Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:09

Пъер Морел:"Бу қарор хато эмас!"


Санкцияларнинг ижобий самара бергани борасида¸ жаноб Морелнинг ишончи қатъий.
Санкцияларнинг ижобий самара бергани борасида¸ жаноб Морелнинг ишончи қатъий.

Европа иттифоқининг бундан тўрт йил аввал Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллашию¸ бугунга келиб уларни бекор қилишини шарҳлаган иттифоқнинг Марказий Осиë бўйича махсус вакили шундай ишончда.

Европа иттифоқига аъзо 27 давлат Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга нисбатан 2005 йил октябрида жорий қилинган жазо чораларини бутунлай бекор қилиш борасидаги резолюцияни қабул қилганидан саноқли дақиқалар ўтиб¸ ЕИ нинг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Пъер Морел Озодлик саволларига жавоб қайтарди.

Озодлик:
Жаноб Морел, санкциялар бошиданоқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига таъсир эта олмайдиган самарасиз ва заиф чора сифатида танқид қилиб келинди. 2005 йилдаги вазиятга қайтадиган бўлсак, санкцияларни жорий қилиш ғоясини қўллаб-қувватлармидингиз? Ёки санкицяларни қўллаш хато бўлганмиди?

- Бу жуда мушкул савол, чунки унда шартли фикрлар мавжуд. Бу жазо чоралари 2005 йилда, ўша пайтда рўй берган воқеалар муносабати билан жорий қилинган эди ва Европа иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги фаол жараёнларга олиб келди. Жазо чоралари заиф ёки заиф эмас, деган турли фикрларни айтишингиз мумкин, лекин санкциялар иттифоққа аъзо 27 давлат ва Европа тизимларининг жиддий воқеаларга нисбатан ўз умумий позицияси ифодаси бўлди.

Шу билан биргаликда жуда мураккаб масалаларда илгарилаш ҳам мақсад қилинган эди ва жуда кўп масалаларда илгариладик ҳам. Яна қайтараман, бу кимгадир ёқмаслиги мумкин, лекин резолюция матнини ўқиб кўринг, унда зикр қилинган масалаларни кўриб чиқинг. Булар шунчаки мужмал гаплар эмас. У ерда конкрет масалалар ҳақида гап боради ва бу масалаларни сиз билан очиқ муҳокама қилишга тайёрман. Демак, ҳозирги вазият иттифоққа аъзо 27 давлатнинг умумий иродасини ифода этади. Бу ирода Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан Европа иттифоқи ўртасида ўрнатилган изчил мулоқотнинг навбатдаги босқичи маҳсулидир. Саволингизга шундай жавоб бера оламан.

Озодлик: Демак, бу санкцияларни жорий қилиш хато бўлган, деб ҳисобламайсиз?

- Бу бутун Европа иттифоқининг Андижон воқеалари борасида хавотир билдириб, қабул қилган умумий қарори эди. Санкциялар баҳс қилиш мақсадида қабул қилинмади. Улар ижобий ўзгаришларга эришиш йўлини қидириш мақсадида қабул қилинди. Агар буни хато, деб ҳисоблаганимизда, бу йўналишда иш олиб борамаган бўлардик. Мендан гап олишга уринаётганингизни тушуниб турибман, лекин келинг инсон ҳуқуқлари фаолларининг озод қилиниши, Қизил хоч ва Қизил ярим ой ташкилотига турмаларни бориб кўриш имкониятининг қайтарилиши¸ ўлим жазосининг бекор қилиниши, қамоқлардаги шароитларнинг яхшиланиши, Ҳабеас корпуснинг жорий қилинишига билдирган қизиқишимиз ҳақида гаплашайлик. Болалар меҳнатига қарши конвенциянинг ратификация қилиниши ва унинг амалга оширилишини кутаётганимиз, қонун устуворлиги, адлия тизимига оид вазиятнинг яхшилангани ҳам ижобий натижалар эмасми? Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистон билан бошлаганимиз инсон ҳуқуқларига оид мулоқот ҳозир Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан олиб борилмоқда. Менинг жавобим шу.

Озодлик: Жаноб Морел, бу давр ичида озод этилган ҳуқуқ ҳимоячиларидан қамалганлари кўпроқ бўлди. Буни сиз яхши биласиз, албатта ва Европа кенгаши ҳам бу борада хавотирлар сақланиб қолаётганини айтиб келади. Бу вазиятда санкцияларни кучда қолдириш мақсадга мувофиқ эмасмиди?

- Тўғри, бу давр ичида озод қилинганлар ҳам бўлди, қамалганлар ҳам бўлди. Баъзи ҳолларда биз кутмаган одамлар ҳам озод қилинди ва бундан биз ўзимизнинг мамнунлигимизни билдирдик. Иккинчидан, агар санкциялар масаласи ҳақида қайта-қайта гапирадиган бўлсангиз, эслатиб қўймоқчиман, санкциялар у ёки бу одамнинг ҳибсга олингани муносабати билан эмас, конкрет воқеаларга, бундан тўрт йил аввал рўй берган Андижон воқеаларига жавобан жорий қилинган эди. Ўшанда бери вазиятни яхшилашга иложи борича ҳаракат қилдик. Албатта, баъзи масалалар хусусида келишмовчиликлар ва хавотирларимиз сақланиб қолмоқда. Лекин шу билан бирга, яна қайтараман, биз жуда кўп ишларни амалга оширдик. Шунинг учун бу қарор хато эмас, ўзаро ҳамкорлигимизни яхшилашга қаратилган самарали чора бўлганини айтишим мумкин.

Озодлик:
Европа иттифоқи қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилар экан, буни Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масаласида жиддий ислоҳотларни амалга оширишга рағбатлантириш мақсадида қилаётганини айтган. Сизнингча бу билан Ўзбекистон ҳукумати рағбатлантирилиб қоладими? Улар санкцияларни бекор қилиш эвазига ислоҳотлар ўтказишини айтганми?

- Биз ҳеч қандай савдо қилмаймиз. Бу масалада биз суверен давлат билан иш кўрмоқдамиз. Инсон ҳуқуқлари масаласида биз Хитой, Россия, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа кўплаб давлатлар билан мулоқот олиб борамиз. Бу танқидий руҳда олиб бориладиган самарали мулоқотлардир. Бу осон эмас. Бизнинг фикримизча, одамларнинг аҳволини яхшилаш учун аниқ режалаштирилган ҳамкорлик алоқаларига киришишимиз керак. Биз доимо ҳам натижалардан хурсанд бўлмаймиз. Агар аниқ натижаларга умид қилмаганимизда эди, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилмаган бўлардик. Биз содда ахмоқ эмасмиз ва қилаётган ишимиз аниқ мақсадларга эришишга қаратилган.

Озодлик: Халқаро Амнистия ташкилоти Европа иттифоқига аъзо давлатларни Ўзбекистон билан муносабат қилиш чоғида фақатгина миллий манфаатларга таянмасликка чақирмоқда. Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ва Европа иттифоқининг энергетик манфаатлари Андижонда адолат қарор топтириш масаласидан кўра устунроқ деб ҳисоблайсизми?

- Биз эълон қилган баёнотда хавфсизлик, ҳарбий ҳамкорлик ва энергетика масалалари тилга олинмаган-ку! Бошдан оёқ фақат инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирмаяпмизми? Биз учун инсон ҳуқуқлари устувор масаладир ва бугунги кунгача Марказий Осиё раҳбарлари олдига инсон ҳуқуқлари масаласини ҳеч ким биз каби қатъий бир тарзда қўймаган.

Энди сиз кўтараётган масалага келсак, хавфсизлик ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканимиз рост. Хавфсизлик соҳасида Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳам ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигимиз бор. Энергетикага келсак¸ Ўзбекистондан ёнилғи сотиб олаётганимиз йўқ. Айтмоқчиманки, Ўзбекистон билан муносабатларни белгилаб бераётган асосий омил бу эмас. Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасининг таркибий қисми ўлароқ ёндошмоқдамиз. Бу минтақага савдолашиш учун эмас, балки тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда ўз қадриятларимизни оммалаштириш учун кирмоқдамиз.

Озодлик: Жаноб Морел, Ўзбекистонга нисбатан санкцияларнинг бутунлай бекор қилиниши унга нисбатан босимнинг камайишини англатади. Бундай вазиятда Андижон воқеалари қайтарилмаслигига кафолат борми?

- Бунинг энг яхши кафолати бундай воқеаларга сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича иш олиб боришдир. Европа иттифоқи томонидан тўрт йил аввал қабул қилинган қарор ўшан даврдаги вазият тақазо қилган тезкор ёндашув эди.

Сизга бир нарсани эслатмоқчиман, бундан беш йил аввал Марказий Осиёнинг бирор давлати билан инсон ҳуқуқларига оид ҳеч қандай мулоқот бўлмаган. Энди эса, ўзаро келишмовчиликлар ва зиддиятларга сабаб бўлган бу чоралар натижасида минтақа давлатларининг ҳар бири билан инсон ҳуқуқларига оид мулоқот ўрнатилди. Бу мулоқот жиддий ва мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Биз махсус стратегия ишлаб чиқдик ва у юқори даражада маъқулланди. Ва бу стратегияни давом эттириш ниятидамиз, яъни санкциялар олиб ташланганидан кейин инсон ҳуқуқлари масаласида бўшлиқ яратиш ниятимиз йўқ. Бу стратегия Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга қаратилган бўлиб, ҳамкорларимиз ўлароқ, улардан ҳам муайян қадамлар қўйишларини кутамиз, чунки бизнинг ёндашувимиз ўзаро ҳамкорлигимиз узоқ муддатли бўлишига қаратилган. Биз учун бу стратегияда халқаро меъёрларга мос келувчи инсон ҳуқуқларига катта эътибор қаратилади. Биз бирор нарсани мажбурлаб ўтказмаймиз ва бу ўзаро ишончнинг яратилиши ва узоқ муддатли ҳамкорликка ҳисса қўшишади, деб ҳисоблаймиз.
XS
SM
MD
LG