Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:46

Тарихий алоқалар иш бермоқда


Жорий йил биринчи ярмида Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланган. Айни пайтда АҚШ, Германия, Франция каби давлатларнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги ҳиссаси аввалги йилларга қараганда сезиларли даражада камайган.

Ўзбекистон республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотига асосланиб 12.uz ахборот агентлигининг билдиришича, 2009 йил биринчи ярмида Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги ҳиссаси 19,6 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йил шу давридаги кўрсаткичдан 106,5 фоизга кўпдир.

Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланганини аввало икки давлат ўртасида тарихий алоқалар мавжуд бўлгани билан изоҳлади.

- Энергия ресурслари Россия томон оқмоқда. Яна Ўзбекистон харид имкониятлари катта бўлган Россия бозорларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, эртапишар полиз маҳсулотларини юборади. Чунки Россия Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун энг яқин бозор. Учинчидан¸ Ўзбекистон пахтаси қайта ишлаш учун Россиянинг тўқимачилик саноатига сотилади. Бу ҳам тарихий шаклланган алоқадир, дейди британиялик таҳлилчи.

Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев ўзаро савдонинг маҳаллий пулда амалга оширилгани ҳам Россия-Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожига катта ҳисса қўшганини айтади.

- Россия билан савдо қилишда Россия рубли рол ўйнаётган бўлиши керак. Хитой билан савдо қилишда Хитойнинг юани. Шунинг учун бу давлатлар билан савдо ҳажми кўпайган. Ўйлайманки, бу яна ўсади¸ дейди Абдувоҳид Паттаев.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистондан Россияга 1 миллиард 680 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва қарийб 991 ярим миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган.

2008 йил биринчи ярмида Ўзбекистон Россияга 1 миллиард 180 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиб¸ Россиядан 916 миллион долларлик товар импорт қилганди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Швейцария Ўзбекистоннинг иккинчи йирик ҳамкорига айланиб, бу мамлакатнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги ҳиссаси 12,3 фоизни ташкил этган.

Анна Матвеева Швейцария Ўзбекистоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкорига айланганини “Nestle” каби йирик ширкатларнинг Ўзбекистонга катта маблағ ётқизгани ва Швейцария ўз ҳудудида рўйхатдан ўтган хорижликларга қулай бизнес шароити яратгани билан изоҳлайди.

- Швейцарияда хорижликлар учун имтиёзли солиқ тизими жорий этилгани ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис Швейцарияга тегишли бўлмаган¸ аммо бу давлатда рўйхатдан ўтган ширкатлар ҳам маҳсулот савдоси билан шуғулланади. Бу Гулнора Каримовага ҳам, сиёсатга алоқаси бўлмаган бошқа ҳар қандай бизнесга ҳам тааллуқли, дейди британиялик таҳлилчи.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев эса Швейцария Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бирига айлангани юзасидан бошқачароқ фикрда.

- Иккинчи ўринга Швейцария чиқиб қолганини Гулнора Каримова бу мамлакатда бир нечта катта заргарлик дўконларини очгани билан изоҳланади. Швейцарияда президент қизининг заргарлик маҳсулотлари чиқарадиган цехлари, фабрикалари бор, дейишади. Ўша корхоналар ҳисобидан Швейцария иккинчи ўринга кўтарилган бўлиши мумкин. Ўзбекистон ўз ҳисоботларида, масалан, экспорт ёки импорт структураси нимадан иборат эканини, фоиздан ташқари ҳеч қачон натурал кўринишда берган эмас. Шу боис уни таҳлил қилиш қийин, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 6,9 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Анна Матвеева Марказий Осиё республикалари ўртасида савдога оид статистик маълумотлар ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди, деган фикрда.

- Ҳисобга олинмаган савдо, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳисобга олинмаган савдо айланмаси бор. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми расмий маълумотларга қараганда анча юқори бўлиши керак. Солиқ миқдори жуда юқори бўлгани, маҳсулот олиб кириш ва чиқариш қийин бўлгани ҳамда чегарадаги коррупция сабабли кўпгина товарлар ҳисобга олинмаган ҳолда ўтади.

Масалан, мен билган нарса. Ўзбекистонда Қозоғистон уни кўп сотилади. Статистика бўйича Қозоғистондан ун деярли олиб кирилмайди. Шу каби Тожикистонда ҳам Ўзбекистондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари кўп. Статистика маълумотларида эса буни аниқ кўрсатиш имконсиз, дейди Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева.

Ўзбекистон республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 1,2 фоизи Тожикистон ҳиссасига тўғри келган. Абдувоҳид Паттаев фикрича, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан савдо ҳажмини кўпайтириши лозим.

- Қўшнилар билан яхши яшаш керак¸ яхши алоқа қилиш керак¸ яхши савдо қилиш керак. Чунки Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Туркманистон Ўзбекистонга бир қадам. Буларнинг товар айирбошлашида транспорт харажатлари жуда ҳам оз қисмни ташкил қилади. Шу билан бирга, ўша давлатларда бизнинг ўзбекларимиз ҳам яшайди. Шунинг учун бу давлатлар билан қиладиган алоқаларда ўсиш бўлиши керак. Тожикистон билан 1¸2 даражда бўлиши тўғри эмас, дейди Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев.

Ўзбекистон республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил биринчи ярмида Хитой Ўзбекистоннинг учинчи йирик ҳамкорига айланган. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитойнинг ҳиссаси 11,1 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Украинанинг ҳиссаси 7,5 фоизни, Жанубий Корея ҳиссаси 4,7 фоизни, Германия ҳиссаси 2,3 фоизни, АҚШнинг ҳиссаси 1,2 фоизни ва Франциянинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги ҳиссаси 1,1 фоизни ташкил этгани билдирилган.

Абдувоҳид Паттаев Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан савдо ҳажмининг камайганини Ўзбекистонда валюта заҳираси камлиги билан изоҳлади.

Тошпўлат Йўлдошев фикрича эса Ғарб ва Ўзбекистон ўртасида савдо ҳажмининг камайганига Ўзбекистонда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг озайгани сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG