Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:11

Обама Москвада янги тарих бошламоқчи


Ҳозирча¸ АҚШ ва Россия президентларининг ўзаро алоқалар истиқболи ҳақдаги фикрлари анча некбин.
Ҳозирча¸ АҚШ ва Россия президентларининг ўзаро алоқалар истиқболи ҳақдаги фикрлари анча некбин.

АҚШ президенти ўзаро муносабатларни совуқ уруш давридан қолган ишончсизликдан қутқариш нияти билан Россияга сафар бошлади. Аммо кузатувчилар¸ бу вазифанинг анчайин мураккаблигидан баҳс этмоқдалар.

Москва осмонини булут қоплаган¸ ёмғир шариллаб қуяётган бир пайтда президент Барак Обама ўтирган учқич Москвага келиб қўнди.

Бундай об-ҳаво ҳам Совуқ уруш даврида бир-бирига рақиблик қилган Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни илитиш оғир бўлишига ишора қилаётгандай.

Президент Обама Москвага қўнишидан бир неча соат аввал АҚШ ва Россия расмийлари ядровий арсеналларни қисқартириш бўйича дастлабки келишувга эришилганини эълон қилдилар. Ушбу келишув якуний матнининг йил охирига қадар ҳозирланиши айтилмоқда.

Расмий Вашингтон айнан шу келишув тақдирини кун тартибидаги устувор масала сифатида белгилаб олган. Зеро, Вашингтон ишончига кўра¸ ядровий арсеналларни қисқартириш келишувининг муваффақиятли қабул қилишини қолган масалаларнинг ҳам ижобий ҳал этилишига йўл очади.

Янги келишув 1991 йилда қабул қилинган ва декабр ойида амал қилиш муддати тугайдиган Стратегик қуролларни камайтириш келишуви ўрнини эгаллаши керак. Эски келишувга мувофиқ икки давлат 1700 дан 2200 донагача ядровий каллакларга эга бўлиши мумкин эди. Янги келишув эса ядровий каллаклар сонининг янада қисқартирилишини назарда тутади.

Жорий саммит давомида Кремлнинг АҚШ га ўз ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО кучларига қурол-яроғ етказиб беришга рухсат бериши ҳам кутиляпти.

Томонлар Эрон ядровий дастури ва Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги каби бошқа бир қатор масалаларни ҳам муҳокама этади.

Медведев билан учрашуви олдидан Кремлда гапирган Барак Обама жорий учрашувлар АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг мураккаб босқичига якун ясашига умид қилишини айтди. Обаманинг таъкидлашича, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика ва атроф муҳит каби кўплаб асосий масалаларни ҳал этишда томонлар ҳамкорлик имкониятларини топиши мумкин.

- АҚШ ва Россия ўртасидаги муштараклик, тафовутдан кўра кўпроқдир. Келаси кунлар ичида ситқидилдан меҳнат қилсак, ҳар икки давлат фуқароларининг фойдасига хизмат қиладиган улкан ютуқларга эришишимиз мумкин¸ деди Барак Обама.

Обаманинг бундай баёнотларига қарамасдан кўпчиликнинг ишонишича, Оқ уй раҳбари ўз олдига қўйган вазифаларни адо этиш имконсиздир.

Узоқ муддат давомида мадда боғлаб келган АҚШ-Россия муносабатлари ўтган йил ёзда Россиянинг Грузияга бостириб кириши ортидан Совуқ уруш даври даражасигача тушиб кетди.

Москва ҳамон Франция воситачилигида эришилган Грузия билан ўт очишни тўхтатиш келишувини назар писанд қилмаяпти. Россиянинг юзлаб ҳарбийлари ҳамон Грузиянинг икки айирмачи минтақаси Абхазия ва Жанубий Осетияда қолмоқда.

Москвага келиш арафасида Associated Press ахборот агентлигига интервью берган президент Обама¸ кўпчилик фикрича¸ саҳна ортида Россияни идора қилаётган бош вазир Владимир Путин томорқасига тош отгандай бўлди.

- Путиннинг бир оёғи ҳануз Совуқ уруш даврида қолмоқда¸ деди жумладан АҚШ президенти.

Бир муддатдан сўнг Путин: “ Келажакка боқиб иш тутадиган русларнинг иккала оёғи ҳам мустаҳкам бир жойда турибти", дея Обамага жавоб қайтарди.

Президент Обама Бош вазир Путин билан сешанба куни эрталабки нонушта пайтида учрашади. Ундан олдин эса Обаманинг собиқ СССР президенти Михаил Горбачëв, мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашувлари режалаштирилган.

Обама ва Медведев жорий учрашув якунларига умид билдириб баёнотлар қилаётганига қарамасдан, Россия матбуоти ташриф аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда.

НАТО нинг Грузия ва Украинани бора-бора ўз таркибига қўшишга берган ваъдаси Россияни жиддий ташвишга солаётир. Москвани шунингдек Американинг Европада ракеталар ҳужумига қарши мудофаа тизимини ўрнатиш режалари ҳам ғазаблантириб келади.

Сешанба куни Обама АҚШ ва Россия муносабатлари истиқболлари бўйича мурожаат қилади. Оқ уй расмийларига кўра, Обаманинг ушбу мурожаати АҚШ ташқи сиёсатини белгиловчи учинчи жиддий нутқи бўлади.

Обама мурожаатининг Кремлда қандай қабул қилиниши ёки унинг Россия телевидениеси орқали эфирга берилиши – берилмаслиги ҳозирча номаълум қолмоқда.

Обама сафаридан фойдаланиб Москва марказига намойишга йиғилган мухолифат тарафдорларини Россия хавфсизлик кучлари қандай қилиб тарқатиши ҳам ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG