Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:23

Хитой: Инқилобдан туғилган ҳаëт


1949 йилнинг 1 октябрида коммунистлар етакчиси Мао Цзедун Хитой халқ республикаси ташкил топганини эълон қилган эди.
1949 йилнинг 1 октябрида коммунистлар етакчиси Мао Цзедун Хитой халқ республикаси ташкил топганини эълон қилган эди.

Ли Иннанинг отаси Пекин коммунистлари етакчиларидан бири¸ онаси эса оддий россиялик аëл эди. Ли Хитойнинг кейинги 60 йиллик парвозу шўнғишларига ўз тақдирида гувоҳ бўлди.

Бундан роппа-роса 60 йил муқаддам Мао Цзедун Пекиннинг Тянанмин майдонига йиғилган 300 мингдан ошиқ оломон қийқириғи остида Хитой халқ республикаси ташкил этилганини эълон қилган эди.

- Хитой халқи оëққа турди¸ деган эди қичқириб турган оломонга қарата 1949 йилнинг 1 октябрида Мао.

Мамлакатни ҳолдан тойдирган фуқаролик уруши вайроналари устида Хитой халқ республикасини бунëд қилган Мао¸ мамлакатни 1976 йилги ўлимига қадар қаттиққўллик билан бошқарди.

Ли Инна янги республика эълон қилинган кунда 6 яшар қизалоқ эди¸ шундай бўлса-да¸ бу тарихий кунни унутмаганини айтади.

Маонинг яқин ëрдамчисининг қизи бўлган Ли¸ бу тарихий тантанага бевосита яқиндан гувоҳ бўлган эди.

- Дадам бош минбарда¸ онам эса меҳмонлар учун ажратилган минбарда эди. Мен рус бувим билан бир кун олдин Тянанмин майдонига қараган Пекин меҳмонхонасига жойлашдик. 1 октябр тонгда уйғонганимда¸ минглаб аскарлар майдонга аллақачон йиғилган эди. Мен ҳалигача Мао Цзедун овозини эслайман. Ўта сиëсийлашган бир муҳитда туғилиб ўсган бола сифатида мен дарҳол бу дақиқаларнинг ўта муҳим эканини англадим¸ дейди Ли Инна.

Бу Лининг Хитой халқи отасига айланган Маони илк бор кўриши эмас эди.

- Мен Мао Цзедунни республика эълон қилиниши арафасида 1949 йилда Тяншан тоғларида учратган эдим. Коммунистлар марказий қўмитаси раҳбарлари республика арафасида айнан шу ерда жойлашган ва уларнинг бари оддийгина ëғоч уйда яшашар эди. Ўша кунларнинг бирида дадам онамни Мао билан таништиришга олиб борди ва мен ҳам улар билан бирган бордим¸ деб эслайди Мао Цзедун билан илк учрашувини Ли Инна.

Лига кўра¸ Хитой халқ республикаси эълон қилинганидан сўнг фуқаролик уруши ва Япония билан давомли урушдан безган хитойликлар учун умид ва некбинлик даври бошланган.

Бу давр¸ ҳаëтимнинг энг бахтли даври эди¸ деб эслайди Ли Озодлик билан суҳбатда.

- Мен ва Хитойдаги авлоддошларим учун 50-йиллар болалик¸ ëшлик ва умид йиллари эди. Ўша йиллар ҳали ҳам романтика ва эйфорияга йўғрилганича қолади¸ дейди Ли.

Аммо 50-йиллар ўртасига келиб ўзгача фикрловчиларни қатағон қилиш ва қишлоқ хўжалиги ва саноатни юксалтиришга қаратилган беш йиллик Буюк сакраш миллионларнинг очликдан ўлишига сабабчи бўлгач¸ Хитой халқ республикаси билан баробар туғилган бу эйфория ҳам барҳам топди.

Бу қатағон Ли ва унинг оиласини ҳам четлаб ўтмади.

Мао томонидан 1966 йили бошланган Маданий инқилоб кўп ўтмай жосус овига айланди ва Хитой Меҳнат вазири¸ мамлакат Касаба союзлари уюшмаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Лининг отаси ҳам 1976 йили СССРга жосусликда айбланиб¸ қамоққа олинди.

Шундан сўнг¸ кечагина Маонинг яқинларидан ҳисобланган бу оила бошига кутилмаган кўргуликлар дўлдек ëғила бошлади.

Аввалига Ли университетдан ҳайдалди¸ оиласини сақлаб қолиш умидида унинг отаси қамоқда ўз жонига қасд қилди¸ кўп ўтмай Ли ҳам¸ онаси ҳам қамоққа ташланди.

- Мени "20-асрнинг Бастилияси" деб таърифланган Кинченг қамоғига ташлашди. Шукурлар бўлсинким¸ агар шу сўзни ишлатиш мумкин бўлса¸ мен қамоқда фақат икки йил қолдим. Онам бечора 8 йил ўтириб чиқди. Ҳозир ўша тутқунлик йилларимни эсласам¸ у менга бировнинг ҳаëтидек туюлади. Бу давр менинг ҳаëтимни қай маънодадир бойитди ва жуда кўп нарсаларни тушунишимга ëрдам берди¸ дейди Ли.

Қамоқдан чиққач¸ Ли чекка қишлоқлардаги меҳнат лагерларидаги оғир жисмоний меҳнат орқали Хитой коммунистларининг қайта тарбиясидан ўтди.

Бугун у нуфузли Пекин университетининг рус тили бўйича эътиборли профессори.

Айни кунларда 70 га қараб кетаëтган Ли Инна¸ Хитой халқ республикаси 60 йиллик тарихининг биринчи ярмида амалга оширилган зўравонликлар¸ миллионлаб одам ëстиғини қуритган жараëнлар¸ наҳотки Хитой тараққиëти учун керак¸ эди¸ деган саволга бот-бот жавоб излашини айтади.

Хитойнинг бугунги қудрати бегуноҳ миллионлар суяги устига қурилган бўлса-да¸ аксар хитойликлар республика асосчиси Мао Цзедунга чексиз эҳтиром билан қарайди¸ дейди Ли.

- Бугунга келиб¸ Мао шубҳа остига олиб бўлмайдиган тарихий шахсга айланди. Кўпчилик унинг республикага асос солиш учун катта ишлар қилгани¸ айни пайтда унинг Маданий инқилоб каби ишларга ҳам маъсул эканини яхши англайдилар. Аммо хитойликлар жуда прагматик халқ ва улар ўтмиш эмас¸ бугун билан яшайдилар. Агар бугун ҳаëт яхши бўлса¸ ўтмишда қолиб кетган ишларни кавлашнинг¸ бу ҳақда тортишишнинг нима кераги бор? дейди Ли Инна Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG