Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:17

Парламент - президент сайлови бошланди


Бугунги сайлов Молдованинг қай йўлдан ривожланишини белгиловчи муҳим сиëсий тадбирдир.
Бугунги сайлов Молдованинг қай йўлдан ривожланишини белгиловчи муҳим сиëсий тадбирдир.

29 июл куни молдоваликлар мамлакат янги парламентини сайламоқдалар. Янги парламент эса¸ ўз навбатида¸ Молдованинг янги президентини сайлайди.

Молдовада апрел ойида парламент сайлови ўтказилганида зўравонликлар юз беришини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Ўшанда сайлов натижасидан норози бўлган намойишчилар парламент биносига ўт қўйиб, президент идорасини талон-тарож қилган эди. Зўравонликлар пайтида полиция юзлаб одамни ҳибсга олган. Кейинроқ қамоқхонада маҳбусларнинг оммавий тарзда калтаклангани¸ бир неча нафарининг эса ўлгани ҳақида маълумот тарқалди. Аммо ҳукумат бу маълумотни рад қилди.

Апрел сайловларининг расмий натижасига кўра, сайловда Коммунистик партия 60 фоиз овоз олган. Аммо коммунистлар президентлик лавозимини тарк этаётган Владимир Ворониннинг ўрнига янги президент сайлаш учун зарур бўлган парламентдаги 61 ўринни эмас, балки 60 ўринни эгаллади. Коммунистик партиянинг президентни сайлаш йўлидаги иккита уринишига мухолифат тўсқинлик қилганидан кейин Воронин парламентни тарқатиб юбориб¸ 29 июлда муддатидан илгари сайлов ўтказилишини эълон қилди.

Сайловолди жараëнида кўплаб қонунларнинг бузилгани ҳақида маълумотлар олинди. Озодлик суҳбатлашган қатор раҳбарлар коммунистик партия ва сайлов комиссияси ходимлари томонидан мамлакат бўйлаб мухолифат аъзоларига кенг кўламли таҳдидлар бўлгани ҳамда овозлар учун пул таклиф қилинганини айтдилар.

- Одамлар мухолифат учун кампания олиб боришдан қўрқади. Уларга ўзлари ва аёлларининг ишдан бўшатилишлари ва болалари ҳам ишдан мосуво бўлишлари ҳақда пўписа қилинган, деди Слобозиа шаҳарчаси ҳокими Анатол Завалиска.

Унга кўра¸ мухолифат аъзоларига ҳам ҳибсга олиниш ҳақда таҳдидлар бўлган.

Сўров натижаларига кўра, Коммунистик партия бирлашган мухолифат коалициясидан бироз ортда бормоқда. Аксар молдоваликлар¸ сайлов натижалари коммунистлар ҳаракатига боғлиқ¸ деган фикрда.

Демократик партия аъзоси Игорь Ботан сайловларнингэркин ва адолатли бўлишига ишонмайди.

- Энг катта муаммо овоз бериш куни эмас¸ балки адолатсиз сайловолди кампаниясидир. Коммунистлар тарафдори бўлган оммавий ахборот воситалари овоз берувчиларни тинимсиз ташвиқот қилди. Мухолифатни қўрқитишда полиция кучлари каби маъмурий ресурслардан фойдаланилди. Чунки овоз берувчиларга бунинг таъсири катта, дейди Игорь Ботан.

Айни пайтда¸ Сайловларни назорат қилиш ташкилотининг Европа бўлими ҳомийлигидаги кузатувчилар гуруҳи 28 июл куни Молдова чегарасида тўхтатиб қолинди.

Украина сайловчилари қўмитаси матбуот вакили Александр Черненко Озодликка Украина, Грузия ва қирғизистонлик кузатувчилардан иборат гуруҳ пойтахт Кишинёвда тўхтатилиб¸ улардан 24 соат ичида мамлакатни тарк этиш талаб қилинганини айтди. Унга кўра, бу гуруҳ ўтган ҳафта сайловларни кузатишга рухсат олган.

- Молдова ҳукумати сайловларни камроқ одам назорат қилишини хоҳлайди. Кузатувчиларнинг аксари тасодифий одамлар эмас. Улар ўз мамлакатлари ва хорижий давлатларда ўтказилган ўнлаб сайловларда қатнашган тажрибали кузатувчилар, деди Украина сайловчилари қўмитаси матбуот вакили Александр Черненко.
XS
SM
MD
LG