Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Сайлов ўтди - натижа кутилмоқда


Афғонистондаги президентлик сайловларида жами 30 номзод қатнашди.
Афғонистондаги президентлик сайловларида жами 30 номзод қатнашди.

Афғонистондаги президентлик сайловларида амалдаги президент Ҳамид Карзай ва ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ мамлакатдаги энг олий лавозимга асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Иқтидордаги президент Ҳамид Карзай пойтахт Кобулдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берди.

- Мен, иншооллоҳ, бу сайлов тинчлик, тараққиёт ва Афғонистон халқининг фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонаман. Афғонистон янада хавфсиз, янада тинч ва яхши давлат бўлиши учун мен Афғонистон халқини сайлов участкаларига бориб овоз беришга чақираман, деди президент Ҳамид Карзай.

Афғонистон президенти лавозимига асосий даъвогарлардан бири деб қаралаётган собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам Кобулдаги сайлов участкасида овоз берди.

- Хавфсизлик ва сайловда сохтакорликка йўл қўйилиши мумкинлиги хусусида хавотирлар билдирилаётганига қарамай, сайлов участкаларига кўп одам келаётганидан хурсандман. Халқимиз Афғонистон бўйлаб ўтказилаётган сайловларда қатнашаяпти. Мен ҳеч бир хавотир халқимизни сайлов участкаларига бориб эркин овоз бериш орқали ўз келажагини ўзи белгилашидан тўхтатиб қололмайди, деган умиддаман, деди Абдуллоҳ Абдуллоҳ.

Афғонистоннинг Мустақил сайлов комиссияси мамлакат бўйлаб ташкил этилган 6500 сайлов участкасидан 90 фоизи ўз вақтида очилганини маълум қилди.

Эрталаб сайлов участкаларига жуда кам одам келган бўлса, тушга бориб сайловчилар фаоллиги ортди. Сайлов участкаларида айниқса аёлларнинг кўпроқ бўлгани айтилмоқда.

- Мен ўз жамиятимиз учун овоз бераяпман. Чунки мен жамиятимиз олдинга юришини хоҳлайман. Шу боис биз келажагимизни танлашимиз керак. Бу имкониятни ҳеч ким биздан тортиб олиш ҳуқуқига эга эмас, деди Кобулдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Омина Расолий “Ройтерс” ахборот агентлигига.

Кузатувчилар фикрича, умуман олганда, бўлиб ўтган президентлик сайловида фуқаролар фаоллиги кўнгилдагидай бўлмаган.

Овоз бериш бошланганидан кейин Кобул ва Афғонистон жанубидаги пуштулар яшайдиган вилоятларда Толибон жангарилари ракета ҳужумлари уюштиргани ва қуролли тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинди.

Сайловдан олдин ҳукумат сайловчиларни қўрқитиб юбормаслик мақсадида оммавий ахборот воситаларига зўравонликлар ҳақида маълумот тарқатмаслик ҳақида кўрсатма берди.

20 август кунги сайловлар хавфсизлигини таъминлаш учун Халқаро тинчликпарвар кучлар ва Афғонистон армиясининг 300 минг ҳарбийси жалб этилди.

Хавфсизлик хизматлари расмийларига кўра, 20 август кунги сайловлар анча тинч бўлган.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Халқаро республикачилар институти ўтказган сўров натижаларига кўра, Афғонистон президентлик сайловида тахминан 44 фоиз сайловчи Ҳамид Карзай учун, 26 фоизи Абдуллоҳ Абдуллоҳ учун, 10 фоиз сайловчи мустақил номзод Рамазон Башардўст учун ва олти фоиз сайловчи собиқ молия вазири Ашраф Ғани учун овоз бериш ниятида эканини айтган.

Айни пайтда қарийб бир йил давомида Туркияда сургунда яшаган ўзбек генерали Абдурашид Дўстум 16 август куни Афғонистонга қайтди. Ҳафта бошида Шибирғон шаҳрида чиқиш қилган Абдурашид Дўстум минглаб тарафдорларини президентлик сайловида Ҳамид Карзай учун овоз беришга чақирган эди.

Чоршанба куни “Ройтерс” ахборот агентлигига интервью берган генерал Дўстум агар янги ҳукуматда лавозим берилса, Афғонистонда тинчлик ўрнатишда ёрдам беришини айтди.

- Агар менга ҳукуматда лавозим берилса, халқаро ҳамжамиятдаги дўстларимизни ишонтириб айтаманки, икки ой ичида Ҳиротдан Бадахшонгача бўлган ҳудудларда толиблар билан ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мен америкалик дўстларимиз билан бирга ўтириб бир ёки икки йил ичида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш дастурини ишлаб чиқишни хоҳлайман. Мен шунга қодирман. Мен буни бир неча марта айтганман. Мен халқаро ҳамжамиятни шунга ишонтираман, деди генерал Абдурашид Дўстум.

Афғонистондаги президентлик сайловининг дастлабки натижалари икки-уч кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Сайловнинг якуний натижалар эълон қилиниши эса икки ҳафтага чўзилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG