Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

Бош прокурор айбланувчилар тарафдори


Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов Олий суд ҳукмини "ноқонуний ва адолатсиз" дея баҳоламоқда
Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов Олий суд ҳукмини "ноқонуний ва адолатсиз" дея баҳоламоқда

Тожикистон бош прокурори Олий суд ҳакамларидан бирини судланувчиларга нисбатан соҳта айбловларни қўллаб, "адолатсиз ҳукм" чиқарганликда гумонламоқда.

Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов Сўғд вилояти собиқ депутати Низомхон Жўраев тарафдорларидан иборат бўлган гуруҳнинг жиноят ишигша ҳакамлик қилган Олий суд судяси Нур Нуров чиқарган ҳукмни “адолатсиз”, деб баҳолади.

Бош прокурор ўз иш фаолиятида бундай адолатсиз ва ноқонуний ҳукмни эслай олмаслигини таъкидлади:

- Бу ишни тасдиқлаётиб, ундан “уюшган жиноий гуруҳ” моддаси бўйича абйловни олиб ташлагандик. Сўнгра уни Олий суд ихтиёрига юбордик.

Аммо айблов ҳукмида бу модда қолдирилган ва бундан судя тергов жараёнини писанд қилмаган деган маъно келиб чиқади.
Прокурор бекор қилган моддаларни ҳам қўшиб Низомов гуруҳига аъзоликда айбланган 31 кишига 10 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Хўжандда ўтказилган суд жараёнларининг ўзига давлат бюджетидан 100 минг сомоний (тахминан 23 минг долар – таҳр.) сарфланган. Судьянинг ўзи эса 20 минг сомоний (4 минг доллар – таҳр.) командировочний олган, - деди Бобохонов.

Аксарияти исфаралик бўлган ва Исфара туманидаги кимё корхонаси собиқ раиси Низомхон Жўраев жиноятларига шериклик, яъни одам ўлдириш, йўлтўсарлик, ноқонуний қурол сақлаганлик, давлат мол- мулкини ўзлаштириш ҳамда пул ювиш каби жиноятларда айбланаётган 33 киши устидан суд жараёни 2008 йил ўрталарида бошланган эди.

Бош прокурор адолатсиз ўтганини таъкидлаётган суд жараёни шу йилнинг 10 июнида Сўғд вилоятида ниҳоясига етган.

Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, қора курсига ўтирган 33 кишидан фақат икки нафари суд залидан озод қилинган, аммо қолган 31 киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Аммо Низом Жўраев 2007 йил жиноят иши очилгандан сўнг мамлакат ташқарисига қочиб чиққани ва хориж мамлакатларидан бирида бошпана топгани айтилмоқда.

Бош прокурор Тожикистон Жўраевга нисбатан халқаро қидирув эълон қилганини таъкидлади.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон Олий суди судяси Нур Нуровга ҳам мурожаат қилдик.

Судья ўзаро суҳбатда чоғида чиқарилган ҳукм ҳали қонун кучига кирмаганини ва кирган тақдирда ҳам унинг адолатли ёки адолатсизлигига доир сўнгги хулосани Олий суд коллегияси чиқаришини айтди.

Душанбелик ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов бош прокурорнинг суд ҳукми адолатсизлигига доир даъволарида ҳақлигини, бироқ Қонун сўнги сўзни судларга берганини таъкидлади.

- Бош прокуратура судлар ҳукми устидан эътироз қилишга ҳақлидир. Аммо қонунчилигимиз энг сўнгги сўзни хоҳ у пастки пағона бўлсин, хоҳ юқори пағона бўлсин, судларга берган,- деди Ҳакимов.

Бобожон Бобохоновнинг Олий суд ҳукми адолатсизлигига оид эътирози Низом Жўраев гуруҳига аъзолик айби билан судланганларнинг яқинлари Бош прокуратура биноси қошида тўпланиб, судланувчилар ҳақ-ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимояланишини талаб қилган бир вақтга тўғри келди.

Норозилар ўз шикоятлари ҳуқуқ идорларида назарга олинмаса Президент ва бир қатор халқаро ташкилотларнинг мамлакатдаги ваколатхоналарига мурожаат этишларини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG