Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:43

Дардим сиғмас оламга...


Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Илк суҳбатдошимиз Жиззахдан. "Жиззахдан ўтувчи газ магистрали билан боғлиқ бир хабарни етказмоқчи эдим"¸ деб гап бошлади суҳбатдош.

- Жиззахда газ трубаси ëрилиб кетди.

Озодлик: Қаерда?

- Жиззахдаги катта магистралда. Бухородан Россияга кетадиган катта магистрал борку. Авария бўлган шекилли. Ëрилиб кетди ва икки соат ëниб турди.

Озодлик: Жиззахнинг қайси жойида бу?

- Дўстлик деган жойида. Бўлган гап шу. Бошқа гап йўқ¸- дейди жиззахлик тингловчимиз.

Айни пайтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида газ магистралида чиққан ëнғинга оид бирорта хабар йўқлигини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

"Прокурор судни¸ суд прокурорни тан олмайди"

Ўзини Отаназар Оллаберганов деб таништиган тинловчимиз Хоразмдан. "Хоразмдаги маҳкамаларда юз берган адолатсизликлардан гапирмоқчиман"¸ дейди Отаназар ака.

Отаназар Оллаберганов: Судялар мустақил бўлдик деб ўзларининг кўнглига келган нарсани ëзиб¸ кўнглига келган ишни қилиб ўтирибди. Бу қонунга ҳам қулоқ солмайди¸ бошқасига ҳам қулоқ солмайди. Ўзлари билган ишни қилади. Прокурор судни тан олмайди¸ суд прокурорни тан олмайди¸ милиция ҳеч бирини тан олмайди. Шунақа бир бошбошдоқлик.

Мана, бугун бир судда қатнашдим. Бир фуқаро аукционда етти миллион сўмга кўчмас мулк сотиб олган. Бу кўчмас мулкни олдинги эгаси гаровга қўйган ва беш миллион кредит олган экан. У “Кредитни қайтара олмайман”, деб ариза ëзган ва судлар департаментининг ўзи буни аукционга чиқариб етти миллионга сотган.

Бу кўчмас мулкнинг эгаси бошқа бир одамни топиб¸ бу кўчмас мулкни 20 миллионга сотибди. Бизнинг номимизга ўтказиб бергандан кейин бошқатдан суд бўлиб¸ қўлимиздан кўчмас мулкни тортиб олдилар.

Биз пулни қаердан қайтариб олишни ҳам бимаймиз¸ у ерга борак¸ бу ерга бор¸ бу ерга борсак¸ у ерга бор дейди. Ижрога борсак¸ судга бор дейди. Суд ўз қарорларида бизнинг пулимизни қайтиш тўғрисида кўрсатиб бермайди.

Жуда сарсон бўлиб юрибмизда. Бугун борсак¸ суднинг олдида 100 нафарча одам бор. Катта жанжал. Судя ичкарига қамалиб олган. Милициялар эшикни тўсиб¸ ҳеч кимни ўтказмасдан зўравонлик қилиб¸ одамларни ҳайдаб чиқариб юбордилар.

Озодлик: Қаерда бўлаяпти бу?

- Бу Хоразм вилоят фуқаролик судида бўлаяпти¸ - дейди Отаназар ака.

Отаназар аканинг айтишича¸ даъвогарлар суст бўлгани сайин суд жараëнларида муттаҳамликлар кўпаймоқда.

"Тўққиз болам билан қўчада қолдим"

Рус ëзувчиси Михаил Булгаковнинг "Уста ва Маргарита"и қаҳрамони Воланд "Квартира масаласи москваликлар ҳаëтини издан чиқарди", деб айтган эди.

Бизга қўнғироқ қилган тошкентлик тингловчи тўққиз боласи билан ижарама ижара сарсон бўлганини айтади.

- Мен беш йилдан бери уйсиз яшаяпман. Тошкентда квартирама квартира юрибман. Мени уйимдан туҳматлар билан чиқариб юборишган. Менда асосли ҳужжатлар бор. Шунга қарамасдан шундай аҳволда юрибман.

Шунинг учун учрашсак¸ суҳбатлашсак¸ ҳужжатларни берардим. Суд ҳам¸ прокуратура ҳам нотўғри жавоб қайтаради. Улар менга жавоб бермайди. Мен бошқа ташкилотлар орқали олаяпманда. Ҳужжат бор¸ қонун йўқ. Фақат ëлғон ва туҳматни қўллаяпти.

Мен 1944 йилда туғилганман. Тўққизта болам бор. Ҳаммамиз кўчадамиз. Шунақа аҳволда юрибман. Олаëтган пенсиянинг тайини йўқ. Тошкентда ҳамма нарса қиммат. Квартира деб у ер¸ бу ерга бораман. Квартира йўқ¸ квартира берилмайди деган гаплар. Пул бўлса дарров сотиб юборади. Менга текинга бериши керак-ку. Мен меҳнат фахрийсиман¸ инвалидман¸ - дейди тошкнтлик тингловчи.

"Ҳамма балоларнинг илдизи фоҳишабозлик"

Ўзини Қаҳрамон дея таништирган тингловчимиз ўзбек жамиятидаги коррупция¸ талон-тарож каби иллатларнинг илдизини кашф қилганини айтади.

- Порахўрлик¸ коррупция дейди-ку. Шу ва бошқа бўладиган нарсаларнинг бош калити фоҳишабозлик. Ҳаëтдан шу йўқолмас экан¸ ҳалоллик бўлиши қийин. Биринчи ўринда фоҳишалар одамларни ўзига қаратиш учун ўзини кўз-кўз қилишга ҳаракат қилади. Фоҳишаларга қарайдиган инсонга пул керак¸ маблағ керак. Шундай бўлгандан кейин ўз-ўзидан порахўрлик ҳам келиб чиқади¸ ўғирлик ҳам келиб чиқди¸- дейди Қаҳрамон.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG