимизнинг норозилиги кучли бўлган. Ватан ташқарисида – Европада¸ Америкада ва бошқа жойларда жума куни бу воқеага қарши норозилик намойиши қилдик.

Хитойнинг уйғурларни камситиш сиëсатига норозилик билдириш учун халқ тўпланган Халқ майдони кўп ўтмай зўравонликлар марказига айланди.
Шу билан бирга Шарқий Туркистондаги халқимиз Хитой ҳукуматидан бу воқеани аниқлашни¸ мажбурий ишга киритилган уйғурларнинг ҳаëтларининг хавфсизлигини кафолатлашни¸ воқеа жавобгарларини топишни талаб қилиб¸ қўлларида Хитой ҳукуматининг қизил байроғини ушлаб¸ тинч намойиш билан майдонга йиғилган. Жума куни тушдан кейин соат 17.00 атрофида Халқ майдонига 3000 дан ортиқ одам йиғилган. Аммо Хитой соқчилари буларнинг ҳаммасини уриб¸ 400 дан ортиқ одамни қўлга олган. Шунингдек¸ Халқ майдонига олиб борадиган бутун йўлларни назорат остига олган.

Иккинчи намойишда Дўнгкўприк атрофида 5000 дан ортиқ одам йиғилган. Бу ерда Хитой соқчилари кўздан ëш оқизувчи газлардан ва ўқлардан фойдаланган. Хитой аскарлари бу ерда 17 нафар одамни ўлдиришган.

Кеча оқшом олган маълумотларимизга кўра¸ 100 нафарга яқин одам ўлган. Телефонлар ҳам назорат остига олинди. Биз телефонда баъзи бир маълумотларни олаëтган пайтимизда ўқ овозларини эшитдик.

Озодлик: Бундай намойишлар фақат Урумчида юзага чиқдими¸ ëки минтақанинг бошқа ерларига ҳам ëйилдими?

Тўлқин Исо: Биз бунга ўхшаш воқеанинг Оқсувда ҳам бошланганлигининг хабарини олдик. Бу Шарқий Туркистондаги шаҳар. Оқсув¸ Қорамой деган шаҳарларда шунга ўхшаш намойишлар бошланганлигининг хабарини олдик. Лекин бу намойишларда қанча одам қатнашгани¸ қанча одам ўлгани¸ қандай бостирилгани тўғрисида маълумот ола олмадик. Чунки телефонлар узиб қўйилган.

Озодлик: Хитой ҳукумати “140 одам ўлди¸ 800 дан ортиғи ярадор бўлди. Буни уйғурлар ташқаридан туриб, Хитойдан мустақил бўлиш учун уюштирди” деяпти. Жаҳон уйғурлар конгресси раҳбари сифатида Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?

Тўлқин Исо: Бу ерда унақа нарса йўқ. Хитой ҳукумати буни исëн¸ террористик ҳаракат дейиши мумкин. Қўлига Хитой қизил байроғини кўтариб олган одамларнинг бу намойиши 26 июнда содир бўлган воқеага қаратилган. “Нима учун уйғурларни мажбуран олиб кирасан? Нега уларнинг ҳаëти кафолатланмайди? Уйғурларни ўлдирган инсонлар жавобгарликка тортилиши керак” деган нарсаларни талаб қилишган. Хитойнинг йиллардан бери уйғурларга қўллаб келаëтган ирқий айирмачилик сиëсати¸ миллий камситиш сиëсати халқимизнинг қалбига чуқур илдиз отган. Бунга нисбатан халқимизнинг норозилиги кучли.

Озодлик: Урумчидаги воқеаларда Шарқий Туркистоннинг Хитойдан мустақил бўлишига оид талаблар мутлақ бўлмаган?

Тўлқин Исо: Шарқий туркистонликлар якшанба куни “биз Хитойдан мустақил бўламиз” деган шиорни кўтариб чиққани йўқ. Бу 26 июнда бўлган воқеаларга қарши норозилик намойиши эди¸ холос. Хитойнинг бундай намойишни танк билан¸ аскарлар билан бостириб¸ кейин “Мустақиллик талаб қилди” дейиши¸ яна бир қанча одамларни тутиб ўлдириш мақсадидан бошқа нарса эмас.
XS
SM
MD
LG