Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:02

Ўзбекистон: жараён кузатилади


АҚШ расмийси Жорж Крол Вашингтон Ўзбекистондаги вазиятни диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.
АҚШ расмийси Жорж Крол Вашингтон Ўзбекистондаги вазиятни диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини ёрдамчиси Жорж Крол Остонaда қилган чиқишида расмий Вашингтон ўзбек ҳукуматининг ўз халқига бўлган муносабатини муттасил кузатиб боришини маълум қилди.

- АҚШ ҳукумати ҳудди Европа иттифоқи каби Ўзбекистондаги демократик жараённи диққат билан кузатиб бораяпти. Чунки демократия жамиятимизнинг асосий қадриятидир.

Барчамиз эркин яшаб, тараққий этишимиз учун маълум бир шарт-шароитга эга бўлишимиз даркор,- деди АҚШ расмийси Остонада қилган чиқиши давомида.

АҚШ расмийси Жорж Крол, Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан қурол эмбаргосини бекор қилганидан бир неча кун ўтгач, Қозоғистон пойтахтида чиқиш қилди.

Европа иттифоқи Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкцияларини шу йилнинг 27 октябрида, Европа давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда щтган навбатдаги йиғилишида бекор қилган эди.

Европа иттифоқининг бу қарори аксар халқаро кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидига учради.

Қозоғистонлик сиёсатшунослар фикрича, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини ёрдамчиси Жорж Крол ўз нутқи билан расмий Вашингтон позициясини очиқлаган.

- Америкадаги демкоратик қадриятларни ўзида мужассам этган жуда кўп ташкилотлар, одамлар, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа давлатларида содир бўлаётган жараёнлардан норозидирлар.

Аммо АҚШ ўзининг Марказий Осиёдаги таъсирини сақлаб қолиши керак. Шунинг учун у ҳудди Европа иттифоқи каби минтақа давлатлари ҳукуматлари билан муроса қилишга мажбур.

Шунга қарамай, Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкцияларини бекор қилганидан сўнг, АҚШ ўзининг демократик авторитетини сақлаб қолиш учун, инсон ҳуқуқларининг ёмонлашувига йўл қўймаслигини билдириш мақсадида ўз расмийси орқали ўз позициясини очиқлади,- дейди қозоғистонлик сиёсатчи Эдуард Полетаев.

Қозоқ мухолифатининг хориждаги бюроси раҳбари Серик Медетбеков АҚШ расмийсининг минтақадаги инсон ҳуқуқлари ва демократик жараёнлар Вашингтон томонидан яқиндан кузатиб борилиши ҳақидаги чиқишига қарамай, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда паймол қилиниши давом этиши ҳақида гапирди:

- Ҳозирги кунда, афсуски, Ғарб давлатларини кўпроқ энергетик муаммолар безовта қилаяпти. Шу боис Ғарб энергетика эвазига инсон ҳуқуқлари, жумладан, Андижон воқеаларига кўз юмиши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу муаммога эътибор қаратиш ва уни ҳал қилишга бўлган интилишлари самара бермайди.

Ҳозир Қозоғистон ядро ёнилғисини ишлаб чиқиш бўйича дунёда биринчи ўринга чиқмоқда. Бу масалани ҳам четлаб бўлмайди. У нафақат қозоғистонликлар, балки бутун минтақага катта зарар етказади. Энди Марказий Осиё давлатларидаги авторитар режимлар ҳозир Ғарбдан нимани сўрасалар, Ғарб шуни тақдим этишга тайёр,- дейди Серик Медетбеков.

Аммо ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарход Толипов бу каби фикрларга қўшилмаслигини айтади. Сиёсатшуносга кўра, Ғарб учун инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларга амал қилиш ҳамиша устивор масалалардан бири бўлиб келган.

- Ҳеч қачон Ғарб давлатлари Марказий Осиё энергоресурсларига тобе бўлиб қолмаган. Энергоресусрларни бошқа минтақалардан ҳам импорт қилиб ўз эҳтиёжларини қондириб келган. Мустақилликдан 18 йил ўтибдики, Марказий Осиё давлатлари ўз нефтини, газини бевосита Ғарб томон экспорт қилгани йўқ. Мустақил Россия ҳудудини четлаб ўтиб у ерга энергоресурслар юборилгани йўқ.

Санкциялар жорий этилган пайтда Европа билмаганмиди, Марказий Осиёда энергозаҳиралар борлигини ва ўшанда ҳам муҳтож бўлмаганмиди? Аммо санкцияларни жорий этди-ку. Европа қанчалик энергоресурсларга муҳтож бўлмасин, унинг ташқи сиёсати маълум бир тамойил, принцип ва қадриятларга асосланган,- дейди Фарҳод Толипов.
XS
SM
MD
LG