Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:03

Грузия қадами баҳсларга сабаб бўлмоқда


Грузия расмийлари бундан буён МДҲ доирасида ўтказилажак саммитларга мутлақо қатнашмайдилар.
Грузия расмийлари бундан буён МДҲ доирасида ўтказилажак саммитларга мутлақо қатнашмайдилар.

Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиш ҳақидаги қарорини тожикистонлик таҳлилчиларнинг айримлари “ўйламай босилган қадам”, бошқалари эса “ноиложликдан қабул қилинган қарор” ўлароқ баҳоламоқдалар.

Грузиянинг расман МДҲ таркибидан чиқиб кетиши тожик жамиятидаги баъзи сиёсий доиралар ва таҳлилчилар томонидан кескин қораланди. Уларга кўра, Грузия “тўнини ўлчамай бичди”.

Тожикистон стратегик тадқиқотлар марказ раиси ўринбосари Сайфулло Сафаров фикрича, Грузия ҳеч қанча вақт ўтмай ўзининг боши берк кўчага кириб қолганини англайди.

Бироқ Тожикистон Демократик партияси раиси ўринбосари Раҳматулло Валиевга ўкра, Грузия иложсизликдан шундай йўл тутган.

- Бир ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида мавжуд низолар албатта бир кун келиб ўша ташкилотнинг тарқалиб кетишига олиб келиши табиий. Ўтган йил августида Жанубий Осетияни дастаклаган Россия ва Грузия ўртасида юз берган уруш ҳамда ундан кейин Россиянинг бу мамлакатга кўрсатган турли хил босимлари Михаил Саакашвилини шундай қарорга келишга мажбур қилди. Менимча, бу иложсиз вазиятдан чиқиш учун қабул қилинган қарор эди, дейди Демократик партия расмийси.

Унга кўра, Грузия бошлаб берган йўлни давом эттириш истагида бўлган давлатлар МДҲ таркибида кам эмас.

Мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов ҳам бу фикрга қўшилади.

- Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳақиқатан ҳам ўз олдига қўйган вазифалар ижросининг уддасидан чиқолмаяпти. Қабул қилинган қарорлар ижро этилмаяпти. Дейлик, шу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида мавжуд виза тартибини бекор қила олмаяпти. Масалан, Ўзбекистон билан Тожикистон ва минтақа бошқа давлатлари ўртасида виза тартиби ҳозиргача сақланиб қолаяпти. Шуни назарга олган ҳолда, бу ташкилотнинг бугунги кунда жуда зарурлиги сезилмай қолди. Бу қоғозда бор, амалда йўқ расмий бир уюшма бўлиб қолди. Шунинг учун Грузия бу ташкилотни тарк этиб, чиқиб кетди. Мана, ҳозир Украина ва Белоруссиянинг ҳам бу ташкилотдан чиқиб кетиш хавфи бор, деди мустақил таҳлилчи.

Нўъмонжон Фахриддинов фикрича, Грузиянинг МДҲдан чиқиб кетиши унинг келажагига салбий таъсир кўрсатмайди.

- Грузия саноат жиҳатдан жуда ривожланган мамлакат. Грузияда мудофаа характерига эга бўлган корхоналар бор. Масалан, Грузияда танкларни таъмирлайдиган завод ҳам бор. Бу заводни танк чиқариш заводига айлантириш қийин эмас. Менимча, Америка бу давлатни энг мустаҳкам ва тараққийлашган давлатга айланишига ҳар томонлама кўмаклашади. Менимча, Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиб кетиши бу унинг ютуғи, дейди мустақил таҳлилчи.

Айни пайтда таҳлилчи, Грузия қаторида бошқа айрим давлатлари ҳам МДҲни тарк этишга ҳозирлик кўраётган бир пайтда Марказий Осиёнинг Россия этагини қаттиқ тутган давлатлари бу ташкилот сақланиб қолишидан манфаатдорлар, дея қўшимча қилади.

Бироқ Тожикистон сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов фикрича, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам МДҲ таркибидан чиқиб кетиш ниятида бўлган давлатлар йўқ эмас.

- Сўнгги йиллар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, расмий Тошкент бу ташкилот таркибидан чиқиб кетишни кўнглига тугиб қўйган. Хусусан, Россиянинг минтақани милитаризациялаштиришга тиришаётгани Ўзбекистон томонининг бу мақсадини янада собитлаштирди, десак хато бўлмас. Бу йил бўлмаса-да, яқин йилларда Тошкент ҳам МДҲ таркибидан чиқишини расман эълон қилади ва унинг ортидан минтақа бошқа давлатлари ҳам шундай йўл тутиши мумкин, дейди Абдуғани Мамадазимов.

Таҳлилчига кўра, шу тартибда МДҲ ташкилот сифатида батамом барҳам топади.

Мустақил таҳлилчи Давлат Усмон фикрича, Россиянинг Грузия билан ўтган йилги уруши МДҲга аъзо давлатларнинг аксариятини ноумидлик ботқоғига отди.

- Менимча, йил сайин заифлашаётган МДҲ тарқалиб кетиб, унинг ўрнига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти мустаҳкамлана боради ҳамда МДҲга аъзо давлатлар унинг таркибидан чиқиб, ўзлари лозим топган бу ташкилотлардан бирига аъзо бўлиб қўшилади, дея ўз тахмини билан ўртоқлашади таҳлилчи Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG