Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:05

Тожик ёшлари Тавилдарани тарк этмоқда


Тожикистон Тавилдараси шу кунда яна жанггоҳга айланган.
Тожикистон Тавилдараси шу кунда яна жанггоҳга айланган.

Тожикистоннинг Тавилдара туманида ҳукумат кучлари ва “шайх Неъмат” лақаби билан танилган Неъмат Азизов қуролланган гуруҳи ўртасида отишма давом этмоқда.

Бугун эрталаб Тавилдарадан Душанбега қайтаётганимизда соат 8 эди.

Тахминан 40 километрча йўл босганимиздан кейин Ёфуч қишлоғи яқинидаги тоғ этагида тахминан 20 чоғли ҳарбийга дуч келдик.

Улар тоғ тепасида жойлашган қуролли гуруҳнинг ҳужумини кутиб туришарди. Яна уч-тўрт ҳарбий эса БМП орқасида вазиятни назорат қилиб туришарди.

Машинамизни кўрган ҳарбийлар “тез ўтинг” ишорасини қилди.

Катта тезликда бу ҳудудни тарк этар эканмиз, икки ўртада отишма бошланди. Лекин бизга машинани тўхтатиш ва воқеани кузатиш ёки отишма овозларини ёзиб олишга рухсат берилмагани сабабли ноилож йўлимизда давом этдик.

Кўп ўтмай, қаршимиздан тез ёрдам машинаси ва куч ишлатар тизим ходимлари жойлашган ҳарбий машина катта тезликда ўша томонга ўтиб кетди.

Ёфуч қишлоғидан анча ўтиб, Навобод туманига тегишли Ҳавзи Кабуд ҳудудида яна кўплаб аскарлар ва ҳарбий техникага дуч келдик.

Тожикистон куч ишлатар тизими ходимлари машинамиз ва ҳужжатларимизни текширувдан ўтказишди. Ўша аскарлардан бири ҳайдовчимизга кеча тунги соат бирларда Неъмат Азизов гуруҳи Ҳавзи Кабуддаги постга ҳужум қилганини айтибди.

- Кеча тундаги ҳужумда шу постда беш аскар отиб ўлдирилибди, деди ҳайдовчимиз ўз ўриндиғига жойлашар экан.

Бу манзара Тожикистоннинг Тавилдарасида ҳукумат кучлари билан асли тожикистонлик, республика фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг собиқ ходими Неъмат Азизовнинг қуролланган гуруҳи ўртасидаги зиддият кучаяётгани ва бу ҳудуддаги вазият тобора таранглашаётганини яққол кўрсатарди.

Бу, ўз навбатида, тавилдараликларнинг ўз уйларини тарк этишларига сабаб бўлмоқда экан.

Ғарибон қишлоғида яшовчи Саттор аканинг айтишича, асосан бўй етган қизлар ва ҳарбий хизмат ёшига етиб қолган йигитлар Душанбе шаҳрига чиқиб кетмоқда экан.

- Ўзимизнинг қишлоғимиз, мана рўпарамиздаги қишлоқлар - Шур, Чилдара қишлоқларидан ҳамма қочиб чиқди. Асосан ёш қизлар, йигитлар қочишаяпти. Қишлоқларда фақат қариялар қолишаяпти. Мол-ҳоллар ҳам уларнинг зиммасида қолаяпти. Чунки Тожикистонда бўлган ўша урушларда мужоҳидлар қизларни олиб кетишар эди. Тоғлардан тушиб келаётган бу соқоллилар яна қизларимизни олиб кетмаслигига ким кафолат бера олади?

Ҳозир катта ғам-ташвишда қолдик. Шу кунларда Сурхав қишлоғида уруш кетаяпти, у ерда яқинларимиз бор. Телефонда гаплашиб, ҳолларидан хабар олиб турибмиз. Улар ҳам асосан қизларни қишлоқдан чиқаришаётган экан, дейди Саттор ака.

Ўз номини айтмаган бошқа бир суҳбатдошимиз Тавилдарада битта Неъмат Азизов гуруҳи эмас, балки Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолларидан экани айтилаётган мулло Абдулло гуруҳи ҳам борлигини айтади.

- Мирзо Зиёев ўлдирилганидан кейин Лабижар постида ГАИ ходимларига тунда ҳужум қилган гуруҳ мулло Абдуллонинг гуруҳи бўлган. Милиция ходимларининг айтишича, ўша ҳужумда ҳукуматга тегишли битта БМП йўқ қилинган, лекин қурбонлар ва яраланганлар ҳақида маълумот йўқ. Мулло Абдулло ҳукуматдан вазифа сўраган эмиш, дейди суҳбатдошимиз.

Исмини ошкор қилмаган суҳбатдошимиз Тавилдарада икки гуруҳ ўртасида эълон қилинмаган уруш бораётганини айтаркан, бунинг ҳокимият учун олиб борилаётган уруш эканини таъкидлайди.

Биз Тавилдарада бўлганмизда вазиятни кузатиш билан бир қаторда маҳаллий аҳолининг Мирзо Зиёев ўлимига нисбатан муносабати билан ҳам қизиқдик. Тавилдараликларнинг аксарияти Мирзо Зиёев туфайли бу ҳудуд обод бўлганини, у етимлар ва кам таъминланган оилаларга ҳар доим ёрдам бериб келганини қайта-қайта таъкидлашарди.

Мирзо Зиеёв бирор жиноий гуруҳ ёки наркотиклар ноқонуний савдосига алоқаси бўлмаганини таъкидлаган бир суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг ўлими кўпроқ ҳукуматга керак бўлган. Унинг айтишича, жиноий гуруҳ билан музокара баҳонасида Чилдара қишлоғига олиб кетилган Мирзо Зиёев айнан ҳукумат кучлари ўқидан ҳалок бўлган.

15 июл куни эрталаб Тавилдарага кириб борар эканмиз, ҳужжатларни кўздан кечираётган куч ишлатар тизими ходимлари нотаниш йўловчиларнинг ҳаммасидан: “Сиз журналист эмасмисиз?” деб сўраётганининг гувоҳи бўлдик. Бу савол бизга ҳам берилди. Узоқ текширув ва тинтувлардан сўнг йўлда давом этар эканмиз, ҳайдовчимиздан бунинг сабабини сўрадим.

- Ҳукумат Тавилдарада аслида нима бўлаётганининг ошкор бўлишидан қўрқади. Шунинг учун ҳам бу ҳудудга журналистлар киришини истамайди, дея жавоб берди ҳайдовчи.

Ҳайдовчимиз ҳам Мирзо Зиёев ноҳақлик қурбони бўлгани ва узоқ йиллар Тожикистон ҳукуматига хизмат қилган бўлишига қарамай, генерал сифатида эмас, балки Ўзбекистон исломий ҳаракат аъзоси ва террористларни молиялаштирган жиноятчи сифатида сўнгги йўлга кузатилганидан афсусланди.

Ўз навбатида, кеча Озодлик радиосининг тожик хизмати почтасига юборилган 17 минутлик аудиоёзувда Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ЎИҲнинг Тавилдарада содир бўлаётган воқеаларга масъул экани юзасидан Тожикистон ҳукумати томонидан қилинган иддаоларга муносабат билдира туриб, Мирзо Зиёев ҳеч қачон бу ташкилот аъзоси бўлмаганини таъкидлаган эди.

Аснода Тожикистоннинг Тавилдарасида Мирзо Зиёевнинг қадрдонларидан саналган Неъмат Азизов гуруҳи билан ҳукумат кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Тавилдараликларнинг айтишларича, Неъмат қўмондон гуруҳи Мирзо Зиёев ўлимидан кейин ҳукуматга қарши ҳужумларини кучайтирган.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 11 июл куни Мирзо Зиёев ўлими билан боғлиқ ҳодиса юзасидан тарқатган баёнотида унинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларидан бўлгани ва наркотиклар ноқонуний савдосидан тушган катта маблағларни Афғонистондаги террористик гуруҳларга юбориб турганини билдирганди.

“Олиб борилган қатор тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бу гуруҳнинг бир неча аъзоси қўлга олинди. Жумладан, Тожикистонга келган чечен миллатига мансуб россиялик беш нафар фуқаро ҳам қўлга олинди. Тергов чоғида маълум бўлишича, уларнинг мақсади Мирзо Зиёев наркотик моддалар савдосида қўлга киритган катта маблағни Афғонистондаги террористик гуруҳларга етказиб бериш бўлган”, дейилади вазирлик баёнотида.
XS
SM
MD
LG