Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Туркшўрновадан ўзбеклар ҳайдалдими?


Ўзбекистон телеканаллари¸ туркшўрнаволик ўзбекларнинг тожик ҳарбийлари томонидан ўз уйларидан кўчага ҳайдалганини даъво қилмоқда.
Ўзбекистон телеканаллари¸ туркшўрнаволик ўзбекларнинг тожик ҳарбийлари томонидан ўз уйларидан кўчага ҳайдалганини даъво қилмоқда.

Ўзбек матбуоти Тожикистоннинг Панжакент туманида яшовчи Ўзбекистон фуқароларининг тожик ҳарбийлари томонидан ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилаётганини даъво қилмоқда.

Сўғд вилоятининг Панжакент туманига қарашли Туркшўрнова қишлоғида яшаб келган Ўзбекистон фуқароларининг 42 оиласи¸ ўзбек телеканалларига кўра¸ Ўзбекистонга кўчиб келган.

Расмий Тошкент назоратида бўлган ўзбек оммавий ахборот воситалари¸ ўзбекистонликларнинг гўë муқим яшаб турган жойларидан зўрлик билан ҳайдаб чиқарилганини даъво қилмоқда.

Бир ҳафтадирки Ўзбекистон биринчи телеканали ва Самарқанд вилоят телевидениесида тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбийларнинг тинч аҳоли яшайдиган турар жойни қуршаб олгани, аҳоли қишлоқ марказига ҳайдаб чиқарилгани ва уларнинг бор-бисоти рўйхатга олингани тўғрисидаги лавҳаларни намойиш этмоқда.

Ўзбекистон телеканалларидаги маълумотларга ишонадиган бўлсак, одамлар машиналарга юкланиб, Ўзбекистон чегарасига олиб келинган¸ Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ўтиб бўлгунга қадар¸ қуролланган тожик ҳарбийлари уларни қўриқлаб турган.

“Тожикистон томонининг бундай ҳаракатлари Сталин давридаги қатағонни эслатади”, деб даъво қилди Ўзбекистон биринчи телеканалида намойиш этилган кўрсатув муаллифлари.

Аммо тожик расмийлари Ўзбекистон телеканалларида баён қилинган воқеаларнинг ҳақиқатдан узоқ эканини айтадилар:

- Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилаётган сюжетлар ва Тожикистонга нисбатан қўйилаётган айбловлар ҳақиқатдан йироқ.
Туркшўрнова қишлоғи аслида Тожикистон ҳудуди ҳисобланади. Бу расмий ҳужжат билан ҳам тасдиқланган.

Шу боис бу қишлоққа кўчиб келиб қолган Ўзбекистон фуқаролари тақдирини икки республика ҳукуматлари томонидан тузилган махсус комиссия ҳал қилган.

Туркшўрнова қишлоғига ҳарбийлар олиб кирилмаган, деди Панжакент туман ҳокимияти расмийси Аббос Ҳамроҳзода.

Панжакентлик журналист Раҳимберди Бердиевнинг айтишича, аслида Туркшўрнова қишлоғи масаласи анча мураккаб.

- Туркшўрнова қишлоғи Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги Ургут тумани билан чегарадош. Бу қишлоқнинг ярми Ўзбекистон ҳудудига кириб борган.

Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам бу қишлоқни ўзиники деб ҳисоблайди, яъни ҳозирча Туркшўрнова анклав бўлиб қолган, десак хато бўлмайди, дейди Раҳимберди Бердиев.

Жорий йил май ойида ўзбек - тожик ҳукуматлараро қўшма комиссияси Панжакент туманидаги Туркшўрнова қишлоғида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ватанларига кўчирилиши хақида қарор қабул қилган.

Мазкур қарорда кимки Тожикистон фуқаролигини қабул қилса, Туркшўрнова қишлоғидан кўчмаслиги мумкинлиги ҳам алоҳида таъкидланган.
XS
SM
MD
LG