Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:40

Ўзбекистонда ойлик оширилади


Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимлари маоши, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ҳамда стипендиялар ўртача 25 фоизга ошади. Аммо навбатдаги ойлик ошиши ҳам ўртача маош миқдорини 300 долларга етказолмайдиган кўринади.

8 июл куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги президент Ислом Каримовнинг бюджет ташкилотлари ходимлари маоши, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ҳамда стипендияларни ўрта ҳисобда 1,25 баравар ошириш тўғрисидаги фармони матнини эълон қилди.

Ҳозир Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 28 минг 40 сўмни, пенсия ёшига етганларнинг энг кам пенсияси миқдори 55 минг 550 сўмни ташкил этади.

1 августдан бошлаб эса, президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 33 минг 645 сўм бўлади.

Пенсия ёшига етганлар ва болаликдан ногирон бўлганларга бериладиган ойлик нафақанинг энг кам миқдори 66 минг 660 сўмни ташкил этади.

Етарли стажга эга бўлмаган кексалар ҳамда иш стажига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақалари 40 минг 375 сўмни ташкил этади.

Аснода ўзбекистонлик кузатувчилар ойликларнинг навбатдаги оширилиши ортидан мамлакатда кундалик эҳтиёж моллари нархлари ва коммунал хизматлар ҳақларининг кўтарилишига олиб келишини айтмоқдалар.

- Бу бизда анъанага айланиб қолди-ёв. Мустақиллик байрамигача ойлик ва пенсиялар оширилади, байрамдаги мақтанчоқликдан кейин нархлар юқорига қараб сакрайди, дейди тошкентлик суҳбатдошларимиздан бири.

Шу кунларда Ўзбекистонда нон ва шакар нархи ҳамда электр энергияси ҳақлари кўтарилгани тўғрисида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар август ойида ойлик оширилганидан кейин ҳам мамлакатдаги ўртача ойлик миқдори Ислом Каримов айтган 300 АҚШ долларига тенг бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.

Шу йилнинг 13 феврал куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида "2008 йилда мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг устивор вазифалари"га бағишланмиш йиғинда сўзлаган президент Каримов:

- 2008 йилда ўртача иш ҳақи бюджет ташкилотларида 1¸5 баробардан зиëд¸ бутун иқтисодиëт бўйича эса 1,4 баробар ошди. Натижада ўтган йили ўртача иш ҳақи миқдори 300 АҚШ долларидан ортиқ бўлди. Аҳолининг реал даромадлари эса йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайди¸ деганди.

Феврал ойида Озодликка интервью берган сирдарёлик олий тоифали ўқитувчи Роҳила опа ўз маошининг 168 минг сўм эканини, ойлик ошганидан кейин эса 180 минг сўмга етганини айтганди.

Август ойидаги ойлик ошишидан кейин унинг маошига яна 25 фоиз қўшилса, эндиликда Роҳила опа 225 минг сўм олиши керак. Бу рақам долларга чақилса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича ($1= 1484,98 сўм) 151,5 АҚШ долларига, “қора бозор” курси бўйича эса ($1= 1800 сўм) 125 АҚШ долларига тенг бўлади.

Ҳисобда давом этадиган бўлсак, Ўзбекистонда олий тоифали ўқитувчи маоши президент Каримов айтган 300 долларга етиши учун, энг оптимистик ҳисоб-китобларга кўра, камида яна уч марта 25 фоиздан оширилиши керак.
XS
SM
MD
LG