Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:57

Москва Душанбени Тошкентга қарамликдан қутқармоқчи


Кремл раҳбарининг тожик президентига Барвихада берган ваъдаларининг қай бири амалга кўчади¸ буниси ҳали-ҳозир қоронғулигича қолмоқда.
Кремл раҳбарининг тожик президентига Барвихада берган ваъдаларининг қай бири амалга кўчади¸ буниси ҳали-ҳозир қоронғулигича қолмоқда.

Уч кун давомида елиб-югуриб Москва раҳбарлари билан сўзлашувлар ўтказган Тожикистон президенти Душанбега сўрагани катта сармоя билан эмас¸ балки ана шу ваъда билан қайтди.

Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати Тожикистон пойтахтидан унча узоқ бўлмаган Сариқамиш ва Шоҳамбари қишлоқлари ҳудудларида тахминан 70-80 миллиард табиий газ заҳирасини аниқлаган.

Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати матбуот хизмати бошлиғи Екатерина Кожевникованинг билдиришича, яқин кунларда бу конларни ўзлаштириш ишлари бошланади. Газпром вакилига кўра, бу миқдор табиий газ келгусида Тожикистонни Ўзбекистон табиий газига қарамликдан қутқаради.

- “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, бу иккала майдонда 70-80 миллиард куб метр табиий газ заҳираси мавжуд. Ўйлаймизки, бу миқдор табиий газ Тожикистон ички эҳтиёжини таъминлаб, Тожикистонни энергетик инқироздан чиқаради, деди Екатерина Кожевникова.

Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати бундан бир йил аввал Тожикистон энергетика бозорига кириб келган эди.

Икки ёқлама шартномага биноан мазкур ширкат Тожикистондаги нефт ва газ заҳираларини аниқлаш ҳамда ўзлаштириш ишларига тахминан 500 миллион доллар сармоя ётқизади, шундан сўнг Тожикистон билан янги шартнома имзоланади.

Тожикистонлик айрим геологларга кўра, россиялик геологлар Тожикистонда нефт ва газ заҳиралари мавжудлигидан аввалдан хабардор бўлганлар. Бироқ ўша замон технологияси бўйича бу заҳираларни аниқлаб, ўзлаштириш учун жуда катта молиявий харажатлар зарур бўлган. Эндиликда Россия ширкати замонавий технология асосида газ ва нефт заҳираларини ўзлаштирмоқчи.

Айни пайтда Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкати Шоҳамбари ва Сариқамиш ҳудудларидан ташқари Тожикистоннинг Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегара ҳудудларида ҳам табиий газ заҳиралари мавжудлигини айтмоқдалар. Улар тахминларига кўра, бу ҳудудлардаги табиий газ заҳиралари миқдори 800 миллиард куб/метрни ташкил этади.

- Албатта¸ бу унчалик катта заҳира саналмайди, аммо агар биз бу конларнинг ҳеч бўлмаганда биттасини ўзлаштирсак, йиллик эҳтиёжимизни қондириш ортидан қўшнимиз Ўзбекистондан олаётган 600 миллион куб метр табиий газга эҳтиёжимиз қолмайди, дейди “Тожикгеология” бошқармаси расмийси Азим Иброҳим.

Расмийнинг таъкидича, айни пайтда Россиянинг “Газпром зарубежнефтгаз” ширкатидан ташқари республика ҳудудида АҚШнинг “Тетси Петролиум”, Сингапурнинг “Марвис”, Тожикистон ва Швециянинг “СомонОйл” ҳамда Тожикистон ва АҚШнинг “ТожАМ” ширкатлари ҳам газ ва нефт заҳиралари юзасидан қидирув ишлари олиб бормоқда экан.

“Тожиктрансгаз” ширкатининг расмий маълумотларига кўра, ҳозирда Тожикистон Ўзбекистондан соатига 25 минг куб метр табиий газ импорт қилмоқда.

2009 йил бошида Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида табиий газ экспортига доир имзоланган шартномага биноан табий газ ҳар куб метри 245 доллардан этиб белгиланган эди.

Айни пайтда иқтисодий муаммоларга эга бўлган Тожикистоннинг айрим саноат корхоналари фойдаланилган табиий газ пулини ўз вақтида тўлай олмай қолмоқда. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳам Тожикистонга узатилаётган табиий газ жўмрагини беркитиб қўймоқдаки, жорий йил бошидан шу кунга қадар бундай ҳолат бир неча марта қайд этилди.

Душанбенинг стратегик шериги сифатидан тан олинган Москва Тожикистонни ўзбек газига қарамликдан қутқариш ниятида унинг энергетик лойиҳаларига сармоя ётқизиш ваъдасини бериб келади. Бу ваъдалардан айримлари баъзан амалга ошса, аксар ҳолларда улар қуруқ ваъдалигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG