Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:03

АҚШда БМТ саммити бўлиб ўтмоқда


Ню Йоркда иқлим ўзгаришига бағишланган халқаро саммит иш бошлади. Анжуманда жаҳоннинг юзга яқин давлати раҳбарлари иштирок этмоқдалар.

Ню Йоркда иқлим ўзгариши мавзуига бағишланган махсус саммитда сўз олган БМТ бош котиби Бан Ки Мун, агар халқаро ҳамжамият яқин ойлар ичида иқлим исиши олдини олишга қаратилган келишув борасида бир қарорга келмаса, бу "кечириб бўлмас хато" бўлишини айтди.

- Иқлим ўзгариши муштарак муаммодир ва унга қарши биргаликда курашиш вақти-соати келди. Қулай фурсатни қўлдан чиқармайлик. Муҳтарам жаҳон етакчилари, хонимлар ва жаноблар, мен сизларни декабр ойида Копенгагенда илмий асосланган келишувни имзолашга чақираман, деди Бан Ки Мун.

Декабр ойида Копенгаген шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши масаласига бағишланган анжумани режалаштирилган. Бу анжуманда Киото битими ўрнини босадиган ҳужжат муҳокамага қўйилади. Ушбу декларациянинг қабул қилиниши дунёдаги бой ва қашшоқ мамлакатлар иқлим исишининг олдини олиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши айтилади.

Иқлим ўзгаришига олиб келаётган "иссиқхона газлари"нинг атмосферага чиқарилиши олдини олиш экологик тоза энергия манбаларини ишга тушириш, энергиядан тежаб-тергаб фойдаланиш ва ўрмонлар кесилишини камайтириш эвазига эришилиши мумкин.

Бу чақириқларга Хитой биринчилардан бўлиб қўшилди. Саммитда чиқиш қилган Хитой президенти Ху Цзинтао эса ўз давлати атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини қисқартиришини эълон қилди.

Ху Цзинтао, жумладан, Хитой атмосферага чиқараётган заҳарли газ миқдори келаси ўн йилликда сезиларли камайтирилиши ва аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини имкон бор қадар янги, экологик тоза воситалар орқали қондириб борилиши, Хитойда 300 минг квадрат километр ҳудуд кўкаламзорлаштирилишини ваъда қилди.

Саммитда нутқ сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама ҳам жаҳон давлатларини иқлим ўзгаришига қарши курашишга чақириб, бу муаммо ҳозирдан бартараф этилмаса, яқин келажакда жаҳон давлатлари каттароқ муаммоларга дуч келиши хусусида огоҳлантирди.

- Инсоният иқлим ўзгариши хавфига қарши етарли чора кўрмади ва муаммо миқёсини тан олишни истамади. Бу менинг мамлакатимга ҳам тааллуқлидир ва биз буни тан оламиз. Ҳозир бошқача даврда яшаяпмиз ва шуни ғурур-ифтихор билан айтишим мумкинки, сўнгги 8 ой мобайнида Қўшма Штатлар экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш ва ҳавога заҳарли газ чиқиши миқдорини камайтириш йўлида ҳар қачонгидан кўп иш қилди, деди Барак Обама.

Иқлим ўзгариши саммитида сўз олганлар орасида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳайъати раҳбари, 2007 йилги Нобел мукофоти лауреати Ражендра Пачаури ҳам бор. Пачаури бой давлатларни қашшоқ ўлкаларга кўпроқ ёрдам беришга чақирди.

Шу йил ёзида Европа Иттифоқи ривожланаётган давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши чора кўришлари учун йилига 15 миллиард доллар ажратиб бориш мажбуриятини зиммасига олган эди.
XS
SM
MD
LG