Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Чегара яна ёпилди


Айрим маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасининг ёпилишига Тавилдарадаги қуролли тўқнашувлар сабаб бўлган.
Айрим маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасининг ёпилишига Тавилдарадаги қуролли тўқнашувлар сабаб бўлган.

Тожикистон Давлат чегара қўмитасидан олинган маълумотга кўра, ўзбек-тожик чегарасининг бир қисми Ўзбекистон ҳукумати қарори билан яна бир томонлама тартибда ёпиб қўйилган.

Сўғд вилоятининг Конибодом туманида яшовчи Мақсуд Жўраев Озодликка қўнғироқ қилиб, 12 июл куни Конибодомнинг “Патар» ва Ўзбекистоннинг «Андархон» чегара постлари бир томонлама бутунлай ёпилганлигини билдирди.

- Андижонда қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтгандан кейин “Андархон” чегара постига танк ва БТРларни тортиб келинди, блок постлар қўйилди. Ҳарбийлар сони ортди.

Ўшанда одамларнинг чегарадан ўтиши ҳам кескин камайтирилган эди. Мана энди бу чегара бутунлай беркитилган. Тавилдарада юз берган қуролли тўқнашувлар бунга сабаб бўлган.

Ўзбекистон томонида ҳам, Конибодом томонида ҳам юзлаб оддий одамлар чегарадан ўтолмай боши қотган.

Ҳар куни Бешариқ, Қўқон ва бошқа туманлардан келган ўзбекистонликлар Конибодомга мева, сабзавот, кийим - кечак олиб келиб савдо қилишарди. Конибодомдан ўзларига керакли нарсалар сотиб олишарди. Мана иккинчи кундирки, улар рўзғори учун ҳеч нима ишламади, деди жумладан Мақсуд Жўраев.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси билан боғландик.

Ўзбекистон элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов тожик - ўзбек чегарасидаги вазият Тавилдара воқеалари билан боғлиқ эмаслигини айтди.

- Тожикистоннинг Фарғона вилояти билан чегарадош туманларидаги чегара постларнинг ёпилиши Андижон ва Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларга боғлиқ.

Чегаранинг ёпилганлиги Тавилдара воқеалари билан боғлиқлиги ҳақида бизда аниқ маълумот йўқ. Лекин илгари чегаралар Андижон воқеалари сабабли ёпилганлигини биз биламиз, дейди Зафаржон Раҳимжонов.

Айни пайтда Қирғизистон ҳам чегарани қаттиқ қўриқлаш режимига ўтганлиги маълум бўлди.

- Айни пайтда чегарани қўриқлаш кучайтирилган. Мен республика Мудофаа вазирлигининг вилоятдаги вакиллари билан суҳбатлашганимда, улар чегара ҳудудларида аскарларнинг кўпайганлигини минтақада ҳарбий машқлар ўтказилаётганлиги билан боғлашди, деди Озодликнинг қирғиз-тожик чегара ҳудудларидаги мухбири Жениш Айдаров.

Тожикистон қўшни Афғонистон билан 1000 километрлик чегарага эга. Сўнгги пайтларда Афғонистонда толибон ҳаракатининг янада фаоллашгани баробарида¸ Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий лагерларда тайёрланган жангариларнинг ҳам Тавилдара ва Жирғатолда ўрнашиб олгани ҳақда хабарлар чиқмоқда.

Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида ҳарбий малакага эга бўлган маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳам ҳозирда ушбу гуруҳларга қўшилаëтгани айтилмоқда.

Қирғизистон ҳарбий разведкаси очиқлаган маълумотларга кўра, биргина Тавилдара ва Жирғатол туманларида 800 ортиқ жангарилар тўпланган ва улар қўшни давлатлар хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Шу муносабат билан Қирғизистон томони ўз жанубий ҳудудларини янада қаттиқроқ қўриқлаш мақсадида чегарага қўшимча кучларни жалб қилган.
XS
SM
MD
LG