Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

Бағдодда юз киши ҳалок бўлди


25 октябр куни Ироқда содир этилган портлашларда Ироқ расмийлари Ал-Қоидани айбламоқдалар.
25 октябр куни Ироқда содир этилган портлашларда Ироқ расмийлари Ал-Қоидани айбламоқдалар.

Бағдод марказида содир этилган иккита кучли портлаш оқибатида салкам 100 киши нобуд бўлди. Ҳар иккала портлашда ҳукумат бинолари нишонга олинди.Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

25 октябр куни Бағдодда содир этилган портлашлар сўнгги ойлар давомида энг кўп талофот кўрилган ҳужумлардан бир бўлди.

Биринчи портлаш пойтахтдаги Адлия вазирлиги биноси олдида содир этилган. Орадан кўп ўтмай Бағдоддаги вилоят ҳокимлиги биноси ёнида иккинчи портлаш рўй берган.

Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги биносида шиалар уламоси Муҳаммад Содиқ ал-Садр хотирасига бағишлаб махсус тадбир ўтказилаётган маҳал портлаш содир этилган.

Ҳар иккала портлаш қурбонлари сони 100 кишига етиб қолди, яна шунча одам тан жароҳати олди.

Озодлик радиосининг Бағдоддаги мухбири Саад Комил гапиради:

-Портлашдан жиддий талофот кўрилди. Бир қанча одам ҳалок бўлди, бино ва атрофдаги машиналарга жиддий шикаст етказилди. Ҳокимият биносига ҳам шикаст етказилди, бинонинг олд қисми вайронага айланди. Портлаш рўй берган маҳал мен бино ичкарисида эдим,-деди Саад Комил.

Озодлик мухбирининг айтишича, портлаш оқибатида ҳокимият биносига яқин бўлган кўчада жойлашган бинолар ва йўл четида турган машиналар шикастланган. Саад Комилнинг ўзи ҳам шок ҳолатида маҳаллий шифохоналардан бирига ётқизилди.

Ироқлик журналист ҳокимият биносининг биринчи қаватида кўплаб жасадларни кўрганини айтади:

-Биз хотира тадбири ўтказилаётган бинонинг бешинчи қаватида эдик. Портлаш оқибатида биз бўлган хона шипи устимизга қулаб тушди. Зинада ва бинонинг қириш қисмида бўлганлар ҳалок бўлди, кўплаб одам жиддий тан жароҳати олди,-дейди Саад Комил.

Бундан икки ой муқаддам Бағдод марказида Ташқи ишлар ва Молия вазирлиги бинолари ҳам портлатиб юборилган эди. Бу портлашда ҳам салкам 100 киши нобуд бўлган.

Бағдоддаги портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ расмийлар бугунги зўравонликларда Ал-Қоида ва фаолияти таъқиқланган Баас партиясининг қўли борлигини таҳмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG