Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Москвада жосуслар йиғини бўлди


Россия президенти Дмитрий Медведев фикрича, терроризмга қарши курашда МДҲ жосуслик хизматлари ҳамкорлик қилишлари зарур
Россия президенти Дмитрий Медведев фикрича, терроризмга қарши курашда МДҲ жосуслик хизматлари ҳамкорлик қилишлари зарур

Москвада 3-4 сентябр кунлари бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларининг учрашуви якунида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Москва йиғини МДҲ мамлакатлари хавфсизлик идораларининг разведка фаолиятига бағишланди. Ўнинчи марта ўтказилаётган бу учрашувда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари қатнашди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган икки кунлик йиғин якунлангач, 4 сентябр куни йиғин иштирокчиларини Россия Президенти Дмитрий Медведев қабул қилди.

Медведев халқаро молиявий бўҳрон давлатлар миллий хавфсизлигига оид қийинчиликлар, хусусан, мавжуд ички муаммоларнинг кескинлашувини, баъзи кучларнинг бу вазиятдан ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши каби муаммоларни келтириб чиқарганини таъкидлади.

- Ҳар қандай вазифани алоҳида бир давлат ихтиёридаги воситалар билан ҳал этиб бўлмайди. Мен хавфсизликни таъминлашга оид вазифаларни назарда тутяпман.

Хоҳ террорчилик бўлсин, уюшган жиноятчилик ё экстремизм бўлсин, улар бугун алоҳида бир давлат ичидаги жараёнлар бўлмай қолди.

Айтайлик, 50 йил аввал улар билан алоҳида бир давлат ичида курашса бўларди, лекин ўшанда ҳам қандайдир контаклар бор эди.

Бугун эса бизнинг мутлақо глобал маконга тушиб қолганимиз, бу каби фаолият ва контактларнинг фойдадан ҳоли эмаслигини кўрсатиб турибди,- деди Медведев.

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра, икки кунлик йиғинда “разведка ва махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги давлатларо муносабатларнинг ажралмас қисми ва МДҲ мамлакатлари хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим воситасига айлангани” қайд этилган

Москва йиғини якунида МДҲ хавфсизлик идораларининг вакиллари халқаро террорчилик, диний ва сиёсий экстремизм ҳамда наркотикларга қарши биргаликда курашиш ҳақидаги меморандумни имзоладилар.

Бироқ бу машваратда бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистондан Миллий хавфсизлик хизмати раиси эмас, унинг ўринбосарларидан бири Мухтор Ниёзов қатнашди.

Таҳлилчилар фикрича, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорлик, жумладан, жосуслик соҳасидаги контактлар даражаси икки давлатнинг сиёсий муносабатлари ҳарорати билан белгиланишини кўрсатмоқда.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё масалалари бўйича сиёсий шарҳловчиси Брюс Панниер фикрича, Ўзбекистон Россия билан муносабатлар, жумладан, хавфсизлик соҳасидаги алоқалар бугун устувор йўналишлар сирасидан тушиб қолганини яна бир бор намойиш қилмоқчи бўлган.

- Ўзбекистоннинг бу каби йиғинларга кимни, қайси даражадаги мулозимни юборишидан у ёки бу давлатга нисбатан мавқеини билиб олиш мумкин.

Москвада бўлиб ўтган хавфсизлик идораларининг бошлиқлари йиғинига пастроқ даражадаги расмийнинг юборилгани, албатта, илтифотсизлик деб талқин қилиниши мумкин.

Улар ҳозирда Россия билан алоқалардан хафсалалари пир бўлаётганини намойиш қилмоқда ва бу янгилик эмас. Чунки кейинги уч-тўрт ҳафта ичида Ўзбекистон томонидан қўйилган қадамлар Россия билан умумий алоқалар пастга кетаётганини кўрсатиб турибди.

Масалан, газ соҳасида маҳсулотни тақсимлаш келишуви шартларининг Россия зарарига ўзгартирилгани, Тошкентнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги иштирокини камайтираётгани, устига устак Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида хавфсизликка оид ҳамкорлик аҳамиятини шубҳа остига олаётгани ҳам буни кўрсатиб турибди.

Яъни Ўзбекистоннинг Россия билан кўплаб соҳаларда ҳамкорликни камайтириш жараёнини бошлагани кўриниб турибди. Бу эса АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни тиклаш эвазига амалга оширилмоқда, -дейди халқаро шарҳловчи.

Брюс Панниер фикрича, шу пайтгача Ўзбекистон сўрови билан ҳар қандай ўзбекистонликни суриштирувсиз экстрадиция қилиб келган Россия расмийларининг ўтган ойда диний экстремизмда айбланаётган шахсни Тошкентга қайтаришдан бош тортгани ҳам хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг путури кетаётганига бир далилдир.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида Санкт-Петербургда Андижон воқеаларидан сўнг диндорларга бўлаётган таъқиблардан Россияга қочган Ўринбой Эргашев Ўзбекистон сўровига кўра Интерпол томонидан ҳибсга олинган эди.

Эргашевнинг ўзи диний экстремистларга алоқаси бўлганини қатъий инкор қилгани ва Санкт-Петербургда бирор марта қонунни бузмаганига қарамасадан Россия телевидениеси уни аввал жиноятчига чиқарган эди.


Ўтган ойда эса Санкт-Петербург суди Усмоновни қамоқдан озод қилиб, уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилди.

3-4 сентябр кунлари Москвада бўлиб ўтган учрашувда Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Михаил Фрадков МДҲ жосуслик хизматлари раҳбарлари кенгашининг раиси этиб сайланди.
XS
SM
MD
LG