Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:41

Қирғизистон президент сайлаяпти


23 июл куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00 очилган овоз бериш участкалари кечки соат 20:00 да ёпилади.
23 июл куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00 очилган овоз бериш участкалари кечки соат 20:00 да ёпилади.

Олти номзод иштирок этаётган президентлик сайловини беш юздан зиёд халқаро кузатувчи, ўттиз мингдан зиёд маҳаллий кузатувчи кузатиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Қирғизистондаги энг олий лавозим учун олти номзод кураш олиб бормоқда. Улар амалдаги президент Қурмонбек Бакиев, мухолифатдан ягона номзод Алмазбек Атамбаев, “Оқ шумқор” партияси раиси Темир Сариев, Нотижорат ташкилотлар ассоциацияси раисаси Тўқтайим Уметалиева, нарколог-шифокор Женишбек Назаралиев ва “Азамат компани” МЧЖ бош директори Нурлан Мўтуевлардир.

Қирғизистон марказий сайлов комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, бугун республика бўйлаб 2333 та сайлов участкаси, 56 та туман, Бишкек ва Ўш шаҳар сайлов комиссиялари ташкил этилган. Шунингдек, хориждаги қирғизистонликларнинг овоз беришига шароит яратиш учун жаҳоннинг 23 мамлакатида 49 сайлов участкаси очилган.

МСК маълумотига мувофиқ, сайлов муносабати билан 2 миллион 872 минг 181 бюллетен чоп этилиб, участка сайлов комиссияларига етказилди. Сайловчилар рўйхатига 2 миллион 718 минг 818 фуқаро киритилди.

Қирғизистондаги президентлик сайловини 48 мамлакатдан келган 516 та халқаро кузатувчи, 30 мингга яқин маҳаллий кузатувчи кузатиб бормоқда.

Президентлик сайловини ёритиш учун халқаро оммавий ахборот воситаларидан 85 киши Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясида аккредитациядан ўтган. Шунингдек, Қирғизистондаги асосий сиёсий воқеани юзлаб маҳаллий ОАВ вакиллари ҳам ёритиб бормоқдалар.

Айни пайтда Қирғизистондаги 20 дан зиёд партия вакиллари ҳам сайлов жараёнини кузатиб бормоқда.

Бугун маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00 очилган овоз бериш участкалари кечки соат 20:00 да ёпилади.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси овоз бериш жараёнининг бориши бўйича вақти-вақти билан маълумот бериб туриш ҳақида эълон қилган.

МСКдан олинган маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 гача қирғизистонлик сайловчиларнинг қарийб 11 фоизи (310 972 киши) овоз бериб бўлган.

Қирғизистонда президентлик сайлови хавфсизлик чоралари кучайтирилган тартибда ўтказилмоқда. Сайлов куни хавфсизликни таъминлаш учун 5000 дан зиёд милиция ходими жалб этилган.

Овоз бериш арафасида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 300 дан зиёд ноқонуний қурол-аслаҳа мусодара этилганини билдирди.
Бакиев ўзи учун овоз берди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00
XS
SM
MD
LG