Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:41

“АҚШ Хонобод базасини тикламоқчи эмас”


Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси генерал Дэвид Петреуснинг Тошкент ташрифи чоғида АҚШ ҳарбий базасини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилингани ҳақдаги хабарларни инкор қилди.

Бу ҳақдаги билдирув элчихона сайтида эълон қилинган пресс-релизнинг янги таҳририда ўз аксини топди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги етакчиси генерал Дэвид Петреус 18 август куни президент Ислом Каримов қабулида бўлиб, минтақа хавфсизлигига оид масалаларни муҳокама қилганди.

Айни пайтда хорижий матбуот, хусусан, рус матбуоти мазкур музокаралар чоғида Ўзбекистонда АҚШ базасини қайта ташкил этилиши масаласи муҳокама қилингани ҳақида турли тахминларни ўртага ташлади.

- Тошкент АҚШ ҳарбий базасини Ўзбекистонга қайтариш масаласини кўтараётган бўлиши мумкин. Айниқса¸ Россия Қирғизистонда янги базани очиши ҳақида эълон қилганидан кейин расмий Тошкент бунга қарши чиқишини очиқдан-очиқ баён қилганди. Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси бугун ўтиб эртага очилади дегани эмас. Шунчаки ҳозир базанинг пайдо бўлиши билан АҚШнинг Ўзбекистон учун қандай қулай шароитларни яратиши ҳақида гап бормоқда¸ дейди Россиядаги нуфузли “Коммерсант” газетаси Владимир Соловьëв.

Тошкент сафари чоғида генерал Петреус Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбарлари, ташқи ишлар, ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлари билан ҳам учрашганди. Матбуотда, айниқса, АҚШ генералининг Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашувига алоҳида аҳамият қаратилди.

Аммо, расмий маълумотларга кўра, мазкур учрашувда Дэвид Петреус ва Қобул Бердиев ҳарбий-техник ҳамкорликка оид ҳеч қандай янги келишувни имзолагани йўқ. Шунчаки, ўз имзолари билан улар ҳарбий соҳадаги алоқалар ва тажриба алмашишни назарда тутадиган протокол муддатини яна бир йил муддатга чўзганлар, холос.

- Бу тренинглар ўтказилишини назарда тутувчи бир келишув. Бундай стандарт келишувларни биз дунё бўйлаб кўплаб давлатлар билан имзолаганмиз¸ деди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг расмий вакили Молли Стивенсон.

Бунинг устига, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида чоп этилмиш пресс-релизда айтилишича, “ҳарбий базалар муҳокамаси ҳақида матбуотда пайдо бўлган ахборот ҳақиқатга мувофиқ келмайди”.

Америкалик дипломатларнинг Ўзбекистонда АҚШ базаси жойлаштирилишига оид ҳар қандай мулоҳазаларни рад қилиб келаётганига таҳлилчилар турлича изоҳ бериб келмоқдалар. Жумладан, сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти билан ҳарбий базани очиш масаласини муҳокама этаётган тақдирда ҳам Пентагоннинг бу борада сукут сақлашни афзал кўраётганини тушуниш мумкин.

- Баëнотларга қараб¸ ҳақиқатан мақсад нималиги тўғрисида шошилиб хулоса чиқариш керак эмас. АҚШнинг: “Биз Ўзбекистонда база очишга интилмаяпмиз” деб айтаëтганининг сабаби¸ менимча¸ шундан иборатки¸ агар Қарши-Хонобод ëки бошқа бир ҳарбий базани очиш бўйича кетаëтган ва очиқ айтилмаëтган музокаралар натижасиз тугаса¸ “Мана, Америка ҳаракат қилди¸ аммо оча олмади” деган гап бўлмаслиги учун буни ҳозир ошкор қилишмаяпти. Менинг фаразим бўйича¸ Қарши-Хонобод базасини қайтадан очиш бўйича очиқ бўлмаган музокалар кетаяпти¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

АҚШ ҳарбийлари 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кўп ўтмай бошланган Афғонистондаги ҳарбий амалиëтларда фойдаланиш мақсадида Қаршидаги Хонобод ҳаво базасига киритилган эди.

2005 йил майида содир бўлган Андижон воқеалари устида АҚШ маъмурияти билан зиддиятга борган Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил ноябрида америкалик ҳарбийларни бу базадан бутунлай ҳайдаб чиқарган эди.

Аксар таҳлилчилар АҚШ ва Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлигида яқин келажакда жиддий бурилиши кутилмаётганини таъкидлайдилар. Айни пайтда АҚШ Ўзбекистонда тўлақонли ҳарбий базага эга бўлмаса ҳам, Афғонистонга юк ташиш мақсадида Навоийдаги аэродромдан, Ўзбекистон темир ва автомобил йўлларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

XS
SM
MD
LG