Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:57

Теҳрон ракета синовларини ўтказмоқда


Эрон ахборот агентликлари мамлакат қўшинлари 27 сентябр куни бошланган ҳарбий амалиётлар чоғида қисқа масофага парвоз қиладиган икки ракета ва бошқа қуролларни синовдан ўтказгани тўғрисида хабар тарқатдилар.

Айни пайтда Эрон радиоси 28 сентябр куни 2000 км узоқликдаги нишонни ура оладиган “Шаҳоб-3” ракеталари синовдан ўтказилишини маълум қилди. Радионинг хабар қилишича, ракета синови Инқилоб посбонлари корпусининг бугун бошланган ҳарбий амалиётлари доирасида амалга оширилади.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг билдиришича, синовдан ўтказилажак ракеталар Исроил ҳудуди ва АҚШнинг Форс кўрфазидаги базаларига зарба бера олиши мумкин.

Исроил мудофаа вазири ўринбосари Даниел Айлон Эрон ракета синовларини амалга ошириш ва ҳарбий машқлар ўтказиш ҳаракатлари билан халқаро ҳамжамиятга эътиборсизлик кўрсатмоқда, деган фикрни билдирди.

- Ядровий дастурни ва ракета синовлари ўтказишни ихтиёрий равишда тўхтатиш ёки бу ҳаракатлар учун жазони танлаш эронликлар ихтиёридадир, деди Исроил расмийси.

Эроннинг нуфузли Ислом инқилоби посбонлари корпуси 26 сентябр куни келаси ҳафта давомида кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказишини маълум қилди.

Ракета синовларининг ўтказилиши Эрон ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг таранглашиб бораётган бир даврга тўғри келди.

21 сентябр куни Эрон Атом энергияси халқаро агентлигига йўллаган мактубида мамлакатда уранни тўйинтирувчи иккинчи корхона барпо қилаётганини ошкор қилди.

25 куни эса Ню Йоркда ўтказилган БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Қум шаҳри яқинидаги ядровий иншоот БМТ талабларига риоя қилинган ҳолда барпо қилинаётгани ва халқаро кузатувчилар у ерда текширув ўтказиши мумкинлигини қайд этди.

Шанба куни Теҳронга қайтиб келган Аҳмадийнажод Ғарбнинг Эронга нисбатан босимини танқид қилди.

- Қум яқинидаги янги ядровий иншоотга қарши улар кампания ўтказишди, ваҳоланки биз бу иншоот ҳақида Атом энергияси халқаро агентлигига маълумот етказганмиз. Улар бу иншоот атрофида шовқин кўтариб, бизни махфий режаларда айблашди. Бироқ уларнинг бу ҳаракатлари шу даражага етдики, бу уларнинг ўз қилмишларидан хижолат бўлишига олиб келди, деб биламиз, деди Эрон раҳбари.

1 октябр куни Женевада Эрон расмийлари ва олти қудратли давлат - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия вакилларининг учрашуви бўлиб ўтади. Эрон ядровий дастури атрофидаги вазият Женева учрашуви диққат марказида бўлади.

Айни пайтда АҚШ, Буюк Британия ва Франция етакчилари Теҳроннинг янги ядровий иншоот қуриш ҳаракатларини кескин қоралаб, агар Эрон ўз ядровий дастури масаласида қудратли давлатлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, бу давлатга қарши жиддий чоралар кўрилиши хусусида огоҳлантирдилар.

Ню Йоркда Озодлик радиосига гапирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Теҳрондаги янги иншоотга оид маълумотлар тўлиқ ўрганилгунигача барча томонларни босиқ бўлишга ундади.

Ироқ президенти Жалол Талабоний Эронга нисбатан янги санкцияларнинг жорий этишдан фойда йўқлигини таъкидлаб, Исроил ва бошқа давлатларга ўз ҳаво ҳудуди орқали Теҳронга қарши ҳужум қилишга рухсат бермаслиги хусусида огоҳлантирди.

Жалол Талабоний АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия вакилларини ядровий дастур масаласида Эрон билан “жиддий” музокаралар олиб боришга чақирди.

Ироқ раҳбари, шунингдек, Эроннинг тинчлик мақсадларга йўналтирилган ядровий дастурга эга бўлиш ҳаққи кафолатланиши лозимлиги таъкидлади.

XS
SM
MD
LG