Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Роғун баҳси илмий доирага кўчди


Тожикистон расмийлари Роғун ГЭСи лойиҳаси собиқ иттифоқ давридаёқ экспертизадан ўтганини таъкидлаб келадилар.
Тожикистон расмийлари Роғун ГЭСи лойиҳаси собиқ иттифоқ давридаёқ экспертизадан ўтганини таъкидлаб келадилар.

Роғун ва унинг тўғон баландлиги ҳамда бу гидроиншоотнинг зилзилабардошлилиги Марказий Осиё, МДҲ ва Европанинг бир қатор давлатларидан келган олимлар орасида турли баҳсларга сабаб бўлмоқда.

“Зилзила оқибатларини камайтириш” мавзуида Душанбе шаҳрида тўрт кундан буён давом этаётган халқаро анжуманда зилзилашунос мутахассислар Роғун тўғони хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратдилар.

Зилзилабардош конструкциялар бўйича ўзбекистонлик мутахассис Шомил Ҳакимов фикрича, Роғун тўғони тожиклар истаётгани каби 300 метр баландликда қурилса, кучли зилзилаларга бардош бера олмаслиги ҳам мумкин. Чунки, Ҳакимовга кўра, баланд тўғон кучли ер силкиниши ва сув босимидан ёрилиб кетиш эҳтимоли катта.

- Бу масала оғир ҳозир. Чунки бу катта иншоот ва минтақа барча мамлакатлари учун хавфли. Айтайлик, Тожикистонда тўғон ўпирилса, Ўзбекистонга ҳам зарари тегади, дейди Шомил Ҳакимов.

Аммо, ўзбекистонлик вакилнинг айтишича, минтақа давлатлари ва бу ҳудуддаги миллионлаб аҳоли ҳаёти учун ўта муҳим бўлган Роғун масаласида тожик расмийлари хорижлик олимлар ва мутахассислар фикрларини эътиборга олмаяпти.

- Бу соҳада ўз мамлакатидаги олимлар билан чекланибгина қолмаслик керак. Чунки бу масала атрофида турли хил фикрлар мавжуд. Шуни назарга олган ҳолда, чет эллик олимларни ҳам бу ишга жалб қилиб, мазкур муаммони биргаликда ҳал қилиш зарур. Олимлар ўзларининг якуний хулосаларини айтишлари керак.

Марказий Осиёда қурилаётган йирик гидроэнергетик иншоотларнинг зилзилабардошлилигини таъминлаш бутун минтақа учун муҳим, дейди ўзбекистонлик олим.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам, ўзбекистонлик мутахассислар ҳам Роғун ўз давлати ва қолаверса, бутун минтақа экологияси ва хавфсизлиги учун таҳдид солажагини таъкидлашдан чарчамаётган бир пайтда Тожикистон томони ҳам бу мулоҳазалар асоссиз эканини урғулашдан тўхтамаяпти.

Хусусан, ўзбекистонлик касбдошларининг хавотирларида асос йўқлигини таъкидлаган зилзилашунос олим Собит Неъматуллоев Роғун ГЭСи лойиҳаси собиқ иттифоқ давридаёқ тайёрланганини ва бунда ўзбекистонлик мутахассислар бевосита қатнашганини қайд этади.

- Роғун зилзилабардош конструкцияларга киришини Ўзбекистон яхши билади. Ўзбекистон сувдан хавотир олмоқда. Улар “Роғун ишга тушса, Тожикистон дарёлар сувини жиловлаб олади” деган хавотир билан шу асоссиз гапларни тарқатиб юришади.

Лекин биз масаланинг ечимини топганмиз. Сарез кўлидан Ўзбекистонга сув берамиз, шу билан Сарез кўли хатари ҳам камаяди ва Ўзбекистоннинг ҳам хавотири сўнади. Роғун атрофидаги баҳсларга ҳам якун ясалади, деди ўзаро суҳбатда тожикистонлик олим.

Аммо Жаҳон банкининг мазкур анжуманда қатнашаётган вакили Александро Пальмиери бу билан олам гулистон бўлишига ва Роғун атрофидаги баҳслар, даҳанаки жанглар тугашига шубҳа қилишини айтади.

- Роғун қурилса, бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлади. Мазкур гидроиншоот зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган. Бошқа томондан, тўғон қурилишига доир илғор технология бундай хавфни бартараф қилиши ҳам мумкин.

Бироқ, шунга қарамай, Тожикистон Роғун лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза ўтказиши шарт. Бу ўта мураккаб, аммо амалга оширса бўладиган иш, деди Жаҳон банки вакили.

“Демак, Ўзбекистоннинг бу борадаги хавотирларида асос бор, шундайми?” сўраймиз Александро Пальмиеридан.

- Бу ерда гап Ўзбекистон хавотирларида эмас. Гап қурилажак объект маҳаллий аҳоли, давлат миллий хавфсизлиги ва бутун минтақа талабларига жавоб бериши шартлигида. Агар бу йўналишда барча мақсадларга эришилса, нега уни қурмаслик керак? деди Жаҳон банки вакили.

“Зилзила оқибатларини камайтириш” мавзуида Душанбе шаҳрида 7 июл куни бошланган халқаро анжуман 11 июл куни ўз ниҳоясига етади.

Анжуман сўнгида дунёнинг 9 давлатидан келган вакиллар минтақада қурилаётган йирик гидроиншоотлар лойиҳаси муҳокамасида зилзилашунос олимлар фикрлари ҳам назарга олинишини сўраб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига мурожаатнома ҳозирлашлари кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG