Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

"Мемориал" Эстемирова ўлимида Қодировни айбламоқда


Наталья Эстемированинг ўлдирилиши Россия ва хориждаги фуқаролик жамияти фаолларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Наталья Эстемированинг ўлдирилиши Россия ва хориждаги фуқаролик жамияти фаолларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Грознийда истиқомат қилган Наталья Эстемирова Россиянинг 1999 йилда Чеченистонда олиб борган иккинчи урушидан буён республика бўйлаб содир этилган қотилликлар, қийноқлар қўлланилиши ва одам ўғирланиши билан боғлиқ барча ҳолатларни қайд этиб келган.

50 ёшли Естемирова Инсон ҳуқуқлари “Мемориал” ташкилотининг Чеченистондаги фаол ходимларидан бири эди.

“Мемориал” ташкилоти раҳбари Олег Орлов Озодликка берган интервьюсида Эстемированинг ўғирланишига Рамзон Қодировга бўйсунувчи хавфсизлик кучларининг алоқаси бор, деган фикрда.

- Рамзон Қодиров шахсан Эстемирова фаолиятидан норози эди. Қодиров ўзаро мулоқот чоғида шахсан Эстемировага тахдид қилган.

Наталья Қодировнинг гапларини бизга айтиб берган. Ўшанда Қодиров: “Менинг қўлларим тирсаккача қонга ботган, бу ҳақиқат. Мен бундан уялмайман. Мен ёмон одамларни ўлдирганман, бундан кейин ҳам буни давом эттираман” деган ва ундан сўнг Эстемировани ҳақоратлаб, унга таҳдид қилган, дейди Олег Орлов.

Эстемирова 15 июл куни Грознийдаги уйи олдида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди ва бир неча соат ўтгач унинг жасади қўшни Ингушетия ҳудудида топилди.

Ҳуқуқ фаолининг ўлдириб кетилишига биринчилардан бўлиб муносабат билдирган АҚШ маъмурияти ушбу жиноятни кескин қоралади.

Халқаро амнистия ташкилоти эса Эстемированинг ўлдирилишини Россия жамиятининг оғзини ёпишга бўлган яна бир уринишдир, дея баҳолади.

Эстемирова ўлими Қодировнинг рақиб ва танқидчиларининг отиб кетилишига оид ечилмай қолаётган жумбоқлардан яна биридир.

Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири журналист Анна Политковская Москвада, яна бири - Қодировнинг собиқ тан соқчиси эса Венада отиб кетилган эди.

“Новая Газета” муҳаррири Дмитрий Мурадов Қодировнинг яна бир танқидчиси адвокат Станислав Маркелов Москвада отиб кетилганидан сўнг Эстемирова билан гаплашганини эслайди:

- Мен Наташага иложи борича тезроқ кетиш кераклигини айтдим. Мен унга ҳеч ким ёрдам бермаслиги, уларни ҳеч нарса тўхтатмаслиги ва имкон қадар тезроқ кетиши кераклигини айтганман. У эса менга: "вазият назорат остида", деган эди, дейди Дмитрий Мурадов.

Расмий Москва жорий йил бошида терроризмга қарши Чеченистонда олиб борилган амалиётларни бекор қилган эди. Бироқ сўнгги ойлар давомида Чеченистон ва унга туташ Ингушетия ва Доғистон каби ўлкаларида бир неча зўравонлик содир этилди.

Ҳуқуқ фаолининг ўлдирилишидан ғазабга келган Россия президенти Дмитрий Медведев Бош прокуратурага мазкур жиноят юзасидан пухта тергов олиб боришга топшириқ берди.

Айни пайтда Чеченистон президенти Рамзон Қодировнинг ўзи ҳам Эстемированинг ўлдирилишини қоралаб чиқди:

-Биз албатта ушбу жиноятни фош қиламиз ва айбдорлар жазоланади, деди Чеченистон президенти.

“Новая Газета” муҳаррири Дмитрий Мурадовга кўра, эндиликда Эстемированинг ўлдирилиши юзасидан икки версияни ўртага ташланади.

- Биринчиси, уни Қодиров ўлдирган. Иккинчиси эса, Эстемирова Қодировни ёмон отлиқ қилиш учун ўлдирилган. Энди ҳамма бу версияларни муҳокама қилади. Бироқ гап бунда эмас. Гап шундаки, мамлакатнинг баъзи жойларида конституцияга риоя қилинмас экан, у ерда ҳар қандай иш рўй бериши мумкин, дейди Дмитрий Мурадов.
XS
SM
MD
LG