Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Ўлганлар террорчига чиқарилди


Исфаранинг Гумбаз маҳалласидаги бу уй ўлдирилганлардан бири Абдуфаттоҳ Қаюмовнинг отасига тегишли бўлган.
Исфаранинг Гумбаз маҳалласидаги бу уй ўлдирилганлардан бири Абдуфаттоҳ Қаюмовнинг отасига тегишли бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 18 октябр куни Исфарада ўлдирилган ва Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани даъво қилинаëтган тўрт шахс номини очиқлади.

- Мамлакат шимолида рўй берган бир неча оғир жиноят ортидан ўша ҳудудда махсус операция уюштирилди. Натижада 18 октябр куни шу жиноятларда қўли бор деб кўрилаётган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг тўрт аъзоси йўқ қилинди. Улар Закриддин Турсунов, шайх лақаби билан танилган Абдуфаттоҳ Қаюмов, Маъруфхўжа Баҳоваддинов ва Ҳусайнбой Исмоиловдир, деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев.

Вазирлик расмийсининг билдиришича, Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий қисми ходимларидан тузилган махсус гуруҳ жиноятчиларга таслим бўлишни таклиф қилган. Бироқ улар қуролли қаршилик кўрсатгач, жиноятчилар яширинмиш уйга ҳужум қилишга қарор қилинган. Уй ишғол қилингач, у ерда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг тўрт нафар жанггариси жасади топилган.

Маҳмудулло Асадуллоевнинг маълум қилишича, ўтказилган операция давомида бу шахсларга тегишли бўлган кўп миқдорда қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва диний-экстримистик мазмундаги адабиётлар топилган.

Расмийга кўра, Исфаранинг Гумбаз маҳалласидаги бу уй ўлдирилганлардан бири Абдуфаттоҳ Қаюмовнинг отасига тегишли бўлган. Айни пайтда, Асадуллоевга кўра, мазкур жиноят устидан тергов ишлари давом этаётир.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъулининг билдиришича, шу йил Исфара шаҳрининг Шўроб, Конибодом шаҳрининг Равот ва Қуянчи давлат автомобил назорати постига қуролли ҳужум уюштирган, шунингдек, икки милиционер, Исфара шаҳри фуқароси Алиев Умар ва Исфара шаҳар ички ишлар бўлимининг жиноий қидирув бўлими бошлиғи Сайидумар Сайидовни ўлдирганлар ҳам ўшалар бўлган.

Айни пайтда, тожикистонлик айрим таҳлилчилар фикрича, мамлакат куч ишлатар тизими вакилларининг Исфарада ўлдирилган кишиларга далил-исботсиз жиноятчи ёрлиғини ёпиштиришга уринишлари ўринсиздир. Тожикистонлик Ҳошимжон Меликов ҳам шундайлардан бири.

- Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра ҳам токи суд айбланувчи айбини далил-исбот билан бўйнига қўймагунича, уни жиноятчи деб аташ мумкин эмас. Лекин бахтга қарши бизда шу нарса анъана тусига кирган, дейди Ҳошимжон Меликов.

Кейинги ойлар давомида расмийлар Тожикистоннинг шимолий ҳудудларидан бири Исфарада сўнгги вақтларда исломий гуруҳлар фаоллашаётгани таъкидлашдан тўхтамаяптилар. Ўзбекистон исломий ҳаракати ёки “Байъат” гуруҳига аъзоликда айбланиб қамалганларнинг кўпчилиги, расмийларнинг қайд этишларича, айнан шу ҳудудда яшовчилардир.

Расмий манбаларга кўра, 1997 йилдан шу кунга қадар Исфаранинг 84 фуқароси Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб қўлга олинган, улардан 40 нафари турли муддатга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG