Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:01

Эркин микрофон - Ўрис қовун емай қўйди


 SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 9 сентябр куни келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳазалар асосида жамланган “Эркин микрофон” рукнида яна ўзбекларнинг кундалик турмуши манзараси чизилади.

Ишсизлар армиясининг навбатдаги сипоҳи

Илк суҳбатдошимиз Қашқадарëдан. Олаëтган маошим тирикчилигимга етмайди¸ шу боис чет элга иш излаб кетмоқчиман¸ деб гап бошлади суҳбатдош.

- Бу ерда 20 та завод бўладиган бўлса¸ мустақилликдан кейин бу заводларнинг ҳаммаси банкрот бўлиб кетган. Телевизорда кўрганингиз у номига. Мана бизларда “Ҳужум” фабрикасини кўрсатади. У СССР пайтидаги запис. Аслида “Ҳужум” фабрикаси товуқхонадан ҳам баттар бўлиб ëтибди. Шунақа гап.

Озодлик: Бошқа соҳаларчи? Савдо-сотиқ¸ қурилиш¸ бизнес.

- Савдо-сотиқ соҳасида Ўзбекистонда солиқ жуда ҳам қиммат. Ўзбекистонда ҳозир фақат озиқ-овқат ишлаб чиқарилади. Кийим-кечак Қозоғистон¸ Қирғизистон ва четдан келади. Уни олиб келиш учун рухсатнома ëки катта солиқ тўловлари керак. Буни тўлашга ҳар кимнинг кучи етмайди.

Озодлик: Завод ишламаса¸ бозорлар ишламаса¸ катта-катта тўй қилаëтганлар¸ уй қураëтганлар қаердан олаяпти пулни?

- Уни билмадим. Масалан¸ менинг савдо билан шуғулланадиган қариндош-уруғларим бор. Улар ҳам дод дейди. Ҳозир 35 минг сўм кунлик топширади. Бу бир ойда миллиондан ошиб кетади. Кунида шу савдони қилмайдиганлари ҳам бор. Савдо қилмаса ҳам давлат 35 минг сўм пулни олади.

Озодлик: Чорва¸ боғдорчилик масалалари қандай?

- Чорва кўп. Леркин мол гўшти 6400 сўм¸ қўй гўшти 7000 сўм. Тўғрисини айтсам¸ кўп одамнинг гўшт олиб ейишга қурби етмайди. Факт бу нарса. Мана бир-икки болалар четдан келишди. Чет эл шароитида арзон¸ аммо Ўзбекистон шароитида қиммат¸ дейди. Ўзбекистонда арзон¸ лекин ўзбеклар учун қиммат. Россияда кризис¸ бошқа дейдию¸ лекин ўзбеклар Ўзбекистонда топа олмайдиган суммасини ўша ердан топаяпти. Бу ерда умуман иш йўқ.

Озодлик: Сиз иш қидираяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Касбингиз нима?

- Касбим технология коллежини тугатганман. Касбим бўйича банк бухгалтери. Ишладим бу ерда. 150 минг ойлик олардим. Бу ойлик бизга етмайди ака. Мен ҳали уйланмаганман. Солиқ тўлаш керак¸ газ¸ сув¸ электр. Умума еб-ичмасдан солиқ тўлаш билан умрингиз ўтиб кетадида¸ дейди қашқадарëлик суҳбатдошимиз.

Қовун қовун бол қовун¸ дўстим келиб ол қовун

Россиянинг Свердловск вилоятидан телефон қилган суҳбатдошимиз Андижоннинг Асакасидан. Ҳозир Россияда қовун сотяпман¸ деб гап бошлади ҳамюртимиз.

- Свердловскдаман. Мен бу ерда офтобда туриб олиб қовун сотаяпман. Нима қиламан энди. Тирикчилик¸ бола-чақа боқиш керак. Тирикчилик қилаяпмизку¸ лекин бола-чақага озгина бўлса ҳам ошиқроқ пул керакку. Шунга ҳаракатлар бўлаяпти. Қовун Сирдарëдан келади. Ўзим Андижон вилояти¸ Асака туманиданман. Сирдарë билан ҳамкорликда ишлайман.

Озодлик: Қовун КамАЗда келадими ëки поезддами?

- КамАЗ да келади. Холодильникларда келади. Ҳозир савдо жуда ҳам зўрмас. Раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтганидай¸ ҳозир озгина банкрот бўлиб турибмиз. Кўп эмас¸ бир ўртача 200 минг доллар зиëндамиз. Шуни ëпамиз¸ деб ҳаракат қилаяпмиз ҳозир.

Озодлик: Руслар қовун емай қўйдими?

- Йўқ¸ русда пул йўқ. Кризис дегани русга ниҳоятда билдирар экан. Рус пул олмаса¸ қолганларда бўлмас экан. Мен шу нарсани сездимки¸ ҳамма давлатнинг одами бу ерда бир нарса қилай деб юрибди. Русда бўлмаса¸ ҳеч қайси давлатда пул бўлиши қийинроқ шекилли. Мен шундай фикрдаман. Ўзбекистонда қандай об-ҳаволар? Тинчми?

Озодлик: Мана иккита байрам бўлди¸ Шарқ тароналари бўлди.

- Худо хоҳласа яхши бўлиб кетар-а? Ният қилаяпмизку. Шароитларни қилаяпти мана Каримов ҳам.

Озодлик: Ўзбекистонда шароит қилинган бўлса¸ сиз Свердловскда нима қилиб юрибсиз?

- Шароит қилаяпти¸ менда шунга маблағ йўқ. Мен шунинг учун бу ерда юришга мажбурман. Озгина маблағ орттирсам¸ Ўзбекистонда ўзимнинг қиладиган ишларим бор. Мен ҳозир Ўзбекистонда кредитга 30-40 миллион сўм оламан десам¸ бу пулнинг ярми йўқ бўладида. Ярмини олиб¸ давлатдан қарз бўлиб туравераман. Шуни эплай олмайман. Шунинг учун мажбур келдим. Қани бизга айтилган вақтида пулни берса. Ҳақиқат сал йўқроқда. Ҳақиқатлар юзага чиқиб кетар ахир. Умид бор лекин.

Қолаверса¸ давлатимиз бой. Халқимиз ўртаҳол бўлса ҳам ¸давлатимиз бой. Бу билан ҳам фахрланиб яшаймизда барибир. Раҳбарларимиз билан қувониб яшайверамиз¸ нима қиламиз. Шу қон-қонимизга сингиб кетган. Ортиқча гапира олмаймиз¸ ортиқча гапиришнинг иложи ҳам йўқ. Қўлимиз калталик қилади дегандай¸ ëмон сўзларга йўқмиз. Яхши ният бўлади деган умидда яшаймиз¸ дейди Свердловскдан сим қоққан бу суҳбатдош.

Эркаклигидан уялган эркак

Нафақадаги андижонлик амаки эса бизга СМС йўллаб фикр билдириш истагини билдирибди. У кишига телефон қилсак¸ "сизларни товоқдан эшитаман" деб гап бошлади. Товоқ дегани¸ сунъий йўлдош антеннаси экан.

- Мен товоқда кўраман¸ Европанинг товоғидан. Сизларни эшитаманда. Ўзбекистонликларнинг эркаклик ғурури қолмади. Ҳаммамиз бола-чақамиздан қўрқамиз. Ўша Маҳбуба Зокированинг Олий суддаги гувоҳлигини эшитиб¸ эркак бўлганимизга пушмон еб ўтирибмизда. Шу аëл тўғрисида кўп суҳбат қилсангизлар¸ эшитардик¸ хоҳлардик шуни. Шу аëл тўғрисида эшиттириш қилсангизлар¸ эркакларимизнинг эркаклик ҳис-туйғуси уйғониб кетармиди. Нодирабегимга ўхшаган аëллар кўпайсин деймизда биз. Тилагимиз шу. Ожиз бўлиб ўтирибмиз мана¸ дейди нафақадаги андижонлик амаки.

2005 йилги андижон қирғини ҳақида маҳкамада очиқ гапиришга журъат қилган Маҳбуба Зокирова ўз қишлоғида яшаëтгани ҳақида маълумотимиз бор холос.

Сиëсий об-ҳаво

Одатда дастур охирида об-ҳаво маълумоти берилади. Бизга телефон қилган элдошларимиз об-ҳаво маълумотининг нотўғрилигидан ранжишмоқда.

- Бизга 10 кунликми¸ бир ойликни об-ҳавони айтсангиз¸ биз шунга қараб ҳаракат қилишимиз мумкин. Шамол бўладими¸ совуқ бўладими¸ жуда ҳам иссиқ сиëсий кунлар келадими олдинда. Паника қилмаслик учун булар “Бизда иссиқ. Ҳаммаси яхши” деб айтишади. Бамайлихотир айтаверади булар¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда об-ҳаво ҳам сиëсатнинг раъйига бўйсунган кўринади¸ деб гапни қисқа қилди суҳбатдош.

**********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG