Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:14

Алвидо¸ Эшак!


Европа давлатлари Берлин девори қулаганининг 20 йиллигини кенг нишонлаëтган айни кунларда¸ собиқ СССРни қолган дунë билан ажратиб келган темир девор соясида содир бўлган айрим ҳангомалар ëдга тушмоқда.

1982 йили Ўзбекистонда куз совуқ келди.

Ўзбекистондаги талабалар ноябр ойи охирларигача йилт этган оқлик ҳам кўринмай қолган пахтазорларда қолиб кетишди.

Мен ҳам ўша кузни барча талабалар қатори пойтахтдан 200 км олисликдаги Мирзачўлда¸ баракда ўтказдим.

Ташқи дунëдан ажралган бу бўлгада на ичимлик суви¸ на-да электр бор эди.

Менинг вазифам чой қайнатиш¸ баракни электр қуввати билан таъминлаш эди.

Чой ҳамма учун бир катта титанда¸ ўтин йўқлигидан керосин фарсунка ëрдамида қайнатилар эди.

Электр эса бензин билан ишлайдиган қўлбола движокдан чиқар эди.

Мен ҳар куни 10 км узоқликдаги бош баракдан ичимлик суви¸ керосин ва бензин олиб келишим керак эди.

Бу иш учун эшак менга асосий дастëр бўлди.

Мен ҳам юришга ҳоли келмай қолган эшшакни шундай бўйнидан тортар эдим...
Эшакка икки бидон сув¸ бир канистр бензин ва бир канистр керосин ортиб¸ кунига 10 км йўл юрар эдим.

Ноябр охирида ëққан қалин қор бу ишни бениҳоя қийинлаштирди - оғир азобларга чидамаган эшак оламдан ўтди.

Худди шу куни СССР раҳбари Леонид Брежнев ҳам ҳаëтдан кўз юмди. Биз телевизор орқали дафн маросимин томоша қилдик. Далаларни қор босганидан¸ бошқа қиларга ишимиз йўқ эди.

Мен талабаларга эшакни ҳам тантана билан дафн этишни таклиф қилдим. Таклиф бир овоздан қабул қилинди.

Аввалига эшакни дафн қилиш комиссияси тузилди.

Бу комиссияга мен раҳбар бўлдим¸ зотан эшакнинг сўнгги соҳиби мен эдим.

Баракдан сал нарида эшак учун чуқур кавладик.

Эшакни кўмишдан олдин менга сўз берилди.

Мен оғир кунларимизда бизни ичимлик суви¸керосин ва бензин билан таъминлаган заҳматкаш эшак қисматидан гапирдим.

Брежнев дунëни тарк қилган¸ миллионлаб советлар учун қайғу-ғуссага тўла кунда эшакнинг ҳам бу оламни тарк қилиши дард устига чипқон бўлганини айтдим.

(Нутқ стенограммаси ва унга илова қилинган чақув хати Низомий номли ТДПИ архивининг 234 жавонининг 4- ғаладонида сақланмоқда. Нусхаси МХХ Яккасарой туман бўлимида).

Мендан кейин сўз олган тўрткўллик йигит рубобда "Меҳрибонимдан айрилдум" қўшиғини ижро қилди. Пролетар шоир Ҳамза қаламига мансуб бу қўшиқ матни бир оз ўзгартирилди.

Ундан кейин сўз олган Санамгул исмли самарқандлик қиз марҳум билан боғлиқ хотирасини айтиб берди - камина рухсати билан бу қиз эшакда сайр қилган эди.

Ана шундан кейин сўз олган наманганлик талаба ҳар куни барак дарчасидан марҳум эшакни томоша қилганлигини айтиб қайғусини изҳор қилди.

Дафн маросимига йиғилганлар "Алвидо эшак¸ хотиранг бешак" дея уч марта ҳайқирганидан сўнг¸ марҳум устига тупроқ тортилди.

Андижонлик Нўъмон деган йигит бир тахтачага эшак суратини мой бўëқларда чизиб¸ тагига "Туғилган кунинг номъалум -аммо жасоратинг абадий!" деган ëзувни ўзбек¸ рус ва тожик тилида ëзиб қўйди.

Орадан икки кун ўтиб¸ камина институт комсомол қўмитаси котиби ҳузурига чақирилдим.

Мени Брежнев дафн маросимини масхаралашда айблашди ва комсомолдан чиқариб¸ инстутдан ҳайдашга қарор қилишди.

Фақат институт бюрократиясининг номукаммаллиги боис мен институтдан ҳайдалмасдан қолиб кетдим. Бу энди бошқа ҳикоя....

**************************************************************
Эслатма.

1982 йилнинг 10 ноябр куни ўлган Леонид Илъич Брежнев қабри Москвадаги Кремл девори ëнида.

1982 йилнинг айни шу куни ўлган эшак қабри Ўзбекистон республикасининг. Жиззах вилояти Гагарин тумани 22а совхоз 471- баракдан уч метр ғарбда.
XS
SM
MD
LG