Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2021, Тошкент вақти: 00:39

Ўзбекистон хабарлари

Сенат Солиқ кодексини тузатади

Ўзбекистон қазиб олинган газ тақсимоти келишуви бўйича хорижий ҳамкорларга солиқ тартибини кескинлаштиришни режаламоқда.

Интерфакс ахборот агентлигининг Ўзбекистон парламенти матбуот хизматига асосланиб билдиришича, мамлакат Сенати 28 август кунги йиғилишида Солиқ кодексига киритилиши таклиф қилинган тузатишларни кўриб чиқади.

Муҳокамага тақдим этилган тузатишлар орасида газ учун 25 фоизлик акциз солиғи тўлаш ҳақдаги таклиф ҳам бор.

Парламент қуйи палатаси бу таклифни июн ойида қабул қилган эди.

Кун янгиликлари

ХХ асрнинг 90-йилларидаги ўзбек ёшлари кумири бўлган хонанда Муҳаммадкарим Соипов вафот этди

Муҳаммадкарим Соипов 58 ёшда эди. Сурат Муҳаммадкарим Соипов телеграм каналидан олинди.

1989 йилда Тошкентда ўтган “Камолот” кўрик-танловининг мутлақ ғолиби бўлгани ортидан ХХ асрнинг 90-йилларида Марказий Осиёдаги ўзбек ёшлари кумирига айланган хонанда Муҳаммадкарим Соипов 8 декабрь куни вафот этгани тўғрисида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хабар берди.

1963 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган Муҳаммадкарим Соипов “Аламжон”, “Оқбура”, “Олапакким”, “Фарғона гўзалсан” ва бошқа ўнлаб қўшиқларни маҳорат билан ижро этгани ва ҳеч қачон фонограмма билан қўшиқ айтамагани сабабли халқ меҳрини қозонган эди.

Муҳаммадкарим Соипов меҳнат фаолиятини Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик театрида бошлаган. “Камолот” кўрик-танловидаги ғалабасидан сўнг у узоқ йиллар Ўзбекистон филармониясининг “Мумтоз” ансамблида меҳнат қилди.

Сўнгги бир неча йилдан бери Ўзбекистоннинг турли телеканаллари ва радиоканалларида унинг ижоди ва ҳаётига бағишланган кўрсатувлар ва эшиттиришлар тез-тез намойиш қилина бошланганди.

Расмий хабарда хонанданинг ўлими сабаблари тўғрисида маълумот берилмаган.

Ўзбекистонда электр энергияси нархи Қирғизистон ва Тожикистондан қиммат

Ўзбекистон жаҳонда электр энергияси энг арзон бўлган давлатлар ўнлигида 7-ўринни эгаллади. Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергияси Ўзбекистонга нисбатан анча арзон.

Энергетика соҳасига ихтисослашган Британиянинг Cable.co.uk портали жаҳондаги 230 давлатдаги электр энергияси нархини таққослаб чиққан.

Порталнинг билдиришича, Ўзбекистонда 1 киловатт-соат электр қуввати $0,027 ёки 295 сўмга тенг. Ўзбекистон рейтингда 7-ўринни эгаллади.

Рейтингда қайд этилишича, Марказий Осиёдаги энг арзон электр энергияси Қирғизистонда. Бу мамлакатда 1 киловатт-соат электр қуввати нархи с $0,017. Рейтингда Қирғизистон 4-ўринда. 6-ўринни эса электрга $0,023 нарх белгилаган Тожикистон эгаллади.

Қозоғистон эса 16-ўринда қайд этилди. Бу давлатда 1 киловатт-соат электр қуввати $0,039 га тенг.

Электр энергияси энг арзон давлатлар учлигидан Африка давлатлари — Ливия ($0,007), Ангола ($0,013) ва Судан ($0,014) ўрин олди.

Электр энергияси энг қиммат давлатлар учлиги эса Соломон ороллари ($0,692), Муқаддас Елена ороли ($0,612) ва Вануату ($0,591) дан иборат.

Ҳукумат расмийси “мардикор экспорти” Ўзбекистон учун муҳим омил эканини тан олди

Россияда қор кураётган ўзбек мигрантлари.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг 35 миллионлик аҳолисининг 2 миллиони ёки деярли 20 фоизи доимий равишда меҳнат муҳожири бўлиб қолмоқда. Улардан 80 фоизи Россия ҳудудида, қолганлари Қозоғистон, Корея ва АҚШда ишламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов МДҲ ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ТАСС мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Умрзоқовнинг айтишича, расмий Тошкент МДҲ ҳудудида меҳнат муҳожирларини ташкиллаштирилган равишда ишга жўнатиш механизми тезроқ жорий этилишидан манфаатдордир.

Умурзоқов Бандлик ва меҳнат вазирлиги яқин келажакда ишчи кучи экспорти Ўзбекистон экспортининг асосий қисмига айланишини башорат қилаётганини тан олди.

“Ҳар йили Ўзбекистонда 300 мингга яқин иш ўрни яратилади. Мактаблар ва ўрта махсус билим юртларини эса 700-750 минг йигит-қиз битиради. Улардан 150 мингга яқини олийгоҳларга ўқишга киради. Шундан келиб чиққан ҳолда, қанча киши бошқа мамлакатлардан иш қидираётганини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас”,-деб айтган вазир ўринбосари.

Умурзоқов “меҳнат ресусрларини экспорт қилиш” Ўзбекистон иқтисодтиёти тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Марказий банкининг билдиришича, жорий йилда Россиядаги ўзбек муҳожирлари ватанига жўнатган пул миқдори 6 миллиард доллардан ошган.

“Мутахассислар фикрича, бу Ўзбекистон олтин экспортидан оладиган даромаддан кўпроқдир”,-дейилади хабарда.

Тошкентда Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда 7 декабрь куни Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Унда жаҳоннинг 65 давлатидан 432 та спортчи иштирок этмоқда.

17 декабргача давом этадиган чемпионатда эркаклар ўртасида 10 комплект, аёллар ўртасида 10 комплект, жами 20 медал комплекти ўйналади.

Мазкур чемпионатни дастлаб Перуда ўтказиш режалаштирилган эди. Бироқ пандемия туфайли Оғир атлетика халқаро федерацияси чемпионатни Ўзбекистонга кўчирди.

Коронавирус пандемияси сабабли Хитой, Жанубий Африка Республикаси ва Ботсвана спортчилари жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортди.

8 декабрда ўтган илк мусобақаларда биринчи олтин медални қозоғистонлик Арли Чонтей 260 кг натижа билан қўлга киритди.

Иккинчи ўринни таиландлик Тада Самбонуан, учинчи ўринни болгариялик Ангел Русев эгаллади.

Тошкентда пиёдалар йўл қоидасига амал қилмагани ортидан 500 дан ортиқ автоҳалокат юз берди

Тошкентда 10 октябрь куни содир этилган автоаварияда икки киши ҳалок бўлган эди.

Пойтахт Тошкентда жорий йилнинг январидан ноябригача пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани оқибатида 524 та автоавария содир этилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, мазкур автоаварияларда 32 киши ҳалок бўлган, 487 киши эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Мазкур давр мобайнида йўл қоидасини бузган 101 минг 861 та пиёдага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг билдиришича, автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.

Об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдан Нукус ва Урганчга парвозлар кечиктирилди

Иллюстратив сурат

Чоршанба тонгида кузатилган қуюқ туман Урганч, Нукус ва Навоий аэропортлари ишига ўзгартишлар киритган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ширкат хабарномасида айтилишича, 8 декабрь куни Тошкентдан учажак HY051 рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак эди. Бироқ қабул қилувчи аэропортда туман тушгани туфайли парвоз қолдирилган. Мазкур учоқ пойтахтдан соат 11:00 да парвоз қилиб, Урганчга соат 12:10 да қўниши режалангани билдирилган.

Туман туфайли бугун тонгда Тошкент – Нукус рейси ҳам қолдирилган. Парвози соат 07:30 га мўлжалланган учоқ, дастлабки маълумотларга кўра, соат 10:30 га кечиктирилган.

Uzbekistan Airports бугун эрталаб қуюқ туман Навоий аэропортида ҳам кузатилгани, бироқ тонгда мазкур аэропорт жадвалида йўловчи рейслари бўлмаганини қўшимча қилган.

Ширкат қайдича, айни пайтда аэропортларда об-ҳаво шароити ўнгланган.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 425 нафарга етди

Ўзбекистонда 7 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 1 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 425 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, сешанба куни мамлакат бўйлаб 201 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 194 минг 904 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 325 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 602 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда Ўзбекистонда COVID-19га қарши 235 минг 906 доза вакцина қўлланилгани, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача эса 35 миллион 353 минг 114 доза вакцинадан фойдаланилганини маълум қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, шу кунгача Ўзбекистонда Pfizer вакцинаси билан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 485 минг 532 нафар бола эмланган.

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 182 нафар маҳкум афв этилганини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни арафасида “жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган” 182 нафар шахсни муддатидан олдин озод қилишга оид фармонни имзолаган. Бу ҳақда у Конституция куни муносабати билан ватандошларига йўллаган табригида билдирган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган байрам табригида 182 нафар шахснинг қайси жиноятлари учун жазога тортилганига аниқлик киритилган эмас.

Кейинроқ Адлия вазирлиги афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгании, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёллар ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўзбекистонда сўнгги бор Мустақиллик куни муносабати билан 215 маҳкум амнистияга тушган эди. Шу йил август ойи охирида мамлакат президенти томонидан имзоланган фармонга мувофиқ афв этилганлар орасида хориж давлатларининг 69 фуқароси ва тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланган 15 киши борлиги айтилган.

Ўзбекча дресс-код: Маданият вазирлиги ходимлари бундан буён дўппи кийиб ишлашади

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ходимлари бундан буён одатдаги иш кунида ўзбек миллий бош кийими саналган дўппи кийишади. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатда Конституция куни нишонланадиган 8 декабрь арафасида ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, вазирлик ходимлари мазкур ташаббус орқали миллий анъаналар тарғиб этишда намуна кўрсатишни мақсад қилишган.

О. Назарбеков видеомурожаатида вазирлик ходимларининг дўппи кийган ҳолда ишлаётгани акс этган.

“Барча соҳа вакилларини, ижодкорларни, ватан фидоийларини, кўнгиллиларни ушбу ташаббусни қўллашга чақириб қоламан”, деган маданият вазири.

Назарбеков дўппи кийишни “Қомусимиз ҳимоялаган яна бир қадриятимиз” дея таърифлаган.

Аввалроқ Маданият вазирлиги Тошкентда россиялик ва украиналик блогерлар иштирокида ўтказилиши мўлжалланган TikTok Fest шоу-концертини” маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади”, дея баҳолаган ҳамда “ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмаслиги”ни урғулаган эди. Вазирликнинг бу муносабати ортидан мазкур шоу-концерт бекор қилингани ҳақида Озодлик кеча хабар қилган эди.

Уч йил муқаддам Ўзбекистон Миллий университети доценти Мирёқуб Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда Олий Мажлис депутатларига парламентга “миллий кийимларда, масалан, ёзда беқасам ёки банорас чопонларда келиш”ни таклиф қилган, бироқ қандай бош кийим кийиш масаласини уларнинг ўзларига ҳавола қилганди. У тавсиясини “миллий ғурурни тиклаш зарурати” билан изоҳлаган эди.

Ҳукумат муҳтож аёлларни уй-жой билан таъминлашга оид низомни тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг 6 декабридаги қарори билан “Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга йетган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Низомга мувофиқ, уй-жой шароитини яхшилаш истагида бўлган уй-жойга муҳтож аёллар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) уларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади.

Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.

Ҳужжатга мувофиқ, бунда уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилиши, туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузиши (кўпи билан 5 йил муддатга), ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилиши, далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилиши белгиланган.

Низомда ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилиши қайд этилган.

Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи (5 минг 400 сўм), Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи (2 минг 700 сўм) миқдорида белгиланади.

Ҳужжатда ижара шартномасида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг олиб борилиши қайд этилган.

Андижонда блогер аёлни калтаклаганликда гумонланаётган бош ҳисобчига қарши жиноят иши очилди

Андижонлик блогер Фотима Жўраева

Андижонда блогер аёлни калтаклаганликда гумонланаётган Улуғнор тумани электр тармоқлари бош ҳисобчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда “Дарё” нашри Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Блогер Фотима Жўраева шу йилнинг 22 ноябрь куни Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганига оид видеони жойлаштирган .

Блогернинг айтишича, у фермер хўжаликларидан бирининг электр энергиясидан қарздорлиги сунъий равишда оширилгани тўғрисидаги гумонларни текшириш учун Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонасига борган.

Ф. Жўраева корхона бош ҳисобчисидан тегишли ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилган, аммо бош ҳисобчи унга қўпол муомалада бўлган ва уни калтаклаган. Блогер ўз мурожаатида айбдор корхона ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Аввалроқ Озодлик андижонлик блогер аёлнинг калтакланиши юзасидан Бош прокуратура ва "Ҳудудий электр тармоқлари" ширкати томонидан текширув ишлари бошлангани ҳақида хабар қилган. Расмийлар мазкур ҳолат юзасидан махсус комиссия тузилгани ва Улуғнор туманига юборилганини билдирган эдилар.

Олиб борилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси С.М.га нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда Фотима Жўраева жиноят ишида жабрланувчи дея эътироф этилган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 25 ноябрдаги хулосасига мувофиқ, Фотима Жўраевада бош мия чайқалиши, бошнинг чап қовоқ соҳаси ёрилиши, чап елка, бел, қорин ва думба соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ва қонталашлар каби жароҳатлар аниқланган.

ССВ: COVID-19 га қарши эмловда қўлланилган вакцина сони 35 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 35 миллион 117 минг 208 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 987 минг 159 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 11 миллион 323 минг 656 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 806 минг 393 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, шу кунгача Ўзбекистонда Pfizer вакцинаси билан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 476 минг 941 нафар бола эмланган.

Вазирлик 6 декабрда мамлакат бўйлаб 147 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 194 минг 703 нафарга етганини маълум қилган.

Душанба куни Ўзбекистон бўйича 215 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 277 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундуза коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 424 нафарга етганини қўшимча қилган.

Тошкентда хорижлик блогерлар иштирокидаги TikTok Fest шоу-концерти ўтказилмайдиган бўлди

Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида 25 декабрь куни россиялик ва украиналик блогерлар иштирокида ўтказилиши мўлжалланган TikTok Fest шоу-концерти бекор қилинди.

Маданият вазирлиги матбуот хизматига кўра, TikTok Fest “ижтимоий тармоқларда танқидий мулоҳазаларга сабаб бўлган”. Вазирлик шоу-концерт “маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этиши” ва “ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси”га тўғри келмаслигини урғулаган.

Қайд этилишича, фестивални ўтказиш учун рухсатномани Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий ижроия ҳокимияти беради.

“Ўйлаймизки, бу каби оммавий тадбирларни ташкил этаётган мутассаддилар ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бу масалага жиддий ёндашади”, дейилган Маданият вазирлиги хабарномасида.

Бу муносабат ортидан Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров Humo Arena муз саройида бўлиб ўтиши режаланган концерт ўтказилмаслигини билдирган.

Аввалроқ шоу-концертда россиялик ва украиналик блогер ва мусиқачилардан Даня Милохин, Артур Бабич, Егор Шип, Анет Сай, Ваня Дмитриенко ва Аня Pokrov иштирок этиши айтилган эди.

Йўловчи ташиш бўйича тендерлар электрон тарзда ташкил қилинади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда кейинги йилнинг 1 январидан 1 мартигача йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали бириктириш бўйича электрон тизим тест режимида жорий этилади.

Мазкур тартиб, Адлия вазирлиги қайдича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 6 декабрида чиқарилган “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида жорий қилинмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 мартидан шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон тизим орқали ўтказилади.

Қарор билан тендерни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланиб, унда тендер таклифларига қўйиладиган талаблар, ғолибларни аниқлаш, шартнома тузиш ва бошқа қоидалар белгиланган.

Бош прокуратура масъули 29 минг доллар пора билан қўлга олинди

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган А.Т. аввалги иш жойида Олмалиқдаги ётоқхона реконструкцияси бўйича ўтказилган тендерни ютиб олган қурилиш корхонаси раҳбарига тендерда ўзининг ёрдами билан ғолиб чиққанини иддао қилиб, ундан моддий рағбат талаб қилиб келган.

Мулозим шу йил 5 декабрида Тошкентдаги “Мустафо” ресторанида қурилиш корхонаси раҳбаридан 29 минг АҚШ долларини олган пайтида ДХХ ва БП ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир чоғида ушланган ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан А.Т.га нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳодиса ортидан БП прокуратура органларидаги коррупцион ҳолатлар юзасидан аҳолига мурожаат билан чиққан ва тизимда “коррупцияга қарши муросасиз ва кескин кураш олиб борилаётгани”ни иддао қилган.

“Агар прокуратура органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли “Ишонч телефони”га маълум қилишингизни сўраймиз”, дея сўралган Бош прокуратуранинг аҳолига мурожаатида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG