Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

ЕИ санкцияларни бутунлай бекор қилди


27 октябр куни Европа иттифоқи 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг сўнгги қисми -қурол-яроғ эмбаргосини ҳам бекор қилди.

Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг сешанба куни Люксембургда якунига етган навбатдаги учрашувида Ўзбекистонга нисбатан иттифоқ жазо чоралари тўлиғича олиб ташланди.

21 октябр куни Брюсселда учрашган ЕИ дипломатлари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ хавотирларга қарамай, Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган қурол эмбаргосини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди¸ 27 октябр куни Ташқи алоқалар кенгаши ана шу қарор устига якуний муҳр босди.

“Ўзбекистон расмийларини қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича янада жиддийроқ қадамлар қўйишга рағбатлантириш ва Ўзбекистон расмийлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни инобатга олган ҳолда, Европа Кенгаши 2008 йилдаги Кенгашнинг умумий позициясига биноан кучда қолган жазо чораларини янгиламасликка қарор қилди”, дейилади ЕИ га аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари тасдиқлаган резолюцияда.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан жиддий хавотирда қолаётган Европа иттифоқи бундай қарорни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш ва қонун устиворлигини таъминлашга Тошкент ҳукуматини рағбатлантириш мақсадида қабул қилингани билдирилган.

Айни пайтда¸ Европа иттифоқининг Ташқи алоқалар кенгаши олти банддан иборат ўз резолюциясида Ўзбекистон ҳукуматини қамоққа ташланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва виждон тутқунларини озод қилишга чақирган.

Резолюцияда шунингдек¸ расмий Тошкент халқаро ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистонда фаолият юритишига шартларсиз имкон яратиш, қийноқлар бўйича БМТ махсус вакили билан ҳамкорлик қилиш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги халқаро конвенция талабларини амалда бажаришга ҳам чақирилган.

Ўзбекистон ҳукумати сайловлар борасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш, хусусан 2009 йил 23 декабрида ўтказиладиган парламент сайловларининг демократик андозаларга мос бўлиши учун ЕХҲТнинг сайловлар бўйича идораси ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларини бажаришга чақирилган.

Ўтган йил давомида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистонда бир оз олдинга силжиш бўлгани қайд этилган Европа иттифоқининг Ташқи алоқалар кенгаши резолюциясида Тошкент ҳукумати ушбу жараённи давом эттиришга даъват қилинган.

Ҳужжатда Европа иттифоқи кенгашининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яқиндан¸ мунтазам равишда кузатиб бориши алоҳида таъкидланган.

Европа иттифоқи санкциялари 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеаларидан кейин жорий қилинган ва жазо чораларига қурол эмбаргосидан ташқари Андижонда тинч аҳолининг қирғин қилиниши учун масъул бўлган Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови ва Европа иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни тўхтатиш қарори ҳам қўшилган эди.

2006 йил кузида икки томон ўртасидаги сиёсий мулоқот тикланди ва 2007 йилнинг ёзига келиб виза чекловининг кучи аввал вақтинча тўхтатилди, кейин эса бутунлай олиб ташланди.

Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида қурол олди-сотдиси деярли йўқлиги инобатга олинса, 27 октябркуни бекор қилинган эмбарго рамзий характерга эга эди.Шундай бўлса-да¸ аксар халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари¸ рамзий бўлса-да¸ санкцияларнинг Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини сал бўлса-да яхшилашга ундовчи босим воситаси сифатида сақланиб қолишини талаб қилиб келаëтган эдилар.

Европа иттифоқининг Афғонистондаги ўз манфаатлари ва ëнилғи экспортчилари сафини кенгайтириш ниятида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни ривожлантираëтгани¸ ҳуқуқ фаоллари фикрича¸ мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада эътиборсиз қолишига олиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG