Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:27

Коллектив бўлмаган тезкор кучлар


Ҳукмронлик рус генераллари қўлида бўладиган КХШТ Тезкор коллектив кучларига расмий Тошкент мададдан кўра¸ муаммо манбаи сифатида қарамоқда.
Ҳукмронлик рус генераллари қўлида бўладиган КХШТ Тезкор коллектив кучларига расмий Тошкент мададдан кўра¸ муаммо манбаи сифатида қарамоқда.

26 августда Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида тузилган Тезкор коллетив кучларнинг дастлабки ҳарбий машқлари бошланди.Ташкилот аъзоси бўлса-да¸ Беларус ва Ўзбекистон машқларда қатнашмаяпти.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида Тезкор коллектив кучларни тузиш Москва ташаббуси билан амалга ошди. Ундан кўзланган мақсад КХШТ га аъзо давлатлар ҳудудларида бўҳрон юз берган пайтда мазкур кучлардан фойдаланишдан иборат.

Бироқ 26 август куни Москвада бошланган машқларда Беларус ва Ўзбекистон кучлари иштирок этаётгани йўқ.

АҚШ даги Жеймстаун жамғармасининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Рожер Мак Дермотт Тезкор кучлар тузиш таклифига Беларус ва Ўзбекистоннинг қарши чиқиши ортида Москва билан бу икки давлат ўртасида юзага чиққан янги иқтисодий ва сиёсий келишмовчиликлар турибди¸ деган фикрда.

Россия Беларусдан сут маҳсулотлари импорт қилишни таъқиқлаганидан сўнг Беларус шу йил бошида КХШТ доирасида Тезкор коллектив кучлар тузиш ҳақдаги Москва таклифига эътироз билдирди.

КХШТ Тезкор кучлари машқида Ўзбекистоннинг ҳам иштирок этмаëтганини эса Мак Дермотт, КХШТ га аъзо давлатларга нисбатан Россия юритаётган сиёсатга жавоб дея изоҳлайди. КХШТ низомида тезкор гуруҳ тузиш каби муҳим масалаларда барча томонларнинг рози бўлиши талаб этилади. Аммо Тошкент эътирозига қарамай, Москва тезкор кучларни тузди. Бундан ташқари¸ Россия президенти Дмитрий Медведев ва Қирғизистон раҳбари Қурмонбек Бакиев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан аввалдан маслаҳат қилмай, Қирғистон жанубидаги Ўш вилоятида Россия ҳарбий базасини очиш ҳақида 1 август куни англашув меморандуми имзолади.

18 августда эса Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев ва АҚШ армияси генерали Дэвид Петреус ҳарбий таълим алмашинуви ва трейнинглар бўйича икки томонлама келишув имзолади. Москва бу келишувни Тошкентнинг ўз ҳаракатига нисбатан қилган жавоб юриши дея баҳолади.

КХШТ доирасида Тезкор коллектив кучлар тузиш режасига Тошкент аввал ҳам эътироз билдирган эса-да¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирлигининг бу кучларга оид қатор саволлари жавобсиз қолди.

Ғарблик таҳлилчи Мак Дермот тезкор кучлар келажаги ҳақида ҳозирданоқ тахминий хулоса чиқариш мумкин, деган фикрда. Унга кўра, КХШТ нинг Тезкор коллектив кучлари Россия томонидан тайёргарликдан ўтказилади, жиҳозланади ва техника билан таъминланади. Бир сўз билан айтганда¸ бу кучлар тизгини Москва қўлида бўлади. Келишувни аъзоларнинг бари имзоламагунча ёки унга кечроқ қўшилмагунча¸ КХШТ низомига кўра, тезкор кучларнинг қонуний мақоми савол остида қолади.

Бундан ташқари¸ Марказий Осиёда оператив тажрибага эга бўлмаган ҳарбий қўмондонлар етишмаслиги боис тезкор кучларни минтақага оператив жойлаштириш вазифаси Россия қўмондони зиммасига юклатилиши мумкин. Таҳлилчи назарида¸ тезкор кучлар ўтказаётган ҳарбий машқлар учун КХШТ Бош штаби бошлиғи ўринбосари¸ генерал-лейтенант Олег Латиповнинг масъул этиб тайинлангани бежиз эмасдек кўринади.

- Дастлабки тахминлар шундан иборатки, бу кучлар минтақа хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишдан кўра, кўпроқ рамзий маънога эга бўлади. Тезкор кучларнинг ўлда-жўлда ва келишилмаган ҳолда тузилгани эса президент Медведев юритаётган ташқи сиёсат мақсади КХШТ аъзолари Россиянинг “таъсир доирасида қолиши” ҳақидаги истакдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатади, дейди АҚШдаги Жеймстаун жамғармасининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Рожер Мак Дермот.
XS
SM
MD
LG