Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2020, Тошкент вақти: 03:41

Ўзбекистон хабарлари

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Тошкентга борди

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 11 октябр куни Ўзбекистонга сафар қилди.

Давлат котибининг ёрдамчиси сифатида илк бор Тошкентга борган Роберт Блейк Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашиб, сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишни режалаган.

АҚШ расмийси Тошкент сафари давомида, шунингдек, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашади.

Кун янгиликлари

Uzbekistan airways кейинги ой Краснодардан Тошкентга учта чартер қатновини амалга оширади

Жорий йилнинг 1, 8 ва 15 декабрь кунлари Россиянинг Краснодар шаҳридан Тошкентга чартер қатновлари амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan airways авиаширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Россия шаҳарларидан Ўзбекистонга учиш учун йўловчидан ПЗР текширувидан ўтганликка оид маълумотнома (парвоздан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда амал қилувчи) талаб қилинади.

Авиаширкат ПЗР маълумотномасига эга бўлмаган йўловчилар учоққа қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти энергетиклари устидан судга мурожаат қилди

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси пойтахт вилоятида электр таъминоти учун масъул корхоналар фаолияти юзасидан маъмурий судларга мурожаат қилган. Қўмитага кўра, мазкур ташкилотлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни бузган.

Қўмита қайдича, энергетиклар октябрь ва ноябрь ойларида электр энергиясидан қарзи бўлган истеъмолчиларни тармоқдан узиб қўйганлар ва абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртмалар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишларини кечиктирганлар.

Хабарномада ўтган ҳафта Тошкент туманидаги қарийб 17 минг истеъмолчи электр энергиясидан қарз бўлиб қолгани сабабли амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда уларнинг таъминотини тўхтатгани айтилган.

Бу каби хатти-ҳаракатлар ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси электр таъминоти учун масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан чора кўришга киришган. Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчилар ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узиб қўйилгани учун “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбари А. Уразалиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига асосан 16 ноябрь куни маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар Олмалиқ шаҳар маъмурий судига юборилган.

Шу каби ҳужжатлар Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан ҳам расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилган.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетгани ортидан электр ва газ таъминотида узилишлар кўп кузатилмоқда.

Дарахт кесишга мораторий жорий қилинган даврда табиатга қарийб 10 млрд сўмлик зарар етказилди

Ўзбекистонда дарахт кесишга мораторий қилинган даврда табиатга етказилган зарар 9 миллиард 787 миллион 200 минг сўмни ташкил этиб, бундан 2 миллиард 942 миллион 400 минг сўми ундирилган. Бу ҳақда 24 ноябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломуродов маълум қилган.

Мулозимга кўра, мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та (10 ойлик ҳолатига) мурожаат келиб тушган, мурожаатларда 188 минг 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўралган.

Қўмита 134 минг 232 туп дарахтни кесиш бўйича сўровни рад этган, бундан 65 минг 105 тупи дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларига киради.

20 ноябрь ҳолатига кўра, жами қонунбузарликлар сони 3 897 тани ташкил этган.

Ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича (6 миллиард 913 миллион 100 минг сўм) тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилган.

17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига ўтган йил 1 ноябридан мораторий жорий этилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Президент фармонига мувофиқ, киритилажак мораторий 2020 йил 31 декабргача амал қилиши белгиланганди.

Газета.uz нашрининг ёзишича, Давлат экология қўмитаси яқинда ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган.

Ёзувчилар президентдан газ ва электр таъминоти бўйича масъуллар олдига қаттиқ талаб қўйишни сўради

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёзувчилар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга қишга ҳозирлик бўйича ижтимоий сиёсатни кучайтириш илтимоси билан мурожаат қилишди. Бунга оид пост Facebook ижтимоий тармоғида ёйинланди.

Ўз мурожаатларида ёзувчилар шу кунда газ, электр танқислиги ва иссиқлик манбалари ишламаётганига оид шикоятлар ижтимоий тармоқларни босиб кетганига эътибор қаратишган.

Айрим Интернет сайтлари расмий Тошкент қишни кутиб олишга тайёр эмаслиги билиниб қолгани ҳақида ёзди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, мамлакатимиз пойтахти тайёр эмаслиги билиниб қолган бўлса қолган вилоятларни, туманларни асти сўраманг”, дейилади мурожаатномада.

Ижодкорлар ўзларига Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ ўтказгич трубалари манфаатдор шахслар томонидан кесиб кетилгани, газ балонлари етишмаётгани, баъзи жойларда газ ўтказгич ва электр таъминот манбаси ишдан чиққани хусусида шикоятлар келаётганини урғулашган.

Сиздан қишки тайёргарлик бўйича маҳаллий ҳокимият органлари ва тегишли ташкилотлардан таъминот масаласи юзасидан қаттиқ ҳисоб сўрашингизни илтимос қиламиз”, дейилади ёзувчилар мурожаатида.

Мазкур мурожаатнома айни пайтгача Facebook тармоғининг 300 дан ортиқ фойдаланувчиси томонидан дастакланган.

Ўтган ҳафта об-ҳаво шароитининг кутилмаганда ўзгариб, ҳарорат кескин совиб кетгани ортидан Ўзбекистонда газ, электр ва иссиқлик таъминотида коллапс юзага келгани ҳақида Озодлик аввалроқ қатор мақолалар эълон қилган.

Коронавирусга чалинганлар сони 72 мингдан ошди

Янги касалланиш ҳолатларининг 118 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 25 ноябрда билдиришича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 72 039 нафарга етди. Сўнгги бир кеча-кундузда яна 192 кишида коронавирус аниқланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 118 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Вазирлик 24 ноябрда коронавирусга чалинган 1 нафар бемор вафот этгани ва ўлимлар сони расман 605 нафарга етганини ҳам билдирди.

Касалликдан соғайганлар жами 69 302 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2132 нафар бемордан 199 нафари оғир, 50 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бировнинг “хотинини йўлдан урган” ички ишлар ходими ишдан олинди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари иш устида.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими А.Раҳматуллаев “ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги” учун ишдан олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълум қилди.

24 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан уриб, ифлослик қилган Тошкентнинг ГАИси қўлга олинди” деган видео тарқалиб кетган эди.

Видеода Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими экани айтилган эркак Сирдарё вилоятидаги хонадонда бир аёл билан ушлаб олингани акс этган. Видеода эркакнинг юзида жароҳат излари борлиги кўринган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабар беришича, мазкур видео юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

“Текширув хулосасига кўра, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳамда ИИВнинг меъёрий буйруқ талабларини қўпол равишда бузиб, ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги, ходимларга нисбатан фуқаролар томонидан салбий фикрлар уйғонишига сабабчи бўлганлиги учун Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходими А.Раҳматуллаевнинг ички ишлар органларидан бўшатилиши бўйича хулоса қабул қилинган”,-дейилади расмий билдирувда.

Давлат бюджетига газ ва электр нархини оширмаслик тўғрисидаги меъёр киритилди

Газ ва электр йўқлиги ортидан юриб кетаëтган поезд вагонларидан кўмир ўғирлаш ҳолатлари кузатилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фотоси.

Давлат бюджети 2021 йил учун мўлжалланган лойиҳасида Ўзбекистонда янги йилда табиий газ ва электр қуввати нархи оширилмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз телеграм каналида маълум қилди.

“Шунингдек, бугун Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида иштирок этган Бош вазир Абдулла Арипов ҳам буни тасдиқлаб, бу аҳоли учун енгиллик яратиш ва қўллаб-қувватлаш йўлида қилинаётганлигини билдириб ўтди”,-деб ёзди Расул Кушербаев.

26 октябрь куни “Ўзбекистон 24” телеканалига интервью берган “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев 2021-2022 йилларда электр энергияси нархини оширмаслик режалаштирилаётгани ҳақида билдирган.

Унга кўра, бу борада 26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтган йиғилишда кўрсатма берган.

Айни пайтда Ўзбекистонда шу кунларда светсиз-газсиз қолган аҳолининг ҳокимият идоралари олдида йиғилаётгани кузатилмоқда.

Озодлик радиоси 24 ноябрда Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида аҳоли газ ва эелектр талаб қилиб, норозилик йиғилишлари ўтказганини хабар қилган.

Россияда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошлар Ўзбекистонга қайтарилди

Россиядан Ўзбекистонга қайтарилганлардан бир гуруҳи. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фотоси.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Россияда оғир аҳволга тушиб қолган яна 17 нафар ватандошни чартер рейс орқали уйларига қайтарди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг билдиришича, уларнинг 1 нафари Екатеринбургдан, 2 нафари Қозондан, 2 нафари Москвадан, 5 нафари Бошқирдистондан, 7 нафари Санкт-Петербургдан олиб келинди.

Аввалроқ Санкт-Петербург шаҳридан 7 нафар, Москва шаҳридан 15 нафар қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик қайтарилгани хабар қилинган эди. Абхазиядан эса 299 нафар ўзбекистонлик чартер рейс билан олиб келинган.

“Таъкидлаш жоиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти ва мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси кўмагида олиб келинаётган юртдошларимиз асосан, касалманд, ҳомиладор ва боқувчисини йўқотган фуқаролар тоифасига киради”,-дейилади расмий билдирувда.

Етим болалар давлат таъминотига олинади. Ўқишни битирганларга 22 миллион сўм берилади

Етим болаларга 446 минг сўм чўнтак пули берилади.

Бундан буён етим болаларга чўнтак пули сифатида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида чўнтак пули берилади. Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борда ҳукуматнинг 739-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, етим болалар, ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда, шунингдек, олийгоҳларда ўқиётган пайтда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул тўланади.

Бундан ташқари улар тўлиқ давлат таъминотига олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан тўлиқ таъминланади.

Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.

Мирзиёев ўтказган видеоселекторда учта туман ҳокимини ишдан олиш масаласи қўйилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга ҳокимларнинг иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйгани сабаб бўлган.

Йиғилишда Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар ҳам танқид қилинган. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича “бизнес-патронаж” тизимини йўлга қўйиш топширилган.

Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани айтилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланган.

Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилган.

Йиғилишда, шунингдек, жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига эътибор қаратилган. Ривожланишдан орқада қолаётган 22 та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилган.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, 2021 йил учун аниқ режаларни белгилаш муҳимлиги урғуланган.

Ўзбекистондаги лабораторияларда Хитой вакцинаси сифати текширилмоқда

Ўзбекистонда Хитой вакцинаси клиник тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи босқич ҳужжатлари экспертизаси ҳамда унинг сифат назорати текширувлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmacyeutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Қайд этилишича, Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар 19 ноябр куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинган.

Айни пайтда эса Давлат марказининг Фармакология қўмитаси томонидан мазкур вакцина клиник тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи босқич ҳужжатлари экспертизаси, шунингдек, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКнинг Вакцина, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил лабораторияси, Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси ҳамда Фармако-токсикологик лабораторияда вакцинанинг сифат назорати текширувлари ўтказилмоқда.

Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина синови "оғир оқибатлар" келтириб чиқаргани сабаб тўхтатил Бразилияда тўхтатилган.

Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси синовининг учинчи босқичини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани, вакцина 5 минг кўнгиллида синаб кўрилиши ҳақида хабар қилган.

Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган суҳбатида Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовдан ўтказиш режаланганини билдирган эди.

Давстатқўм хорижга сотилган олтин миқдорини икки ойдан бери ўзгаришсиз қолдирмоқда

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари мобайнида Ўзбекистон хорижга 5 миллиард 804 миллион 400 минг долларлик олтин экспорт қилган. Бу маълумот Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати томонидан ёйинланган “Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси”га оид галдаги ҳисоботида акс этган.

Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг шу даврида мамлакат 4 миллиард 43 миллион 500 минг долларлик олтин экспорт қилган. Бундан бу йил Ўзбекистон ўтган йилгига қараганда 1 миллиард 760 миллион 900 минг долларга кўпроқ олтин сотгани маълум бўлади.

Эътиборли жиҳати шуки, Давстатқўм хорижга сотилган олтин миқдорини август ойидан бери ўзгаришсиз қолдирмоқда. Аммо янги ҳисоботда қўмита томонидан бунга изоҳ берилган эмас.

Айни пайтда, ҳисоботдан маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган 10 ой ичида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) жами 30 миллиард 59 миллион 400 минг долларга тенг бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 миллиард 250 миллион долларга камдир.

ТСА бўйича Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари ичида Хитой 1-ўринни, Россия 2-ўринни, Қозоғистон эса 3-ўринни эгаллаган.

Тошкентда йўловчи ташийдиган автобус ёниб кетди

Тошкентда ёниб кетган автобуслардан бири (иллюстратив сурат)

Тошкент кичик ҳалқа йўлида 24 ноябрь тонгида 116-сонли йўналишли ёниб кетган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 06:13 да содир бўлган. Ёнғин автобус ҳайдовчиси илк йўловчиларни олиб кетиш мақсадида автотураргоҳдан терминал станциясига қараб чиқиб кетаётган пайтда бошланган.

Воқеа жойига 4 дақиқадан сўнг етиб борган Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув гуруҳлари ёнғинни соат 06:39 га бориб тўлиқ бартараф этишга муваффақ бўлишган.

Ҳодиса чоғида автобус салонида бирорта ҳам йўловчи бўлмагани учун ҳеч ким жабрланган эмас, ҳайдовчи ҳам аланга авж олишидан олдин автобусни тарк этишга улгурган. Автобус ёниб кетишига двигатель бўлинмасидаги қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилиняпти.

ФВВ ёниб кетган автобус русумига аниқлик киритмаган. Ўтган йили Тошкентда автобус ёниб кетиши ҳолатлари кўпайиши ортидан ҳукумат Мercedes Benz русумидаги 2008 йилгача ишлаб чиқарилган автобусларни маршрут йўналишларидан олиб ташлаш ҳақида кўрсатма берганди.

Самарқандда хотинига памперс едирган йигитга 8,5 йил қамоқ жазоси сўралди

Иллюстратив сурат.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида прокурор хотинини памперс ейишга мажбурлаган Ш.К. га 8,5 йил қамоқ жазоси сўраган.

“Дарё” нашри хабарига кўра, судья Зарифа Аҳмедова раислигида 23 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида томонларга музокара учун сўз берилган.

Маҳкамада давлат айбловчиси вазифасини бажараётган Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судланувчи Ш.К. томонидан қилинган жиноятлар оғир эканини эътиборга олиб, суддан унга 8,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилашни сўраган.

Судланувчи музокара сўзида, барчадан, шу жумладан турмуш ўртоғидан ҳам кечирим сўрашини билдириб, жазони ўтагандан сўнг ҳам турмуш ўртоғи билан бирга яшаш нияти борлигини маълум қилган.

Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса турмуш ўртоғи Ш.К. билан бирга яшашга рози эмаслиги, мазкур воқеа эри ва бошқаларга сабоқ бўлиши лозимлигини қайд этган.

Самарқандлик 25 ёшли М. Ваҳобованинг эри томонидан аёвсиз калтакланганига оид видео шу йил ёзида ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Маҳаллий блогер ва журналистлар билан суҳбатда аёл эри уни анча йиллардан бери таҳқирлаб келгани ҳамда унга мажбурлаб 3 кунлик “памперс” едирганини айтиб берганди.

Мазкур иш юзасидан маҳкама 1 декабрда давом этиши кутилмоқда.

Ишга жойлаш эвазига 30 минг доллар талаб қилган бандликка кўмаклашиш маркази директори ушланди

Раҳбар келишилган пулнинг 10 минг долларини олаётганда қўлга тушган.

Бектемир туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.А., Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбир доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура 24 ноябрь куни хабар берди.

Расман билдирилишича, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.А., юқори лавозимдаги танишлари орқали Ш.А.,нинг турмуш ўртоғини Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бирининг раҳбарлигига тайинланишига кўмаклашишни ваъда қилган.

М.А., бунинг учун Ш.А.,дан 30 000 доллар пора талаб қилган. У келишилган пулнинг 10 минг долларини олаётганда қўлга тушган.

“Мазкур ҳолат юзасидан М.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”,-дейилади хабарда.

Савдо марказида содир этилган қотилликни видеога олиб тарқатганлар қамалди

Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо марказида 20 ноябрь куни юз берган қотилликни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган уч нафар шахс қўлга олинди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг 23 ноябрда билдиришича, қўлга олинганларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Расмий билдирувда уч йигит қанча муддатга қамалгани аниқ айтилган эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни тахминан 18:00 да 42 ёшли эркак Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо марказида хотини ва унинг жазмани экани тахмин қилинаётган шахсни пичоқлаб қўйган эди. Жабрланганлар кўп қон йўқотиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Бош прокуратура жиноятни содир этган шахс қўлга олинганини ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми «а» и «ж» бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берган.

Ўзбекистон ҳар бир фуқарога бир дозадан коронавирусга қарши вакцина сотиб олмоқчи

Канада ҳар бир фуқаросига деярли 10 дозадан вакцина сотиб олмоқчи.

Ўзбекистон ҳар бир фуқароси учун Covid-19га қарши бир дозадан вакцинага буюртма берди. Бу ҳақда The Economist нашри маълум қилди.

Нашр CОVID-19 вакцинасини сотиб олишга буюртма берган давлатлар рўйхатини эълон қилган. Ўзбекистон мазкур рўйхатда Хиндистон, Бразилия, Лотин Америкаси давлатлари ва Индонезия билан бир қаторда жойлашган. Бу давлатларнинг барчаси ҳар бир фуқароси учун бир дозадан вакцинага буюртма берган.

Рўйхат бошидан жой олган Канада ҳар бир фуқаросига деярли 10 дозадан, Австралия ва Британия ўртача 6 дозадан, АҚШ ва Европа давлатлари 3 дозадан, Япония ва Непал 2 дозадан вакцинага буюртма берган.

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирусга қарши вакциналаш халқаро механизмига қўшилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Хитойда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичида иштирок этиб, уни беш минг кўнгиллида синаб кўришга тайёргарлик кўрмоқда.

Аввалроқ 2021 йилнинг июнига қадар Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизини коронавирусдан эмлашни режалаштирилаётани маълум қилинган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари уйма-уй юриб печкаларни ўнглашмоқда

Ўтган қиш мавсумида 73 киши ис газидан вафот этгани билдирилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида уйма-уй юриб, тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 23 ноябрь куни ўтган брифингда вазирлик матбуот котиби Мурод Содиқов маълум қилди.

Расмийнинг таъкидлашича, шу кунларда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида республика бўйлаб 812 та ишчи гуруҳ ташкил этилган.

“Улар уйма-уй юриб, иситиш тизимида қандай камчилик аниқланса керакли идораларга маълум қилишмоқда. Шунингдек, иситиш печларида камчилик аниқланса, мутахассислар ёрдамида бартараф этилмоқда”,-деб билдирди Мурод Содиқов.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамларнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Бош прокуратура 20 ноябрда бир кун ичида 9 киши ис газидан заҳарлангани ҳақида маълум қилган эди.

Наманган вилояти Чортоқ шаҳар, Мустақиллик кўчасида яшаган 25 яшар ногирон йигит Ҳикматилла Юсупов 18 ноябрь куни ис газидан вафот этди.

30 октябрда ис газидан Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука, 22 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани Остона қишлоғида бир оиланинг тўрт аъзоси, 28 октябр куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2019/2020 йил куз-қиш мавсумида 55 ҳолатда ис газидан заҳарланиш қайд этилгани, уларда 75 киши жабрлангани ва 73 киши вафот этганини билдирган эди.

Расман: Қибрайдаги портлаш газ қувури сифатсиз монтаж қилингани оқибатида юз берди

Газ портлаган уйлардан бири.

Тошкент вилояти Қибрай туманида икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган портлаш газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилганлиги оқибатида юз берди. Бош прокуратуранинг хабар беришича, мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

“Тошкент вилояти прокуратураси ўтказган терговга қадар текширишда газ чақнаши юз берган уй ёнида ўрнатилган юқори босимли газ тақсимлаш мосламаси (ГТМ)га уланган ва еростидан ўтказилган полиэтилен газ қувурининг монтаж ишлари ўта сифатсиз амалга оширилганлиги аниқланган”,-дейилади расмий хабарда.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бунинг оқибатида уйга яқин оралиқдаги ер остидаги полиэтилен газ қувурининг уланиш қисмида ёриқ юзага келиб, ундан табиий газ сизиб чиқиб, хонадон ертўласида тўпланган ва ўз навбатида газ чақнаши содир бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 23 ноябрь куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Озодлик радиоси 22 ноябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Гулистон-3 кўчаси, 15-уйда соат 19:16 ларда газ портлагани оқибатида икки киши-ота ва ўғил ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитиш бўйича меморандум имзоланди

Афғонистонлик толибалар

Афғонистон ҳукумати делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида 20 ноябрь куни икки давлат Олий таълим вазирликлари ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, имзоланган ҳужжатда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида икки давлат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш ҳамда илмий журналларда мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ва тартиби белгиланган.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида афғонистонликларни ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бакалаври даражасига эга бўлишган.

Бугунги кунда марказда 172 нафар афғонистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улардан 119 нафари “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича, 35 нафари “Ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича, 18 нафар эса “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича ўқияпти.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, шу йил декабрида Европа Иттифоқи молиявий кўмаги асосида Афғонистондан яна 10 нафар талабанинг қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келиши режаланган.

Кейинги йил баҳоридан рақамли маркировкасиз алкоголь ва тамаки маҳсулотлари Ўзбекистонга киритилмайди

2021 йил 1 мартидан рақамли маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг шу йил 20 ноябридаги 737-сонли қарорида қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш тартиби жорий этилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин Ўзбекистон ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади.

Қарор билан 2020 йил 1 декабригача “Asl belgisi” маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими жорий қилинади.

Қайд этилишича, идентификация воситалари ёрдамида рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш “Asl belgisi” МАТнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

АҚШ долларининг расмий курси беш ҳафтадан бери ошиб бормоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 24 ноябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 23 сўм 93 тийинга кўтарилиб, 10 минг 414 сўм 86 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 12 сўм 5 тийинга юқорилаб, 10 минг 390 сўм 93 тийин бўлган эди). Бу АҚШ доллари расмий курсининг Ўзбекистонда кетма-кетига бешинчи марта ошишидир.

Қайд этиш лозимки, долларнинг расмий курси илк бор 10 минг 400 сўмдан қимматламоқда.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 50 сўм 18 тийинга ошиб, 12 минг 344 сўм 73 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 27 сўм 26 тийинга пасайиб, 12 минг 294 сўм 55 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Тошкентда шаҳарлараро автобус қатнови қайта тикланади

“Тошкент” автовокзалидан шаҳарлараро автобус қатнови 24 ноябрдан қайта тикланади. Бу ҳақда автовокзал матбуот хизмати ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Маълум қилинишича, сешанба куни “Тошкент” автовокзалидан 17 шаҳарга автобуслар йўл олади. Чипталар нархи 24 минг сўмдан 120 минг сўмгача белгиланган.

Пойтахт Тошкент билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида автобус қатнови ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 19 ноябрдан тўхтатиб қўйилганди. Аввалроқ “Ўзгидромет” бир неча кун оралиғида айрим жойларда музламалар кузатилиши, ҳатто кўчки тушиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Шикоятлар ортидан “Ўзгидромет” ходимлари ойлиги икки баравар ошириладиган бўлди

Газ ва электр таъминотида узилишлар кузатилаётган шу кунларда об-ҳаво шароитига оид ҳар қанақа маълумот ўзбекистонликлар учун муҳим бўлиб турибди.

Кейинги йил бошидан Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ходимларининг ойлик маоши икки баравар оширилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси (Метеоинфоком) ташкил этилади.

Қарорда қайд этилишича, 2021 йил 1 январидан Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланилади.

Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўланади [белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда]:

2 йилдан 5 йилгача — 0,2; 5 йилдан 10 йилгача — 0,3; 10 йилдан 15 йилгача — 0,4; 15 йилдан 20 йилгача — 0,5; 20 йилдан 25 йилгача — 0,6; 25 йилдан ортиқ — 0,7.

Ўзгидромет мутасаддилари маош камлиги туфайли малакали ходимлар ишдан бўшаб кетаётганидан шикоят қилгани ҳақида Озодлик жорий ой бошида хабар қилганди.

Хизмат мутасаддилари маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзгидромет ходимларининг ўртача иш ҳақи 1,3 млн сўм, ҳудудий бошқармаларда 1,2 млн сўм, туман ва шаҳарлардаги кузатув бўлинмаларда 800 минг сўмни ташкил этади. Бу эса республикадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кам.

Мазкур шикоят ортидан президент Шавкат Мирзиёев гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказган. Мазкур йиғилишда соҳа ходимларининг ойлик маошини ошириш ва узоқ муддатли хизмат учун устама тўлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Жаҳон банки дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш лойиҳаси эълон қилинди

Орол денгизининг бугунги ҳолати.

Жаҳон банки раҳбарлигида амалга оширилаётган Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш бўйича илғор технологиялар халқаро танлови эълон қилинди.

Расман билдирилишича, мазкур лойиҳа Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Швейцария ва Британия ҳукуматлари томонидан молиялаштирилади ҳамда Қозоғистон-Германия университети, Глобал ландшафт форуми ва Plug and Play томонидан амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш учун олимлардан ва мутахассислардан аризалар қабул қилиш жараёни бошланди.

Жаҳон банкининг бу борадаги расмий билдирувида “Орол денгизи 30 йил давомида сув ресурсларидан турли экинлар, жумладан, пахта ва гуруч етиштириш учун фойдаланилгани натижасида деярли йўқ бўлиб кетгани” айтилади.

Орол денгизи қуриши оқибатида Ўзбекистонда ва Қозоғистонда чўлланиш ва ерларнинг таназзули кучайиб бормоқда.

“Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида эълон қилинган танлов Орол денгизи минтақасидаги маҳаллий экотизимларга салбий таъсирни юмшатиш учун фойдаланиладиган илғор инновацион ечимларни жалб қилишга ёрдам беради. Шунингдек, танловда минтақа ерларини барқарор иқтисодий ривожлантириш учун зарур бўлган ечимларга эътибор қаратилади”,-дейилади хабарда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG