Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Сўнгги маҳбус Тожикистонга қайтмоқчи эмас


Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари Гуантанамо маҳбуси Умар Абдуллоевга диний гуруҳлар ичида жосуслик қилишни таклиф қилганидан кейин у ўз юртига қайтмасликка қарор қилди.
Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари Гуантанамо маҳбуси Умар Абдуллоевга диний гуруҳлар ичида жосуслик қилишни таклиф қилганидан кейин у ўз юртига қайтмасликка қарор қилди.

Американинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган тожикистонлик сўнгги маҳбус Умар Абдуллоев ватанига қайтишдан кўра қамоқда қолишни афзал билмоқда.

Бу борада маҳбуснинг адвокати Метю Оҳара 7 июл куни "Miami Herald” рўзномасига маълум қилган.

Оҳаранинг маълум қилишича, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари Гуантанамода Абдуллоев билан учрашиб, уни диний экстремистик гуруҳлар сафига қайтиб, жосуслик қилишга рози бўлсагина, озодликка чиқиши мумкинлигини айтганлар.

Аммо, адвокатга кўра, Абдуллоев бу таклифни рад этган. Айнан шу важдан Гуантанамо қамоқхонасида қолаётган тожикистонлик сўнгги маҳбус Абдуллоев ватанига қайтиш ўзи учун ўта хавфли эканини билдирган.

“Miami Herald”нинг ёзишича, Гуантанамо қамоқхонасидаги Хитой, Тунис ва Ливиядан бўлган маҳбуслар ҳам ўз мамлакати миллий хавфсизлик хизматларидан шундай таклиф олганларини маълум қилганлар.

Манбага кўра, АҚШнинг собиқ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд хорижлик терговчиларга маҳбуслар билан музокара ўтказиш ҳуқуқини берган.

Хўш, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралар ходимлари тожикистонлик маҳбус билан ҳақиқатан ҳам учрашганми?

Бу саволимизни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам жавобсиз қолдирди.

Гуантанамо маҳбусларини ватанига қайтариш тадбирларида қатнашиш ҳуқуқига эга Қизил Ярим Ҳоч ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси расмийлари ҳам Умар Абдуллоев тақдири ҳақида суҳбатлашишни истамадилар.

Бироқ биз Умаров билан учрашган ва айни пайтда Тожикистоннинг Шаҳритус туманида яшаётган Гуантанамонинг собиқ маҳбусларидан бири Зайналобиддин Меърожов билан боғланиш имконига эга бўлдик.

- Мен уни бир кеча Гунатанамода кўрган эдим. Мени блокка олиб келишди, уни эса гаупвахтадан олиб чиқишди. Жазо муҳлати тугаган эди. Ўртамизда шиша девор бор эди, 45 дақиқа суҳбатлашдик. Кейин уни кўрмадим, дейди собиқ маҳбус Меърожов.

Гуантанамо қамоқхонасида 11 та тожикистонлик маҳбус бўлганини тасдиқлар экан, суҳбатдошимиз улар бир-бирлари билан очиқ суҳбатлашишга кўпам журъат қилавермаганларини таъкидлайди.

- У ер кўнглингни бировга очадиган жой эмас эди. “Тағин жосус бўлмасин” деб ҳамма бир-биридан чўчир эди ва ичидагисини ташқарига чиқармасди. Тўғрироғи, ҳеч ким ҳеч кимга ишонмасди, дейди Меърожов.

Умар Абдуллоев Душанбедан 30 километр нарида жойлашган Ҳисор туманининг Шарора қишлоғида туғилиб ўсган.

Маҳбуснинг адвокатига кўра, 1992 йил Тожикистондаги ички низолар чоғида Афғонистонга қочиб ўтганида Умар Абдуллоев 13 ёшда бўлган.

У 11 сентябр воқеаларидан кейин Покистонда қўлга олиниб, Гуантанамога олиб кетилган.

Америкалик адвокат Оҳара Ню-Йоркдаги воқеалар ва Афғонистондаги террорчиларга қарши амалиёт чоғида асоссиз равишда қўлга олинган Умаровнинг ватанига экстрадиция қилиниши олдини олишга уринаётганини таъкидлайди.

“Miami Herald” рўзномаснинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти масъуллари Абдуллоевни унинг розилигисиз Тожикистон ихтиёрига топширмасликларини билдирган. Зеро, америкалик дипломатларга кўра, бу Қўшма Штатлар ташқи сиёсатига хилоф ҳаракатдир. Давлат департаменти расмийлари аввало Абдуллоевнинг хавфсизлиги кафолатланиши зарур, деган фикрдалар.

Расмий манбаларга кўра, Тожикистонда Гуантанамонинг 10 нафар собиқ маҳбусидан иккиси бу мамлакат Олий суди ҳукми билан 17 йилданга озодликдан маҳрум этилиб, республика қамоқхоналарида жазо муддатини ўтмоқдалар. Қолганлари эса кундалик ҳаётга қайтган.

Уларнинг аксарияти Ал-Қоида, Толибон ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзолик айби билан Афғонистон тупроғида қўлга олиниб, кейинчалик айблари исботланмагани сабабли Гуантанамода узоқ муддат қолиб кетганлар.

Тожикистондаги ички низолар чоғида Афғонистонга қочиб ўтган журналист Муҳиддин Идизода Гуантанамо маҳбусларининг қисмати Тожикистондаги фуқаролик урушининг қайғули саҳифаларидан бири эканини айтади.

Журналистга кўра, Гуантанамодаги тожик маҳбусларининг кўпи Эрон, Покистондаги диний мактаблар талабалари бўлган. Улар тасодифан толиблар қўлига тушиб қолган ва уларга хизмат қилишга мажбур қилинган.

- Афғонистонликлар арзимаган 3 минг доллардан 10 минг долларгача маблағ эвазига тожикистонликларни қўлга олиб, кейинчалик америкаликларга пуллашарди. Минг шукурким, бугун ватандошларимизнинг айбсизлиги исботланди. Ва уларнинг аксарияти ватанга қайтди, дейди Идизода.

Айни пайтда Американинг Тожикистондаги элчихонаси матбуот хизмати масъули Жаклин Маккенан биз билан ўзаро суҳбатда ҳозирча Гуантанамода қолаётгани айтилаётган Умар Абдуллоев ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини ва бу борада етарли маълумот олиш учун Вашингтонга мактуб йўллаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG