Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 03:12

Халқаро хабарлар

ХАЭАда Эроннинг яширин дастурига оид маълумот йўқ

Халқаро атом энергияси агентлиги Эроннинг ядровий қуролларни ишлаб чиқишга доир яширин дастури борлигини тасдиқловчи маълумотлари йўқлигини баён қилди.

Бу баёнотда “Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ядровий қуролларни қўлга киритмоқчи” деб хулоса қилганига оид матбуотда пайдо бўлган хабарлар ҳам инкор қилинади.

Агентлик ўз раҳбари Муҳаммад ал-Барадейнинг 9 сентябр кунги Эроннинг ядровий бомба ишлаб чиқараётганига оид иддаолар “сиёсий ва асоссиз” қабилидаги фикрларини тасдиқлади.

Кун янгиликлари

Қирғизистон Миллий хавфсизлик раҳбари ўзбек чегараси бўйича келишув “тарихий воқеа” бўлишини айтди

Ташиев давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини қирғиз-ўзбек чегараси бўйича эришилган протокол бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Чегараларни делимитация - демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари Қамчибек Ташиев кўпчилик уни «тўлиқ маълумотга эга бўлмаган ҳолда» танқид қилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «кейинчалик улар бу тарихий воқеа бўлганлигини айтишади».

Ташиев давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини қирғиз-ўзбек чегараси бўйича эришилган протокол бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

«Маҳаллий аҳоли ишончли маълумотга эга эмас. Мен барча вилоятларга саёҳат қилдим, аммо бу етарли эмас. Ҳар бир одам билан учрашиш ва протоколнинг ҳар бир бандини тушунарли тилда тушунтириш керак», - деди у.

Ташиев 26 мартда Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасида баҳсли ҳудуд қолмагани, бу масалани томонлар 100% ҳал қилгани тўғрисида баёнот берган эди.

Қамчибек Ташиев бу баёнотни ўзи етакчилик қилган ҳукумат делегацияси 24-25 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган сўзлашувлар ортидан қилган. Сўзлашувларда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир Абдулла Арипов етакчилик қилган.

Аммо эришилган келишувнинг айрим бандлари чегара ҳудудларидаги аҳолининг норозилигига учради. Қирғизистонликлар сув ресурслари Ўзбекистонга ўтказиб берилганини кескин танқид қилди.

Март ойининг охирида Ташиев маҳаллий аҳолига музокаралар натижаларини ва Ўзбекистон билан чегаралар тўғрисида имзоланган протоколни тушунтириш учун чегарадош вилоятларга ташриф буюрди.

Қозоғистонда Олий суд судьяси коррупцияда айбланиб қўлга олинди

Расман билдирилишича, Жангуттинов Туркистон вилояти судьясидан уни бошқа иш жойига ўтказиш ваъдаси эвазига пул олган.

9 апрель куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султондаги ихтисослаштирилган суд республика Олий суди судьясини икки ойга ҳибсга олишни буюрди.

Хабарларга кўра, 63 ёшли Мейрам Жангуттинов 11 февраль куни пора олаётган пайтида қўлга олинган. Ҳибсга олиш Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Олий суднинг Ички хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилган.

Тергов маълумотларига кўра, Жангуттинов Туркистон вилояти судьясидан уни бошқа иш жойига ўтказиш ваъдаси эвазига пул олган. Озодлик радиосининг қозоқ хизматининг хабар беришича, пора берган судья ҳам ҳибсга олинган.
Гумонланувчи қўлга олинишидан олдин қаерда бўлгани маълум эмас.

Мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олий суд судьяси пора билан қўлга тушганини ачинарли ҳолат деб атади.

Февраль ойида Жангуттинов ҳибсга олинганидан сўнг унинг ваколатлари ўтган йилнинг декабрида тугагани маълум қилинганди.

Хитой расмийлари AliExpress эгасига рекорд 2,8 миллиард доллар жарима солди

Жек Ма Хитойнинг энг бадавлат одами ҳисобланарди.

Монополияга қарши текширув ортидан Хитой расмийлари Alibaba корпорациясига 2,8 миллиард доллар миқдорда жарима солди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик жаримадир.

Жек Ма Хитойнинг энг бадавлат одами ҳисобланади. Forbes журнали бизнесменнинг бойлигини 65,5 миллиард долларга баҳолаганди.

Аммо у расмийларни танқид қилганидан кейин, ҳаммаси ўзгарди. 24 октябрь куни Ма Шанхайда бўлиб ўтган иқтисодий форумда ҳукумат вакилларини танқид қилиб, «кекса одамлар» ўйлаб топган назорат чоралари эскирганини айтди ва расмийларни банклар манфаатларини ҳимоя қилишда айблади.

Ма чиқишидан олдин Хитой раиси ўринбосари Ван Цишань нутқ сўзлаб, янги молиявий технологиялар тарқалишининг хавфлилиги ҳақида гапирганди. Бу ҳолат ортидан тадбиркор уч ойга ғойиб бўлди.

Куздан бери тадбиркорнинг активлари баҳоси тахминан 15 миллиард долларга пастлади. Эндиликда у хитой бойлари орасида тўртинчи ўринда бормоқда.

Бундестаг депутатлари Навальнийга мактуб ёзди

Германия депутатлари Навальнийнинг соғлиғи ҳақидаги хабарларни чуқур хавотир билан кузатиб бораётганликларини айтганлар.

Германия Бундестаги аъзолари Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний қамоқда «мақсадли қийноққа» тутилаётганини айтиб, Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Европа қўмитасидан унинг қамоқдаги аҳволини кўриб чиқишни талаб қилдилар.

10 апрель куни Facebookда жойлаштирилган мактубда Навальнийга кўрсатилаётган муносабат қийноқлар олдини олиш тўғрисидаги Европа конвенциясига «мос келмаслиги» айтилади.

Мактубни Германия парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Бундестагнинг 15 депутати имзолаган.

Қонунчиларнинг таъкидлашича, Навальнийга қарши суд жараёни қонун устуворлиги меъёрлари остида амалга оширилмаган ва суд қарори унинг овозини ўчириш мақсадида чиқарилган.

Германия депутатлари Навальнийнинг қамоқдаги аҳволи ва соғлиғи ҳақидаги хабарларни чуқур хавотир билан кузатиб бораётганликларини айтиб, унга «тўла бирдамлик» изҳор қилдилар.

Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда

Бишкекдаги сайлов участкасининг очилиши.

Бугун Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириб, парламентни заифлаштирадиган янги конституцияни тасдиқлаш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда.

Бундан уч ой олдин Садир Жапаров президент этиб сайланган эди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда октябрда содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этди.

Январда президент сайловида у ғалабага эришди. Сайлов билан бирга ўтган референдумда қирғизистонликлар президент бошқаруви тизимини ҳам танлади.

Референдумга қўйилган янги конституцияга биноан, президент ваколатлари кенгайтирилади, иккинчи муддатга сайланишга доир чеклов олиб ташланади. Шунингдек, президент ҳузурида Халқ Қурултойи деб номланувчи янги «маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи» кенгаш тузилади. Конституциявий Кенгаш ҳам ташкил этилиб, парламент депутатларининг сони 120 нафардан 90 нафарга қисқаради.

Жамоатчилик таклиф этилаётган ўзгартиришлардан мақсад президентга мутлақ ҳокимият беришдан иборат, деб Жапаровнинг бу ташаббусини қораламоқда.

Зеленский билан учрашган Эрдўғон шарқий Украинадаги вазиятни «ташвишли» деб атади

Олдиндан режалаштирилган учрашув уч соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 апрель куни Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказган учрашуви ортидан шарқий Украинанинг Донбасс минтақасидаги вазиятни деэскалация қилишга чақирди.

Олдиндан режалаштирилган учрашув уч соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Истанбулда Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон Украина шарқида содир бўлаётган воқеаларни «хавотирли» деб атади ва можаро «тинч ва дипломатик воситалар билан, Украинанинг яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилинишига» умид билдирди.

Қора денгиз бўйида жойлашган Туркия ва Украина яқин муносабатларни сақлаб келмоқда. Бундан олдин Туркия 2014 йилда Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилинганини бир неча маротаба қоралаган эди.

Эрдўғон Туркия Қрим босиб олинганини тан олмаслигини такрорлади.

Хабарларга кўра, учрашув чоғида икки раҳбар ҳарбий ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама қилган.

Мьянмада намойишларни бостираётган ҳарбийлар 80 дан зиёд норозини ўлдирди

Мьянмадаги норозилар.

Мьянмада намойишчиларга қарши зўравонликларда 80 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган.

Мьянмада 1 февраль куни амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари бошланиб кетган.

Хабарларга кўра, ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар 9 апрель куни Янгон яқинидаги Баго шаҳрида намойишчиларга қарата ўт очган.

Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси маҳаллий кузатув гуруҳи «Багода хавфсизлик кучлари томонидан тўнтаришга қарши чиққан 80 дан ортиқ намойишчи ўлдирилганини» тасдиқлади.

Қурбонлар сони янада ошиши мумкин, чунки хабар қилинишича, ҳарбийлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини юк машиналарига ортиб, олиб кетган.

Сиёсий маҳбусларга кўмаклашиш уюшмаси маълумотларига кўра, ҳарбий тўнтаришдан бери хавфсизлик кучлари камида 701 кишини ўлдирган.

Арманистон Озарбайжонни сулҳ битимини бузишда айблади

Арманистон Озарбайжонни Россия воситачилигида имзоланган сулҳ битимининг муҳим шартини бузишда айблади.

Расмий Ереваннинг иддао қилишича, Боку ўтган йили Тоғли Қорабоғда содир бўлган тўқнашувлар давомида асир олинган арман аскарлари ва тинч аҳоли вакилларини озод қилиш ваъдасини бажармаяпти.

9 апрель куни бош вазир ўринбосари Тигран Авинян Facebookда «Афсуски, маҳбусларни қайтариш яна кечикмоқда», деб ёзди.

"Россия воситачилигидаги музокаралар давом этмоқда ва биз Озарбайжон томони 2020 йил ноябрида имзоланган сулҳ битимини ниҳоят ҳурмат қилиб, Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида Арманистон ва Озарбайжон кучлари ўртасида олти ҳафтадан бери давом этаётган жангларга чек қўяди, деб умид қиламиз", дея қўшимча қилди Авинян.

Озарбайжон расмийлари ҳали бу айбловни изоҳлагани йўқ.

Бундан бир кун олдин Арманистон ҳукумати вакиллари бир гуруҳ уруш асири ватанига қайтарилишини маълум қилган эди.

Москвада Навальний ҳимоясига ўтказилган митинг қатнашчиси 3 йилга қамалди

Москва суди 31 январь куни мухолифат раҳбари Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган шахсни 3 йилга озодликдан маҳрум қилди.

9 апрель куни Мешчанский туман суди Павел Грин-Романовни намойишчиларни тарқатиш пайтида полиция ходимига қарши қалампир пуркагич ишлатишда айбдор деб топди.

Грин-Романов «қисман айбдор» эканини тан олган. У қалампир пуркагични полицияга қарата пуркагани тан олган, аммо хотинини ҳимоя қилиш учун бундай қилганини айтган.

Прокуратура судланувчига саккиз йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.

Грин-Романов сўнгги ҳафталарда Кремлнинг ашаддий танқидчиси Навальний ҳибсга олинишга қарши умуммиллий намойишлар пайтида полицияга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган бир неча россияликнинг биридир.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бишкекда никоҳ учун ўғирланган қиз ўлими ортидан ўнлаб милиция ходими жавобгарликка тортилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 5 апрель куни куппа-кундуз никоҳ учун ўғирлаб кетилиб, икки кундан кейин ўлик ҳолда топилган Айзада Қанатбекова иши бўйича прокуратура расмий тергов ишини очди.

Ички ишлар вазирлиги эса Қанатбекова ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича дастлабки расмий текширув натижаларини маълум қилди. Вазирлик баёнотига кўра, ички ишлар идораларининг ўнлаб ходими лавозимидан четлатилган ёки ҳайфсан олган.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигининг буйруғи билан Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Бақит Матмусаев, унинг ўринбосари Эрлан Атантаев, Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов хизмати бошлиғи Нурлан Утемисов ва бошқалар ишдан бўшатилган.

27 ёшда бўлган Қанатбекованинг қариндошлари у ўғирлаб кетилганидан кейин милиция бепарво бўлганини айтмоқдалар.

Қанатбекова ва уни шериклари билан бирга ўғирлаб кетгани тахмин қилинаётган эркакнинг жасади икки кун ўтгач чўпон томонидан топилган.

NEXTA Live: Россия ҳарбийлари Украина билан чегарада лагер ташкил қилди

Донецк вилоятига қарашли Авдеевка шаҳри яқинидаги украин аскари - 5 апрель, 2021

Россия ҳарбийлари Воронеж вилоятининг Украина билан чегарага яқин ҳудудида лагер ташкил этган. Бу ҳақда NEXTA Live Telegram канали хабар қилди.

Хабарда айтилишича, маҳаллий аҳоли ҳарбийлар «турар-жой бинолари ёнидаги далада» ўрнашгани ҳамда «ўрмонни зирҳли транспортёрлар ва юк машиналари билан вайрон қилаётганидан» шикоят қилган.

NEXTA Live хабарига Россия ҳарбий техникаси акс этгани айтилаётган суратлар илова қилинди.

Россия ва Украина чегарасига қанча ҳарбий сафарбар қилингани номаълум. АҚШ манбаларига кўра, Россия ҳудудга тўрт мингга яқин ҳарбийни юборган. Украина армияси ҳисобларига кўра, чегара яқинидаги рус ҳарбийлари сони 5 мингга яқиндир.

Украина Бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак Москвани «стратегик машғулотларга тайёргарлик ниқоби остида» Украина – Россия чегараси яқинида ҳарбий қўшинлари сонини оширишда айбламоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия Ростов, Брянск ва Воронеж вилоятлари ҳамда Қримга ҳарбий қисмларни юборган.

Аввалроқ NEXTA Live канали Беларусь – Украина чегарасида Беларусь ҳарбийлари ва ҳарбий техникаси пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Санкцияларга учраган Россия ва Беларусь валюталари кескин қадрсизланди

Россиялик аёл валюта айирбошлаш шаҳобчаси олдида - Москва, 9 март, 2021.

Бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган Россия ва Беларусь валюталари бир-бирига боғлиқ бўлмаган сиёсий ва дипломатик муаммолар фонида кескин қадрсизланди.

7 апрель куни Россия рубли АҚШ долларига нисбатан беш ойда қайд этилган энг паст кўрсаткичга тушди.

Айни кунда Беларусь рубли ҳам антирекорд ўрнатди: 1 доллар нархи 2,66 рублга кўтарилди.

Ҳар икки мамлакат ўз раҳбарларининг авторитар сиёсатлари учун Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган санкциялар, қора рўйхат ва бошқа жазо чоралари туфайли иқтисодий қийинчиликларга юз тутган.

Россия президенти Владимир Путин мухолифат етакчиси Алексей Навальний заҳарлангани ва қамалгани учун халқаро босимга учради.

Беларусни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко эса ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган баҳсли сайловлар ортидан бошланиб кетган намойишларни аёвсиз бостиргани учун кескин танқид ва санкцияларга йўлиққан.

Меркель Путинни украин чегараси яқинидан Россия қўшинларини олиб кетишга чақирди

Ангела Меркель ва Владимир Путин - Берлин, 9 январь, 2020.

Германия канцлери Ангела Меркель пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни Россия қўшинларини Украина чегараси яқинидан олиб кетишга чақирган. Бу ҳақда канцлер матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, икки раҳбар Босния, Ливия ва Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Шунингдек, суҳбат давомида айни дамда Владимир вилоятидаги колонияда очлик эълон қилган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний масаласи ҳам кўтарилган.

Кремль ҳам учрашув ҳақида баёнот эълон қилди, аммо унда Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудуддаги қўшинлари тилга олинмади.

Шундай бўлса-да, Кремль баёнотида Навальний исми тилга олинди. «Федерал канцлер томонидан кўрсатилган қизиқиш туфайли А. Навальний билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтилди», дейилади Кремль баёнотида.

Британия қироличасининг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп оламдан ўтди

2020 йил ноябрида қиролича Елизавета ва Филипп турмуш қурганларининг 73 йиллигини нишонлашган эди.

Буюк Британия шаҳзодаси, Эдинбург герцоги Филипп 99 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Букингем саройи хабар тарқатди. Филипп Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи ва валиаҳд шаҳзода Чарльзнинг отаси эди.

Шаҳзода Филипп Глугсбурглар династияси хонадонида дунёга келган, Греция ва Дания шаҳзодаси унвонига эга бўлган. У Греция қироли Георг I нинг ўғли ва қирол Константин I нинг жияни эди.

Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Дания қироли Кристиан IX, Англия қироличаси Виктория ҳамда Чор императорининг рафиқаси Александра Фёдоровна ва император Николай I билан қариндошлик ришталари орқали боғланган.

Филипп Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, Британия ҳарбий денгиз флоти таркибида жангларда, шунингдек, Япония капитуляцияси актининг имзоланишида иштирок этган эди. Ўзига тўртинчи авлод орқали сингил бўлган Елизавета билан у 1947 йилда турмуш қурган. Уйланишидан аввал ўзининг немисча фамилияси ҳамда православ динини ўзгартириб, Англикан черковига кирган.

Рафиқаси Британия тахтига ўтириши ортидан Филипп ҳарбий хизматни якунлаб, 2017 йилга қадар қироллик хонадонининг ишлари билан шуғулланган. У 22 йил давомида Халқаро от спорти федерацияси, 15 йил Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси президенти бўлган.

Британия шаҳзодаси сифатида у юзлаб дунё раҳбарлари, жумладан, Жон Кеннеди, Леонид Брежнев ва Борис Ельцин каби раҳбарлар билан учрашган. У Британия, Австралия, Янги Зеландия қўшинларининг юксак мартабали зобити эди. Қироллик оиласи мансуби сифатида юзлаб давлатларнинг юксак орденлари билан тақдирланган эди.

2020 йил ноябрида Елизавета ва Филипп турмуш қурганларининг 73 йиллигини нишонлашган эди. Шу йил бошида Филипп шифохонага ётқизилган ва бир ойга яқин муолажа олган эди. У 100 ёшга тўлишига икки ой қолганда оламдан ўтди.

Россия Словакиядан «Спутник V» вакциналарини қайтаришни талаб қилди

«Спутник V» вакцинаси

8 апрель куни «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) Словакияга юборилган вакцина дозалари қайтарилишини талаб қилди. Бунга Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси мамлакатга юборилган дозалар Европа Дори-дармон агентлиги кўриб чиқаётган вакцинадан фарқ қилишини маълум қилгани туртки бўлди.

Братислава ва Москва тортишуви рус вакцинасини Европа бўйлаб тарқатиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар учун навбатдаги зарба бўлди.

«Спутник V» вакцинаси Европа дори-дармон агентлиги (EMA) томонидан маъқулланмаган бўлса-да, Словакия ва Венгрия рус вакцинаси билан аҳолини эмлашга қарор қилган. Бошқа бир қатор Европа Иттифоқига аъзо давлат ҳам рус вакцинасидан фойдаланишга изн бериш ҳақида ўйламоқда.

Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси рус вакцинаси самараси ва хавфсизлиги ҳақида саволлар борлигини, шунингдек, Словакияга юборилган дозалар Европа дори-дармон агентлигига текширув учун юборилган дозалардан фарқ қилишини билдирди.

Бунга жавобан Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси Словакияни «саботаж» ва «дезинформация кампаниясида» айблаб, юборилган вакциналарни қайтиб беришни талаб қилди.

Bloomberg: АҚШ россиялик дипломатларни бадарға қилишга ва янги санкция жорий қилишга ҳозирлик кўрмоқда

Вашингтон. Оқ Уй.

Москва Вашингтонга қарши амалга оширган хакерлик ҳужумлари ва АҚШ сайловларига аралашувига жавобан АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбориш ва янги санкцияларни жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри ўз манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Оқ уй Москванинг тахмин қилинаётган душманлик ҳаракатлари ва Solar Winds компанияси томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот ёрдамида давлат идораларига қилган хакерлик ҳужуми тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиққан.

Агентлик манбаларидан бири сўзларига кўра, АҚШнинг бу ҳаракатларга жавоби Владимир Путинга яқин шахсларга, шунингдек, сайловларга аралашув кампаниясига алоқадор амалдорларга қарши санкцияларни ўз ичига олиши мумкин. Бундан ташқари, манба Россиянинг «дипломатик ниқоб ортида ишлайдиган разведка ходимларини» бадарға қилиш чораси ҳам кўриб чиқилаётганини айтган.

Байден президентлик курсисига ўтириши биланоқ Россиянинг душманлик ҳаракатларини ўрганиб чиқишни буюрган эди. Тергов тўрт йўналишда олиб борилган: хакерлик ҳужуми, Афғонистондаги америкалик аскарларга қарши душманлик ҳаракатлари, сайловларга аралашув ва мухолифат раҳбари Алексей Навальнийнинг заҳарланиши.

Март ойининг ўрталарида АҚШ разведка агентликлари Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашуви тўғрисида ҳисобот эълон қилганди.

Бунинг ортидан Байден ABC News телеканалига берган интервьюсида Путин президентлик сайловларига аралашгани учун «жавоб беришини» айтди.

Европа Дори-дармон агентлиги «Спутник V» вакцинаси клиник синовларини текширади

Россиянинг «Спутник V» вакцинаси.

Европа Дори-дармон агентлигини Россиянинг «Спутник V» вакцинаси бўйича ўтказилган клиник синовларни ва ушбу синовлар қоидаларга риоя қилинган ҳолда ўтказилгани ёки йўқлигини текширади. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабар бермоқда.

7 апрель куни газета агентликнинг тасдиқлаш жараёни билан таниш бўлган манбаларга таянган ҳолда «Спутник V» умумий фойдаланиш учун маъқулланишидан олдин қай йўсинда синалгани ҳақида ахлоқий хавотирлар мавжудлигини хабар қилди.

Мақолада эътироф этилишича, вакцина Европа Иттифоқида тасдиқланиши қисман Россияда ўтказилган клиник синовлар GCP деб номланувчи стандартларга мос келиш-келмаслигига боғлиқдир.

«Спутник V» ўтган йилнинг август ойида барча вакциналар, шу жумладан, бошқа COVID-19 вакциналари ўтадиган тўлиқ синовлардан ўтмаганига қарамай, Россияда фойдаланиш учун тасдиқланган эди.

Февраль ойида Буюк Британияда чоп этиладиган нуфузли The Lancet журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, рус вакцинаси коронавирусга қарши бошқа асосий вакциналардек самаралидир.

Толибон Афғонистондаги халқаро қўшинларга ҳужум уюштирганини иддао қилди

Толибон жангарилари.

Толибон жангари гуруҳи матбуот котиби ўз аъзолари Афғонистон жанубида халқаро қўшинлар жойлашган ҳаво базасига ҳужум қилганини иддао қилди.

Агар бу иддао тасдиқланса, мазкур ҳужум Толибон АҚШ билан 2020 йил февралида шартнома имзолагандан бери хорижий кучларга қарши амалга оширганини тан олган биринчи хуруж бўлади.

Толибон вакили Twitter платформасида 7 апрель куни НАТО миссияси доирасида сафарбар қилинган халқаро қўшинлар жойлаштирилган Қандаҳор ҳаво базаси «кўплаб ракета билан нишонга олингани» ҳақида ёзди.

«Ракеталар нишонларга бориб урилиб, ўлим ва моддий йўқотишларни келтириб чиқари», дея қўшимча қилди жангари гуруҳ вакили.

АҚШ ҳарбийлари ҳам, НАТО ҳам бу иддаони ҳали изоҳлагани йўқ.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти даврида тузилган АҚШ – Толибон сулҳига биноан, жангари гуруҳ халқаро қўшинларга қарши ҳужумларни бутунлай тўхтатиши керак.

Шунингдек, барча хорижий қўшинлар жангари гуруҳ томонидан ваъда қилинган хавфсизлик кафолатлари эвазига Афғонистонни 1 майга қадар тарк этиши керак.

Байден АҚШдаги қурол зўравонлигига қарши чора кўрмоқчи

АҚШ президенти Жо Байден.

8 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти қурол зўравонлигини чеклаш бўйича кўришни режалаётган илк қадамларини эълон қилади.

Маъмурият кўрадиган чоралар орасида аҳоли ўзи ясайдиган ва кузатиб бўлмайдиган «арвоҳ қуроллар» тарқалишини чеклаш бўйича чора-тадбирлар бор.

Бундай қуроллар ҳозирда ўқотар қурол ўлароқ назорат қилмайди. Яъни, уларни харидор ўтмишини текширмай сотиш мумкин.

Шунингдек, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жамият учун хавф туғдирадиган шахслардан ўқотар қуролларни тортиб олиш имконини берадиган қонун жорий қилинади.

Қурол-яроғ назорати АҚШда мунозарали мавзу. Мамлакат Конституциясига киритилган иккинчи тузатишига биноан, барча фуқаролар қуролга эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

Яқинда Жоржия ва Колорадо штатларида содир бўлган икки оммавий отишмада 18 киши нобуд бўлди.

АҚШ фаластинликларга 235 миллион доллар ёрдам ажратади

Фаластин ҳудудига Исроил ракетаси отилганидан кейинги манзара.

АҚШ фаластинликларга БМТ орқали 235 миллион доллар ёрдам беради. Собиқ президент Дональд Трамп даврида бундай ёрдам тўхтатилган эди.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен 7 апрель куни эълон қилган баёнотга кўра, Вашингтон БМТнинг Фаластин қочоқларига ёрдам ва Ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) 150 миллион доллар ажратади.

Шунингдек, АҚШ иқтисодий ва ривожланиш соҳасини қўллаш учун 75 миллион доллар, тинчлик ўрнатиш дастурлари учун 10 миллион доллар маблағ ажратади.

Фаластинни озод қилиш ташкилоти Ижроия қўмитаси аъзоси Аҳмад Абу Ҳули АҚШ давлат департаментига ушбу «муҳим ёрдам» учун миннатдорчилик билдиришини айтди.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Гилад Эрдан эса UNRWA дастурини молиялаштириш қарори Фаластинда баъзи ислоҳотлар, шу жумладан, ўқув дастуридан антисемитизм олиб ташланмасидан қабул қилинганини айтиб, эътироз билдирди.

Forbes: Жефф Безос ва Илон Маск жаҳоннинг энг бой одамига айланди. Алишер Усмонов 99-ўринда

Жефф Безос бир йилда 64 миллиард доллар пул топди.

2021 йилда Amazon асосчиси Жефф Безос жаҳон бойлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Forbes журналининг билдиришича, унинг бойлиги 177 миллиард долларни ташкил қилмоқда. У бир йил ичида 64 миллиард доллар даромад кўрган. Ўтган йили Forbes унинг бойлигини 113 миллиард долларга баҳолаган эди. 57 ёшли Жефф Безос 4 йилдан бери жаҳоннинг энг бой одамлари рўйхатида 1-ўринни эгаллаб келмоқда.

SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси 49 ёшли Илон Маскнинг бойлиги эса бир йил ичида 24 миллиард долларга ўсган ва у 151 миллиард долларга эгалик қилаётган корчалон сифатида жаҳон бойлари рўйхатининг 2-поғонасини эгаллади.

Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи президенти 72 ёшли Бернард Арно эса 150 миллиард доллар билан учинчи ўринда бормоқда.Француз миллиардерининг бойлиги бир йилда 2 баробарга кўпайган.

Жаҳондаги энг бой одамлар ўнталигидан Microsoft асосчиси Билл Гейтс ( 65 ёшда, 124 млрд доллар), Facebook асосчиси Марк Цукерберг ( 36 ёшда, 97 млрд доллар), Berkshire Hathaway эгаси Уоррен Баффет ( 90 ёшда, 96 млрд доллар), Oracle раҳбари Ларри Эллисон ( 76 ёшда, 93 млрд доллар), Google асосчиси Ларри Пейдж ( 48 ёшда, 91,5 млрд доллар), Google ҳаммуассиси Сергей Брин ( 47 ёшда, 89 млрд доллар) ва Ҳиндистондаги Reliance Industries раҳбари Мукеш Амбани ( 63 ёшда, 84,5 млрд доллар) жой олди.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов жаҳон бойлари рўйхатининг 99-поғонасини эгаллади. У Россия бойлари орасида 7-ўринда. Усмоновнинг бойлиги 18,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўтган йили унинг бойлиги 13,4 миллиард доллар деб қайд этилган эди.

Жаҳон бойлари рўйхатидан жами 2755 миллиардер жой олган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 660 нафарга кўпдир. Жаҳон бойлари 2021 йилда 13 триллион доллардан кўпроқ бойликка эгалик қилмоқда. 2020 йилда уларнинг умумий бойлиги 5 триллион долларга баҳоланганди.

АҚШ Давлат котиби Россиянинг Озодлик радиосига босим кўрсатаётганидан ташвиш билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озодлик радиоси рус хизматига нисбатан Россия ҳукумати “хориж агентлари” қонуни доирасида босим кўрсатаётганидан ташвиш билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс маълум қилди.

Билдирилишича, Блинкен 6 апрель куни Глобал медиа бўйича АҚШ агентлиги – USAGM раҳбари вазифасини бажарувчи Келу Чао билан учрашган. Учрашувда мустақил халқаро нашрларнинг жаҳонда демократик принципларни олға суришдаги аҳамияти муҳокама қилинган.

Сўнгги ойларда Москва радионинг барча рус тилидаги материалларига “хорижий агент” белгиси қўйилишини талаб қилмоқда. Бу талабни бажармаганларга, жумладан, Америка овози ва Озодлик радиосининг Россиядаги мухбирларига жарима солиниши ёки жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

“Бундай талабдан мақсад-мустақил журналистларнинг овозини ўчиришдир”,-дейилади Давлат департаменти расмий баёнотида.

Роскомнадзор сўнгги ойларда Озодлик радиоси рус хизматига мазкур талабни бажармагани учун бир миллион долларга яқин жарима солди.

Озод Европа-Озодлик радиоси раҳбарияти бир неча маротаба радио фаолиятига цензура ва сиёсий аралашув бўлишига йўл қўйилмаслигини билдирган.

AI раҳбари Путиндан Навальнийнинг олдига шифокорни киритишни илтимос қилди

Навальний қамоқхонада 31 март куни очлик эълон қилган.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бош котиби Аньес Калламар Россия президенти Владимир Путинга қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний олдига “ўзи ишонган шифокор”ни киритиш илтимоси билан мурожаат қилди. Калламар ўз мурожаатида Путинни Навальнийни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирган.

Калламар Навальний асоссиз равишда қамалганини ва қамоқда унинг саломатлиги кескин ёмонлашганини алоҳида таъкидлади. Amnesty International раҳбари Россия ҳукумати мухолифатчи Навальнийни “секинлик билан ўлдирмоқда”, деб ҳисоблайди.

Бир неча кун олдин Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган Алексей Навальний соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан ўз олдига врачни киритишни талаб этиб очлик эълон қилгани айтилган эди.

Навальнийга кўра, унинг отрядидаги 15 кишидан уч киши сил ташҳиси билан касалхонага ётқизилган. Шифокорлар Навальнийнинг тана ҳарорати 38,1 градус эканини ва уни қаттиқ йўтал тутаётганини аниқлаганлар.

5 апрель куни кечқурун Жазони ўташ хизмати Навальний “ўткир респиратор касаллиги” ташҳиси билан қамоқхона касалхонасига ётқизилганини билдирди. Аммо Навальний очликни тўхтатган эмас.

Путин ўзининг яна икки марта президент бўлишига имконият яратувчи қонунни имзолади

Путин 1999 йилдан бери Россияни бошқариб келмоқда.

Россия раҳбари Владимир Путин 5 апрель куни ўзининг яна икки марта президент бўлишига имконият яратувчи қонунни имзолади.

Мазкур қонунга асосан Россия фуқароси икки мартадан ортиқ муддатга президент бўла олмайди. Қонун қабул қилиниши ортидан Путиннинг аввалги иккита президентлик муддати нолга тенглаштирилади ва у 2024 йилда ҳамда 2030 йилда ўтадиган президентлик сайловларида янги қонун асосида ўз номзодини президентликка кўрсатиши мумкин.

Путин айни пайтда иккинчи олти йиллик президентлик муддатини ўтамоқда. 2020 йилнинг январида Конституцияга 68 ёшли Путинни 2036 йилгача ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга имконият берувчи ўзгартишлар киритилганди.

Янги қонун Коснтитуцияга киритилган мазкур ўзгартириш доирасида ишлаб чиқилган ва Россия Думаси томонидан тасдиқланган.

Россия мухолифати мазкур ўзгартишга қарши Москвада қатор намойишларни ўтказган. Ҳукумат намойишларни куч ишлатар тузилмалар воситасида тарқатган.

Москвадаги “Левада-Центр” ижтимоий сўров ташкилоти томонидан ўтказилган сўров натижаларига қараганда, ўтган ойда Путиннинг рейтинги россияликлар ўртасида 41 фоизни ташкил қилган.

Қозоғистонда бир кунда коронавирус ва зотилжамдан 20 киши вафот этди

Олмаота манзараси.

Қозоғистонда сўнгги бир сутка ичида 1921 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 апорель куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, беморлардан 611 нафари Олмаотада, 368 нафари Нур-Султонда қолганлари эса бошқа вилоятларда аниқланган. Бир кун ичида коронавирусдан ва “коронавируснамо зотилжам”дан 20 киши вафот этган.

Вазирликнинг билдиришича, пандемия бошланган ўтган йилнинг мартидан то шу кунгача Қозоғистонда коронавирсга чалинганлар сони 255минг 28 кишига етди. Улардан 3 110 нафари вафот этди. Шунингдек, “ковиднамо зотилжам”дан 702 киши ўлган.

COVID-19га чалиниш бўйича мамлакат бўйлаб Олмаота етакчилик қилмоқда. Бу шаҳарда вакцуина етарли бўлмагани сабабли ҳозирча фақат чекланган миқдорда эмлаш жараёни ўтказилмоқда. Билдирилишича, икки кун ичида Олмаотада 17 минг одам эмланган.

5 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда 174 минг 269 киши коронавирусга қарши эмланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG