Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:43

Тожикистонда энергия қимматлади


Тожикистон расмийларига кўра, электр энергияси нархининг қимматлашувига бу мамлакатнинг халқаро банк олдидаги мажбурияти сабаб бўлган.
Тожикистон расмийларига кўра, электр энергияси нархининг қимматлашувига бу мамлакатнинг халқаро банк олдидаги мажбурияти сабаб бўлган.
Тожикистон Савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирнинг биринчи ўринбосари Омонулло Ашуровнинг билдиришича, ҳукуматнинг электр нархини оширишга оид қарори халқаро молия ташкилотлари таклифи асосида амалга оширилган.

Унга кўра, бундан икки йил аввал Тожикистон томони Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан 2010 йилга қадар электрнинг ҳар киловатини 2,5 центга қимматлатиш борасида шартнома имзолаган экан.

- Фақат шу шарт билан халқаро молия ташкилотлари Тожикистоннинг энергетикага доир лойиҳаларига сармоя ётқизишга розилик берган, -дея таъкидлади вазирлик расмийси.

Расмийга кўра, электр нархи АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан қийматига ҳам боғлиқ.

- Валюта қимматлашуви билан электр нархи ҳам босқичма - босқич оширилиб борилади, - дея таъкидлади Ашуров.

“Барқи тожик” ширкати расмийларининг айтишларича, электр энергияси нархнинг оширилиши бу корхонани хорижий ташкилотлардан энергетик лойиҳалар учун олган қарзларидан қутилишига кўмаклашади.

Мустақил кузатувчилар эса Тожикистонда электр нархининг босқичма- босқич оширилиши кам таъминланган оилаларнинг иқтисодий шароитини янада қийнлаштириб қўйишини башорат қилишмоқда.

Кузатувч Шамсиддин Жалолов глобал иқтисодий инқироз ўз салбий таъсирини кўрсатиб турган айни пайтда ҳукуматнинг электр нархини оширишига доир қарор қабул қилганини хатолик сифатида баҳолайди.

- Тожикистонликларнинг аксарияти Россиядаги меҳнат муҳожирлари юборган пул эвазига кун кўришарди. Аммо глобал иқтисодий кризис туфайли бундай оилаларнинг яшаш шароити оғирлашди.

Мана энди унинг ортидан ҳукумат халқаро ташкилотлар олдидаги қарзини узиш қайғусида электр нархини ошириши ана ўшандай оилаларнинг яшаш шароитини янада қийнлаштиради. Ўз навбатида иқтисодий оғир турмуш жамиятдаги мувозанатни бузиши табиий,- дейди кузатувчи.

Шу ўринда айтиш жоизки, Тожикистон жануби ва шимолида яшовчи аҳолининг бир қисми ҳамда аксарият душанбеликлар Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газ билан таъминланиб туриларди.

Аммо Тожикистон томонининг Ўзбекистон олдидаги табиий газга бўлган қарзи тахминан 16 миллион долларга ошганидан сўнг Ўзбекистон газ узатиш ҳажмини 60 фоизгача қисқартирди.

Бу эса ўз навбатида аҳолининг электрга бўлган эҳтиёжини бир неча бараварга оширди.

- Шунинг учун кўпчилик оилалар электр энергиясини тежашмай, кеча -кундуз ишлатишади. Ҳамма иш электр билан битади, - дейди Рудакий туманида истиқомат қилувчи Жаҳонгул ташвишини яширолмай.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Саломатхон ҳукуматнинг бу қароридан “йўғон чўзилиб, ингичка узилиши мумкин”лигини айтади.

- Ўзи 220 сомоний ( тахминан 50 доллар - таҳр.,) ойлик олсам. Қаердан имкониятим етади. Ҳар дойим ойлик 30 фоизга оширилса, нархлар 50 фоизга оширилади. Одамлар бўлса индамасдан кўниб қолаяпти, топаяпти, топмагани қарз қилиб тўлаяпти. Катталар бўлса шунга қараб нархни ошираяпти. Билмасам қандай қилиб яшаймиз экан бу ёғига, - дейди Саломатхон.

Аснода Тожикистон ҳукумати ташқи қарзлардан қутилиш, оддий тожикистонликлар эса электр пулини қандай қилиб тўлаш қайғусида бўлиб турган эсалар-да, ”Сангтўда -1 ГЭС” ширкати раиси Рахметулла Алжанов Тожикистон электрини 3,1 центдан сотиши кераклигини, акс ҳолда тожиклар халқаро молия ташкилотлари олдидаги қарзларни яқин келажакда узиб тугатолмаслигини айтади:

- Бу эса келгусида Тожикистоннинг энергетикага доир янги лойиҳаларининг амалга оширилишига катта тўсиқдир, - дея таъкидлайди Алжанов.
XS
SM
MD
LG