Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:25

"Афғонистонда сайловлар тинч ўтди"


Кузатувчиларга кўра, 20 август куни Афғонистонда бўлиб ўтган сайловларда аёллар ҳам фаол иштирок этганлар.
Кузатувчиларга кўра, 20 август куни Афғонистонда бўлиб ўтган сайловларда аёллар ҳам фаол иштирок этганлар.

Афғонистонлик журналистлар Азизулло Орол ҳамда Эломон Озодлик билан суҳбатда Афғонистонда ўтказилган сайлов бўйича ўз кузатувлари билан ўртоқлашдилар.

Азизулло Орол: Афғонистон тарихида иккинчи демократик сайловлар мана бугун 20 августда эрталаб соат 07.00 дан кечки соат 16.00 гача давом этди. Сайловлар жуда тинч вазиятда ўтди. Аммо сайловларни рангли сайловлар, дея олмаймиз. Чунки бу гал сайловчилар сайлов участкаларига жуда оз боришди¸ кам бўлди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлиши мумкин. Бу сабаблардан биттаси албатта хавфсизлик. Сайловлардан икки кун олдин Кобулда катта портлашлар бўлди¸ ракеталар ҳужуми амалга ошди. Айни пайтда қуролли мухолифат аҳолини сайловларда қатнашмасликка ундади. Шунга қарамай¸ сайловлар тинч вазиятда ўтди. Ҳозир сайловларда қанча фоиз сайловчилар қатнашгани ҳақида бир нарса дейиш қийин. Қатнашувчилар кутилганидан оз бўлди.

Озодлик: Олинган баъзи маълумотларга кўра¸ сайловлар пайтида Кобулда қандайдир портлашлар бўлган экан ва жанубда сайлов участкаларидан бирини толиблар қўлга олган экан. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Азизулло Орол: Кобул ва Афғонистоннинг шаҳарларида¸ вилоят марказларида сайловга қарши қуролли гуруҳларнинг таҳдидлари амалга ошди. Кобулда инсонлар кутилмаган ҳолатда портлашларнинг овозларини эшитди. Аммо талафот кўрилгани йўқ. Вилоятларда анча-мунча участкалар очилмай қолди. Бунга ҳам қуролли мухолифатнинг таҳдиди сабаб бўлди. Аммо Афғонистоннинг нисбатан тинч минтақалари¸ жумладан, шимол вилоятларида ва айниқса, Афғонистоннинг ғарбий вилояти Ҳиротда сайловлар кутилганидан яхши ўтди, деган хабарлар етиб келмоқда.

Озодлик: Кобулда одамларнинг кайфияти қанақа? Номзодларга бўлган хайрихоҳлик қандай? Кобулда қайси номзоднинг обрўси каттароқ?

Азизулло Орол: Бугунги кунгача Афғонистонда тўрт номзод биринчи номзодлар сифатида тилга олинар эди. Улардан бири амалдаги президент Ҳамид Карзай¸ иккинчиси доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ, учинчиси доктор Ашраф Ғани ва тўртинчиси доктор Рамазон Башардот. Бугун сайловлар жараëнида маълум бўлишича¸ ана шу тўрт номзоддан иккитаси кўп тилга олинмоқда. Улардан бири доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ бўлса¸ иккинчиси амалдаги президент Ҳамид Карзай.

***

Эломон: Жузжон аҳолиси ҳам сайлов участкаларига бориб овоз бердилар. Аëллар ҳам кўплаб келишди¸ овоз беришди.

Озодлик: Афғонистоннинг баъзи вилоятларида сайлов участкаларига ҳужумлар уюштирилди, деган маълумотлар бор. Шибирғонда сайлов қанақа ўтди?

Эломон: Шибирғонда Дарзоб¸ Ўштепаларда озгина хавотир бор эди. Шунда ҳам одамлар қизиқиб¸ сайлов участкаларини бир жойдан иккинчи жойга кўчириб¸ овоз бердилар. Сайлов участкасига алоқадор кишиларнинг кўплари йигитлар эди. Улар қарияларни овоз беришлари учун узоқлардан эшакларга¸ отларга миндириб олиб келдилар. Ўшандай хавотирлар унчалик мажвуд эмас эди.

Озодлик: Толибларнинг¸ жангариларнинг таҳдидлари сабабли сайловда фуқаролар кам қатнашиши ҳақида ҳам хавотирлар билдирилаëтган эди. Жузжон вилоятида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг тахминан қанча фоизи овоз беришда қатнашди?

Эломон: Бу борада одамлар сонини аниқлаш осон эмас. Аммо сайловда кўплаб одамлар қатнашди. Жузжон вилоятидан 300 минг киши сайловларда қатнашади, деб тахмин қилишган эди. Одамларнинг айтишлари бўйича 100 минг киши қатнашган.

Озодлик: Сайлов жараëнида сайлов қонунчилиги бузилгани кузатилдими ëки йўқми? Шу ҳақда шикоятлар бўлдими?

Эломон: Сарипул ва Жузжон вилоятларида бу борада ҳеч қандай қийинчилик йўқ эди. Биз эрталаб соат 07.00 дан кечки соат 16.00 гача сайлов участкаларига бориб эркаклар ва аëллар билан учрашдик. Бундай қийинчиликлар Сарипул ëки Жузжон вилоятида учрамагани маълум бўлди.

Озодлик: Афғонистон шимоли Жузжон ва Сарипул вилоятида яшовчи ўзбеклар қайси номзод учун овоз беришди?

Эломон: Бу вилоятлар аҳолиси Ҳамид Карзай ва доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳга овоз бердилар. Шу иккисига кўпроқ овоз берилгани кўзга ташланди.

Озодлик: Генерал Дўстум якшанба куни Афғонистонга қайтган эди. Генерал Дўстум чоршанба куни “Ройтерс” ахборот агентлигига берган интервьюсида “Агар янги ҳукуматдан менга янги лавозим берилса¸ Афғонистонда толиблар билан келишувга эришишда¸ тинчлик ўрнатишда ëрдам бераман” деган баëнотлар берди. Ҳозирда генерал Дўстум қаерда?

Эломон: Ҳозир генерал Дўстум Шибирғонда яшайди. У киши ҳам эрталаб ўз уйининг олдидаги сайлов участкасига бориб¸ Ҳамид Карзайга овоз берди.
XS
SM
MD
LG