Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:22

Фараҳ Пандит: Олмаотага бошқа миссия билан келганман


АҚШ президенти Барак Обама томонидан жорий йил июн ойида Оқ Уйнинг мусулмон ҳамжамиятидаги махсус вакили этиб тайинланган Фарах Пандит 13 октябр куни Олмаотадаги мусулмон ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

- Икки ҳафта аввал мен ўнг қўлимни муқаддас Қуръон китобига қўйиб қасамёд келтирдим ва давлат котиби Ҳиллари Клинтон менинг қасамёдимни қабул қилди. АҚШнинг мусулмон ҳамжамиятидаги махсус вакили лавозими менинг нафақат мусулмон ташкилотлари, балки дунёдаги оддий мусулмонлар билан кенг ҳамкорлик қилишим учун ташкил этилди, деди Олмаотадаги Америка элчихонасида бўлиб ўтган давра суҳбати аввалида Пандит хоним.

Ўз навбатида, давра суҳбати иштирокчилари Қозоғистон мусулмон ҳамжамиятида мавжуд муаммоларга тўхталмасдан, балки дунё мусулмонлари билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериш билан чекландилар. Масалан, Қозоғистон диний бошқармаси вакили мамлакат мусулмонларининг муаммоси йўқлигини қайд этаркан, бунга президент Назарбоев юритаётган оқил сиёсат сабаб эканини қистириб ўтди:

- Қозоғистон мустақилликни қўлга киритгач, мамлакатда икки мингдан зиёд масжид қурилди. Мамлакат аҳолисининг 99 фоизи суннийлардир. Президентимизнинг оқил сиёсати сабаб мамлакатда турли диний оқимлар йўқ. Президентимизнинг сиёсати динимиз ва мамлакатимиз мақсади келишмовчиликларга эмас, балки яхшиликка қаратилганини кўрсатмоқда, деди Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг вакили.

Бундан бир неча кун аввал Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Қозоғистон мусулмонлари иттифоқининг раиси Мурод Телебеков АҚШнинг мусулмон ҳамжамиятидаги махсус вакилининг Қозоғистонга ташрифини олқишлаши ва унинг мамлакатга расмий ташрифи қозоқ ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан ўтказаётган тазйиқини олдини олишига умид қилишини айтганди.

- Мени ушбу давра суҳбатида фақат расмий нуқтаи назарни илгари сурувчи Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси вакилларигина иштирок этиши чўчитаяпти. Ушбу давра суҳбати иштирокчиларининг турли нуқтаи назар билдиришларини ва у демократик руҳда ўтишини истаган бўлардим, деган эди Мурод Телебеков.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги давра суҳбати Қозоғистондаги ҳукуматпараст мусулмон ташкилотлари вакилларининг иштирокида бўлиб ўтди. Давра суҳбатига муқобил мусулмон ташкилотлари вакилларининг таклиф этилмагани борасидаги саволимизга Америка элчихонаси вакиллари изоҳ бермадилар.

Давра суҳбати якунида АҚШнинг мусулмон ҳамжамиятидаги махсус вакили журналистлар саволига ҳам жавоб берди. Озодлик мухбири Пандит хонимга кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги мусулмонларга нисбатан босим, қийноқ ўтказилаётгани ҳамда мусулмонлар устидан суд маҳкамалари ёпиқ тарзда ўтказилаётганидан хабари бор ё йўқлигини сўради.

“Агар бундан хабарингиз бўлса, келажакда ушбу мамлакат ҳукуматлари билан ушбу мавзуда мулоқот олиб бориш режангиз борми?” деган савол жавобан АҚШнинг мусулмон ҳамжамиятидаги махсус вакили Қозоғистонга бошқа муддао билан келганини айтди:

- Афсуски, сизнинг саволингизга жавоб беролмайман, чунки ташрифим миссияси ва ундан кўзланган мақсад умуман бошқа, деди Фарах Пандит.
XS
SM
MD
LG