Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

Қаршида ҳуқуқ фаоли ҳибс этилди


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарёдаги фаоли Ғайбулло Жалилов ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиосига жамият раиси Абдужалил Бойматов маълум қилди.

- Ғайбулло Жалилов шанба куни жамиятимизнинг Қарши шаҳар бўлими раиси Нодир Аҳадовнинг уйида бўлган ифторликдан қайтаётган пайтда милиционерлар уни машинага мажбурлаб тиқиб олиб кетишган. Буни Нодир Аҳадов ва Гулшан Қораевалар кўриб қолишган ва бу ҳақда улар дарҳол бизга хабар қилишди. Кейин улар бир сутка давомида Жалиловни излашди. Бугун маълум бўлишича, Ғайбулло Жалилов ҳозирча 10 суткага ҳибсга олинган экан. Лекин нима учун қамалган, қанақа айб қўйиляпти - бу ҳозирча маълум эмас, дейди Абдужалил Бойматов.

Ҳуқуқ фаоллари мутақиллик байрами арафасида Тошкентдаги қотилликлар ортидан Қашқадарё вилоятида диндорлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини қамоққа олишлар кучайганидан хавотир билдирмоқдалар.

Абдужалил Бойматов ҳуқуқ фаолининг ҳибсга олиниши ҳам Тошкентда шов-шув бўлган воқеалар, айнан 29 август куни бўлган отишмалар билан боғлиқ бўлишини назардан соқит қилмайди.

- Чунки Тошкент шаҳрида отиб ўлдирилган ота-болалар Қашқадарёдан. Ҳозир шу воқеадан кейин Қашқадарё вилоятида жуда кўпчилик қамалаяпти ва шулар қаторида Ғайбулла Жалилов ҳам. Энди Ўзбекистон ҳукумати азалдан терроризмга қарши кураш баҳонасида жуда кўп одамларни сохта айбловлар билан доим қамаб, эркинликларини бўғиб келади, дейди Абдужалил Бойматов.

Ҳамкасблари унинг диндорлиги учун ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади.

- Масжидларга бориб турар экан, намоз ўқир экан. Ғайбулло Жалиловга ҳам диний айбловлар қистирилиши ҳеч гап эмас, дейди Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаол аъзосидир.

- Ўзи саккиз киши бизнинг ташкилотдан қамоқда эди. Мана энди Ғайбулло Жалилов билан бу рақам тўққизтага кўтарилаяпти. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда 17 нафар ҳуқуқ фаоли қамалган эди, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов.
XS
SM
MD
LG