Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:16

Кремл Белградни йирик ўйинчига айлантирмоқчи


Россия президенти Дмитрий Медведев 20 октябр куни бир кунлик ташриф билан Сербияга сафар қилиб, мамлакат президенти Борис Тадич ва ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан музокаралар ўтказди.

Ўзининг Белградга илк сафари давомида президент Медведев Россия Сербияга бир миллиард кредит ажратишини билдирди.

Сўзлашувлар давомида икки давлат ўртасида нефт ва газ соҳасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувлар имзоланди.

Жумладан, Россиянинг "Жанубий Оқим" деб номлаётган газ қувури лойиҳаси юзасидан келишиб олишди.

Мазкур лойиҳага кўра, қувур Россиянинг Қора денгиз соҳилларидан бошланиб, Болгария, сўнг Сербия ва Венгрия орқали Австриягача етиб бориши керак.

Шунингдек, катта улуши Россиянинг “Газпром” ширкатига тегишли Сербиянинг NIS нефт ширкатини модернизациялаш бўйича ҳам келишув имзоланди.

Белградда ўтган матбуот анжуманида Дмитрий Медведев Сербия билан имзоланган бу келишувлар ҳар икки давлат иқтисодий равнақи учун аҳамиятли эканини таъкидлади.

- Биз ишлаб чиқаётган ушбу йирик лойиҳалар давлатларимиз ўртасидаги тарихий боғлиқлик, халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч ифодаси ҳамдир, деди Медведев.

Ўз навбатида, Сербия президенти Борис Тадич Сербиянинг Косова мустақиллигини тан олмагани Россия тарафидан қўллаб-қувватлангани учун Москва раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

- Сербия ҳудудий яхлитлигини қўллаб қувватлагани учун президент Дмитрий Медведевга ўз миннатдорчилигимини билдираман. Сербия Косова мустақиллигини ҳеч қачон тан олмайди, деди Сербия президенти Борис Тадич.

Косова мустақиллигини эълон қилгани билан боғлиқ Сербия эътирозлари декабр ойида Халқаро маҳкамада кўриб чиқилади.

Сешанба кунги ташриф давомида Кремл раҳбари Сербия пойтахти Белграднинг фашистлар босқинидан озод этилганининг 65 йиллиги тантаналарида қатнашди. Белграддаги ҳалок бўлган рус аскари ёдгорлигига гулчамбар қўйди.

Ўз ташрифи давомида Россия президенти Дмитрий Медведев Сербия парламентида нутқ сўзлашга ҳам улгурди.

- Ушбу келишувларнинг амалга ошиши натижасида Сербия минтақада Россия табиий газини тақсимловчи йирик ўйинчига айланишини хоҳлардик, деди Дмитрий Медведев.

Россия президентининг саккиз соатлик сафари давомида Сербия пойтахти Белградда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. 6000 полициячи Сербия пойтахти марказий кўчаларини қўриқлаб турди.
XS
SM
MD
LG