Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:38

Немис фаоллари санкциялар бекор қилинишига қарши


Германиялик публицист Лин Швайсфрут фикрича, Андижонда ўз халқига ўқ отган режимга яна қурол сотиб олиш ҳуқуқини бермаслик лозим.
Германиялик публицист Лин Швайсфрут фикрича, Андижонда ўз халқига ўқ отган режимга яна қурол сотиб олиш ҳуқуқини бермаслик лозим.

Германияда фаолият юритувчи Ўзбек-немис форуми Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини бекор қилмасликка чақирди.

Германиядаги Ўзбек-немис форуми фаоли берлинлик Лайло Меданхўжик (Lejla Medanhodzic) Ўзбекистон билан яқинлашишга ҳаракат қилаётган Европа Иттифоқи санкцияни бекор қилишга мойиллик кўрсатаётганидан хавотир билдирди.

- Германия ҳукумати Ўзбекистон билан иқтисод ва мудофаа масалаларида ҳамкорликдан манфаатдорлиги боис санкцияни бекор қилиниши тарафдори эканлигини яширмаяпти. Расмий Берлиннинг Термиз ҳарбий қўналғасидан фойдаланаëтгани ҳам бу ерда катта рол ўйнамоқда. Ўзбек-немис форуми бу борадаги фикрини ўзгартириш мақсадида "Ўзбекистонга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргоси ўз кучида қолдирилсин" деган мактуб ëзди. Бу мактуб остига Германиядаги 20 дан зиëд жамаоатчилик вакили имзо чекишди¸ дейди Лайло Меданхўжик.

Меданхўжикка кўра¸ имзо чекканлар орасида ҳамбурглик профессор Карстен Зорнинг (Prof. Dr. Carsten Zornig)¸ мюнхенлик таниқли адвокат Сюзанна Бруглаҳер (Susanna Bruglacher)¸ берлинлик рассом Фридер Шнок (Dr. Frieder Schnock)¸ мюнхенлик меъмор Марина Кайзер Эйҳберглар (Marina Kayser-Eichberg) бор. Шунингдек¸ бу мактуб остига журналист Карин Феликс ҳамда публицист Лин Швайсфрутлар (Lin Shvaysfut) ҳам қўл қўйишган.

- Мен Ўзбекистонда бўлганман ва бу мамлакат халқининг демократик¸ эркин ва ҳур яшашини истайман. Андижонда ўз халқига ўқ отган режимга яна қурол сотиб олиш ҳуқуқини бермаслик керак, деб ўйлайман¸ дейди Лин Швайсфрут.

Лин Швайсфрутга кўра¸ Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни босқичма-босқич бекор қилиб хатога йўл қўйган.

- Германия ҳукумати мулоқот эвазига санкцияларни бекор қилиш тарафдори эканини айтиб келади. Қанақа диалог? Биз фақат бир томоннинг монологини кўряпмиз, холос. Андижонда тинч намойишчиларга қарата ўқ отган ва бу қирғин оқибатида 500 кишини ўлдирган режимга нисбатан санкциялар албатта кучайтирилиш керак¸ дейди Лин Швайсфрут.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкциялар сирасида кучда қолаётган ягона чора қурол-аслаҳа эмбаргоси бўлиб, унинг тақдири 26-27 октябр куни ҳал бўлади. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида қурол олди-сотдиси деярли йўқлиги инобатга олинса, кучда қолаётган эмбарго ҳақиқатан жуда рамзий экани ойдинлашади.

"Хўш¸ уларнинг кучда қолишидан нима наф? Бу рамзий маънодаги санкцияни қўллашдан маъно нима?" деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- Биласизми¸ бу Ўзбекистон учун бир сигнал. Сен ëмон иш қилиб қўйгансан¸ сенга қурол сотиб бўлмайди. "Сен ўз халқингга қарши бу қуролдан яна ўқ отишинг мумкин" деган сигнал бу. Умуман, санкция бу жазо дегани. Санкция жорий қилинган мамлакатга барча эҳтиëт билан муносабатда бўлади.

Санкциялар жорий қилинганда¸ Ўзбекистон ҳукуматига қўйилган талаблар бажарилгани йўқ. Қирғин юзасидан халқаро текширувга изн берилмади. Фуқаровий жамият фаоллари ҳали ҳам ҳибсда¸ дейди Германияда фаолият олиб борадиган Ўзбек-немис форуми чақириғи остига имзо қўйган Лин Швайсфрут.

Бундан олдин ўзбекистонлик фуқаровий жамият фаоллари ҳам қурол-аслаҳа эмбаргоси ўз кучида қолдирилишини сўраган чақириқ остига имзо чекишган эди.

Аммо, жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиëр Ҳамроевнинг айтишича, Ўзбекистондаги ҳамма ҳам шундай деб ўйламайди.

- Санкция бўлди, хўп, нима бўлади? Биринчи навбатда халқимизга жабр-ку. Қурол сотмаса¸ керак жойидан топиб олади-ку¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Аммо Мемориалнинг Ўзбекистондаги фаоли Мўътабар Аҳмедова Ўзбекистонга нисбатан санкциялар кучайтирилиши лозим, деган фикрда собит.

- Қурол-аслаҳани¸ умуман, эмбаргони қўйиш керак. Ҳар доим “тўла изоляция” деб айтиб келганман. Европа Иттифоқи изоляцияни рамзий қилди. Эмбарго берди нима¸ бермади нима - халққа умуман фойдаси йўқ. Қурол-аслаҳа эмбаргоси сақланиши керак. Фақат қурол-аслаҳа эмас¸ иқтисодий томондан ҳам эмбаргони мустаҳкамлаш¸ қолдириш керак эди. Афсуски, қолдирмади. Ташқи дунë иқтисодий¸ сиëсий¸ қурол-аслаҳа томондан эмбаргони кучайтириши керак¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Аҳмедова таъкидлаëтган санкциялар Андижон воқеаларидан кейин жорий қилинган ва жазо чораларига қурол эмбаргосидан ташқари Андижонда тинч аҳолининг қирғин қилиниши учун масъул бўлган Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови ва Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни тўхтатиш қарори ҳам қўшилган эди.

2006 йил кузида икки томон ўртасидаги сиёсий мулоқот тикланди ва 2007 йилнинг ёзига келиб виза чекловининг кучи аввал вақтинча тўхтатилди, кейин эса бутунлай олиб ташланди.

XS
SM
MD
LG